Ватанпарварлик ҳисси киши қалбининг чўғи, чироғи бўлмоғи даркор, ёшлар қалбида бундай тафт - ҳароратни пайдо қилиш жуда муҳим. Яқинда 38-умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Републикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ва ватанпарварлик ойлиги муносабати билан "Мен албатта ҳарбий бўламан" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Юқори синф ўқувчилари иштирокидаги тадбирда туман мудофаа ишлари бўлими ходими истеъфодаги майор Шуҳрат Усмонов ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигининг барқарор ривожланиши ҳамда халқимиз тинчлигини янада ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритар экан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш зарурлигини уқдирди. Тадбир сўнгида мактаб ўқувчилари томонидан Ватан ва ватанпарварлик мавзусидаги шеър ва қўшиқлар ижро этилди.
Худди шундай Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан "Ватанпарварлик ойлиги муносабати билан Гулобод ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежида ҳам "Ватан - муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" шиори остида бўлиб ўтди.
"Ватанпарвар" ташкилоти "Ўрташиқ" ўқув спорт техника клуби, Самарқанд бирлашган техника мактаби ва 13060 ҳарбий қисм ҳарбийлари томонидан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида қўлга киритилган ютуқлар, шунингдек, армиядаги ҳарбий хизматнинг нуфузини янада ошириш ҳақида сўз юритдилар.
Тадбирда Самарқанд бирлашган техника мактаби бошлиғининг маънавият, ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи ва ташкилий оммавий ишлар бўйича ўринбосари Ф.Ҳамидов "Мард ўғлонлар номи барҳаёт" номли китобда номлари келтирилган юртдошларимиз, Ватан йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар, божхона ва ички ишлар идораларининг мард ва жасур ўғлонлари кўрсатган жасоратлари ҳақида сўзлаб берди.
Шундан сўнг, 13060 ҳарбий қисм аскарлари томонидан капитан З.Тоиров бошчилигида кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Х.ЗОҲИДОВ, 38-ўрта умумтаълим мактаб директори ўринбосари, захирадаги подполковник
Д.ТОШБЕКОВ,
"Ватанпарвар" ташкилоти
вилоят кенгаши бош мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.