Ҳиндистон!.. - Болалик оламини ўзининг бадиий фильмлари, ундаги дилтортар манзаралари билан асир этган диёр!
Шу жозиба мени шарқшунослик куллиёти сари етаклаган эди. Аммо тақдир тақозоси экан, болалик орзулари ўша чоғда ушалмади...
Жорий йилнинг октябрь ойида Ҳиндистоннинг Индор шаҳрида ўтказилган Жаҳон ёзувчиларининг 12-халқаро-қитъалараро конгресс-фестивалига қатнашадиган бўлдим. Сафар тайёргарлиги жараёнида делегацияга қўшилган ижодкорларнинг шеърларидан инглиз ва ҳинд тилларига таржима қилиниб, китоб ҳолига келтирилиши, "Ҳиндистон" журналига чиқиши назарга тутилди ҳамда шу ишлар ўз вақтида амалга ошди.
Делегация аъзолари 21 октябрь куни Тошкентдан Ҳиндистон сари "Боинг" самолётида 1265 км масофадаги ҳаво йўлини 2,5 соат давомида босиб ўтди. Парвозимиз ниҳоясига етиб, Деҳли шаҳрининг Индира Ганди номидаги халқаро аэропортига қўндик. Ҳаво 34 даража иссиқ. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, белгиланган меҳмонхонага жойлашдик.
Эртаси куни Деҳли шаҳрининг бир неча диққатга сазовор тарихий жойларини кўриб, ҳинд халқи ҳаёти билан танишдик. Йўлларда транспорт ҳаракати чап томондан бўлиб, улар велосипед, мотоцикл, юк машиналари, такси, автобуслар билан тирбанд ва турли оҳангдаги сигнал садоларидан қулоқ қоматга келади. Ҳайдовчиларнинг уловни эпчил бошқаришидан ҳам ҳайрон, ҳам қойил қолдик.
Шаҳар қийғос очилган гул, бута, дарахтларга бурканган. Атрофи панжараланган боғлар табиий ёввойи ўрмонларга айланган. Дарахтлар кексайиб, буталаб кетган шохлари синиб ётгани кўзга ташланади. Қизиқ, қуриган дарахтлар нега олиб ташланмайди? Айрим қуриган дарахтларнинг рўйхатга олинганини уларга рақам ёзиб қўйилганидан билиш мумкин. Ҳар замонда дарахтларда сакраб юрган маймунчалар кўзга ташланади. Агра шаҳрида эса, улар одамларга қўшилиб расмга тушишга ўрганган.
Аҳён-аҳёнда ҳиндуларга муқаддас саналган сигирлар шаҳар кўчаларига эркин юрганини кўрасиз. Аммо экин экилган қишлоқ жойлари бундан мустасно. Улар боғловли.
Шаҳарда учиб-қўниб юрган учқур қанотли қушлар - каптар, қарға кабилар галаси сон-саноқсиз. Айрим жойларда уларга дон-дун сепиб қўйилган. Улар одамдан деярли чўчимайди. Бироқ асл ватани Ҳиндистон бўлган майна қушлари юртимиздагидан анча кам.
Шаҳар бизнинг кўча-хиёбонларга қараганда бирмунча ифлос. Халқ ўз тирикчилиги билан овора. Кўпчилик тижорат, кичик бизнес-тадбиркорлик билан банд. Йўлларнинг четида бемалол ётган кишиларни учратиш мумкин. Одамлар табиатан жуда ҳушёр. Халқнинг юриш-туришида ортиқча асабийлик, шовқин-суронни кўрмайсиз. Кўп миллатли Ҳиндистон халқининг аҳил-иноқ яшаётгани яққол сезилади.
Ҳиндистоннинг рамзий дарвозаси, Ҳумоюнга қўйилган ёдгорликлар зиёратидан сўнг ҳаво йўли 700 км бўлган Индор шаҳрига учдик.
23 октябрь куни меҳмонхонамизга яқин жойлашган Индор шаҳрининг коллежида Жаҳон шоирлари 12-халқаро-қитъалараро конгресс-фестивали ўз фаолиятини бошлади. Бизни хуш кайфият, илиқ чеҳра билан Ҳиндистоннинг машҳур ижодкори, таржимон, анжуман директори, ПССН Едитори жаноб Дев Бҳардваж, Индор коллежи директори доктор Амид Давит, Ҳиндистон Ёзувчилар конгрессидан Панкаж Вармал, Калкутта университети профессори Парамита Мукерджи Миллиск, Панжоб штатида яшовчи шоира, санъаткор, шеърлари дунёнинг кўплаб мамлакатларининг адабий журнал ва антологияларидан ўрин олган Манжит Индира каби буюк инсонлар кутиб олишди.
Ўша куни кечгача жаҳон адабиёти ва унга муносиб ҳисса қўшаётганлар тўғрисида маъруза, шеърхонлик, қўшиқ садолари жаранглади. Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Канада, Аргентина, Эрон, Тайланд, Филиппин ижодкорлари мушоираси давом этди.
Бир нарсага жудаям ҳавасим келди: Ҳиндистон халқининг кўпчилиги ва анжуманга келган ижодкорларнинг аксарияти инглиз тилида бемалол суҳбатлаша олишади. Юртбошимиз бекорга болаларни мурғаклигидан инглиз тилига ўқитишни жорий этиш керак демаган эканлар-да, деган хулосага келдим ва набира-абираларим, умуман, барча болажонларга таъкидлаб айтгим келди: "Жаҳонга қадам босаман деган инсон, албатта, инглиз тилини иккинчи, учинчи она тилидек билиши керак!!!"
Ўзбекистонлик шоирларнинг анжуманда мушоирага чиқиши 24 октябрь кунига тўғри келди. Шунда мени бир хавотир саросимага солди: "Ўзбек тилида сўзлаш, шеър ўқиш тилимизни билмайдиганларга қандай таассурот қолдиради? Бунинг олдини олиш керак." Интилганга - толе ёр. Делегациямиз раҳбари, шеърларимиз таржимони Асрор Аллаёровдан "Ўзбекистоннинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридан алангали салом!" деган дил сўзларимни инглиз тилига ўгириб беришини илтимос қилдим. У фикримни маъқуллаб, айтмоқчи бўлган гапимни ўзбек тилига ўгириб берди.
Минбарга чиқишга навбатим келганда дилегациямиз аъзоси, қашқадарёлик шоир ва инглиз тили ўқитувчиси Ўроқ Равшановдан ёнимда туриб, "Келажак" ("Ғuture") номли шеъримни инглизча таржимада ўқиб беришини сўрадим. ўйлаганимдек, чиқишим йиғилганларга яхши таассурот қолдирди. Мени ҳаяжонга солган ҳаётимдаги яна бир тарихий воқеа шу бўлдики, Конгресс қатнашчиларини тақдирлаш маросимида шеърларим моҳиятидан келиб чиқиб, "Адабиёт нури" номли мукофот билан тақдирландим.
Шу ўринда ҳинд таомлари ҳақида икки оғиз гап айтмоқчиман. Асосий ввқати бизнинг ўртача катталикдаги лаганимизга ўхшаш япалоқ идишга солинган озроқ гурунч, қайнатиб пиширилган нўхат, бўлаклаб кесилган бодринг, помидор, пиёз, редискадан иборат ва қозонда пиширилган чалпак, ширинлик кабилар алоҳида берилади. Деярли барча таом тунд, гўштсиз. Гўшт маҳсулоти кам ишлатилади. У ҳам бўлса, товуқ ва балиқдан тайёрланган овқатлар. Овқатланиш тартиби бизда бошқача бўлгани учун, сафаримизнинг охирги кунларида дидимизга мос овқат тополмай, оч юрган вақтлар ҳам бўлди.
Энди кўздан кечирган баъзи санъат асарлари, тарихий обидалар борасида тўхталай. Деҳлида Акшардам мўъжизавий санъат томошагоҳи жуда кенг ҳудудни қамраб олган. Бинога кирувчи сайёҳлар санъат кошонаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ғоят синчковлик билан назоратдан ўтказилади.
Унда томошабинларга ҳинд халқининг тарихи алоҳида-алоҳида биноларда театрлаштирилган саҳналар орқали, ҳинд халқининг пешвоси ҳаёти тахминан минг киши сиғадиган кино залида панорама фильми кўринишида; турли соҳа вакиллари, санъат, ҳунармандчилик намуналарини қайиқ ичида сузиб томоша қиладиган ясама дарёча, кўргазма, планетарийда маза қилиб маънавий озиқ оласиз.
Сўнгра кечки пайтга мўлжалланган очиқ майдонда ранг-баранг нурлар орқали девор-экранларда ҳинд мифологик қаҳрамонларининг кураш тасвири намойиш этилганда, ўзимизни даҳшатли-ҳайратланарли воқеалар ичида кезиб юргандай ҳис қилдик. Бундай мўъжизавий манзарани тасвирлаш қийин, уни фақат томоша қилиб, билса бўлади.
Албатта Ҳиндистонга сафар қилган киши ва айниқса Ўзбекистондан борганлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур сулоласининг ҳаётига боғлиқ муқаддас обида, зиёратгоҳларни кўришни жон-дилидан орзиқиб истайди. Делегациямиз ҳам Агра ҳудудида руҳи поклари қўним топган Акбаршоҳга тегишли ёдгорлик-музей ҳамда етти мўъжизанинг бири, деб дунёда тан олинган Тожмаҳал, унда Шоҳжаҳон, Мумтозбегим қабрларини зиёрат қилиб, олам-олам таассурот-ҳаяжонларга эга бўлди.
Ҳиндистонда ўтказилган Жаҳон шоирларининг 12-халқаро қитъалараро конгресси баҳонасидаги сафаримиз ниҳоят якун топиб, 29 октябрь куни она Ўзбекистонимизга қайтдик.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳиндистонга бориш орзуси кексалик ёшимда амалга ошган бўлса-да, бундай тақдир тақозосидан мингдан-минг розиман ва тумандошларимга шундай сафарларда бўлишни тилаб қоламан.
Раҳимжон НАИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.