Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Миноралар – шаҳримиз кўрки

Бир вақтлар Улуғбек мадрасасининг тўрт бурчагида тўрт минора қад кўтариб турарди. Гўри Амир мақбарасида иккита, Бибихоним масжидида тўртта минора бўлган. Улардан кўплари ҳозир йўқ, бу миноралар ҳақида тарих саҳифаларидагина чала – ярим маълумотлар қолган.

Бундан юз йил олдин Улуғбек мадрасасининг бир минораси (ҳозирги Айний музейи томонидагиси) йиқилган. Гўри Амир мақбарасидаги миноралардан биттаси 1868 йили, иккинчиси 1903 йили қулаган. Маълумки, Бибихоним масжидининг узунлиги 167, эни 109 метр бўлган. Тўрт бурчагидаги миноралар унга ниҳоятда ярашиб турган.1897 йилгача уларнинг фақат биттаси сақланган, у ҳам зилзилага оғиб кетган. Профессор М.Е.Массоннинг ёзишича, Самарқанднинг ўша пайтдаги архитектори Неллининг буйруғи билан миноранинг юқори қисми олиб ташланган. Ҳозир ҳашаматли миноранинг 18 метри омон қолди. У ҳам қийшайиб йиқилай деб турибди.
Бундай миноранинг қаддини ростлаб бўладими? Бўлади,1918 йил кузида Улуғбек мадрасасининг ўнгдаги минораси оға бошлаган эди. 1920 йилда у салкам икки метрга қийшайди. Тарихий ёдгорликларни сақлаш комиссияси шошилинч тадбир излади. Мадраса ҳовлисига узун - узун пўлат қозиқлар қоқилди, 24 та пўлат сим билан минора шу қозиқларга тортиб қўйилди. Миноранинг оғиши сусайди, пўлат симлар таранг тортилгач эса тўхтади. 1932 йилгача минора шу аҳволга турди. Бу даврда бетўхтов ҳисоб- китоб олиб борилди. Шаҳар архитектори М. Мауэр минорани тўғрилаш лойиҳасини ишлаб чиқди ва комиссияга тақдим этди. Лойиҳа бундай эди: минора сиртига бир неча пўлат сим солиниб, қозиқларга боғланди. Сўнг симлар аста секин айлантириб таранг тортилади ва бора - бора минора қаддини ростлайди. Бу лойиҳанинг бир неча камчилиги бор эди: минора тортилганда бир неча юз тонналик куч ҳосил бўлади. Натижада унинг сим солинган жойлари эзилиб кетиши ва бутун иш чиппакка чиқиши мумкин эди. Шу сабабли лойиҳани комиссия қабул қилмади. Кўп ўтмай москвалик инженер В.Шухов Мауэр тузган лойиҳа бир оз ўзгартирилса, минорани тўғрилаш мумкинлигини айтди. Бунинг учун миноранинг ҳамма томони махсус ҳавоза билан мустаҳкамланиши керак эди. Минора шу усул билан тортилганда куч текис ёйилади, натижада унга зиён етмайди.
Хуллас, В.Шуховнинг таклифи бўйича Улуғбек мадрасасининг кўркам бир қисми асл ҳолига қайтарилди.
1965 йили жаҳон реставрация илмида катта янгилик бўлди. Улуғбек мадрасасининг иккинчи минораси пневматик домкратлар ёрдамида кўтариб тўғрилаб қўйилди. У икки метрга оғиб кетган эди. Миноранинг оғирлиги 1000 тонна эканлигини ҳисобга олсангиз, нечоғли зўр иш қилинганлигини биласиз, Бу мислсиз тажрибага техника фанлари кандидати Э.Гандель раҳбарлик қилди.
Ҳозир Бибихоним масжидининг ва Улуғбек мадрасасининг шимоли ғарбий минораси шаҳримиз чиройини очмоқда.

МеҲрангиз тайёрлади.


Дата добавления: 19/10/2018 15:30;   Просмотров: 1218
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку