Янги ўқув йили бошланиши билан ота-оналарнинг яна бир ташвиши кўпаяди. Улар ўз фарзандларини билим даргоҳига жўнатиб "илоҳо йўллари бехатар бўлсин!" деб дуо қилишади. Чунки барча кўчаларимизда ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигига аҳамият берилмаган.
Тўғри, Ўрташайх қишлоғидаги 16-сон ўрта мактаб олдидаги катта кўчада жамоатчилик талаб-истаклари билан светофор ўрнатилди. 10-сон ўрта мактаб маъмуриятининг аризасига мувофиқ йўл кесимида навбатчилик ташкил қилинди. Таъкидлаш лозимки, ҳамма жойда ҳам бундай хайрли ишга амал қилиняпти деб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 августдаги қарори билан ўқув йили давомида мактабга туташ ва яқин бўлган йўлларга йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари ходимлари жойлаштирилди. Мазкур қарорга кўра, мактаб ўқувчиларининг йўлни кесиб ўтишда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида "Маҳалла посбони", ҳарбий тайёргарлик фани ўқитувчилари ва Ёшлар иттифоқи етакчиларидан навбатчиликни ташкил этиш белгиланган. Бироқ, икки сменада дарс ўтаётган 52-умумтаълим мактаб олдидаги аҳвол ҳар бир ота-онани ташвишга солмоқда. Туман марказига олиб борувчи серқатнов йўлда "Диққат, болалар!" огоҳлантирувчи йўл белгисидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Афсуски, бу белги болалар хавфсизлигини таъминлашда ҳеч қандай кафолат бўлаолмайди. Чунки, айрим "учар" ҳайдовчилар бу ердан автоуловларини 100-120 км/с тезликда ҳайдаб ўтмоқда. Шунинг учун йўлнинг мактаб олдидан ўтувчи қисмига видеокузатув камералари ўрнатилса, лоақал ҳайдовчининг ҳушёрликка диққатини оширган бўлар эди.
Ачинарлиси, бундай ҳолатларни бошқа мактаблар ҳудудида ҳам кузатиш мумкин.
Ушбу муаммо ўз ечимини топиши зарур, чунки, йўлдаги нохуш ҳолатларнинг олдини олишга фақатгина ота-оналар, мактаб жамоатчилиги эмас, шунингдек, йўл-патруль хизмати ва бошқа ташкилотлар ҳам масъул ва жавобгардирлар.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.