Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАДАНИЯТИМИЗГА ЗИД ЗАМОНАВИЙ ОДАТЛАР

қачон барҳам топади?

Тушлик вақти дугонам Малика билан кафеларнинг бирида учрашишга келишиб олдик. Айтилган вақтдан эртароқ бориб қолганим учун кафеда ўтириб унинг келишини кута бошладим. Бир маҳал мендан сал наридаги столда ўтирган икки қизга кўзим тушди. Баланд овозда гаплашаётган қизлар суҳбатга берилиб, ён-атрофидаги одамлар ҳақида бутунлай унутиб қўйишганди. Улардан бири: "Love history (севги таърихи), Vals, торт кесиш, ширинликхўрлик маросимларисиз ўтадиган никоҳ тўйи тўйми? Бунақанги тўйнинг наҳорги ошдан нима фарқи қолади", деса ёнидаги дугонаси ҳам "Ҳа, рост айтасан, ахир энг қизиқ, эсда қоладиган жойи ҳам шунда-ку", деб тасдиқлаб қўйди...
Қайсидир маънода улар айтган гапда жон бор, ҳақиқатан ҳам никоҳ тўйларимизнинг энг кульминацион нуқтаси ҳам мана шу одатларнинг бажарилишига боғлиқ бўлиб қолган. Ҳаттоки бугунга келиб бу каби замонавий расм-русумларнинг бажарилиши энди аввалгидек одамларни ажаблантирмай қўйди, аксинча бунга кўникиб ҳам қолдик.
Афсуслар бўлсинки, балоғатга етган ўғил-қизларимиз, янги ҳаёт остонасида турган, турмуш қураётган келин-куёвларнинг кўпчилиги худди шу фикрда. Уларнинг истаги тўйлари чиройли базмгоҳда, шундай дабдаба билан ўтсинки, ташриф буюрган меҳмонларнинг оғзида "дув-дув" гап бўлиб "ўзиям тўймисан тўй бўлди барчаси рисоладагидек, худди чет эл киноларини эслатди-я, дилимиз яйраб, мазза қилиб рақсга тушдик" каби ҳавас уйғотиб юборадиган даражадаги унутилмас кун сифатида таассурот қолдириш. Гарчи бу шарқона тўйлар учун зид, ғарб маданиятига хос одатлар бўлсада, баъзи бировлар бу каби кўр кўрона тақлидни ўзларича замонавийлик деб тушунишга уринишмоқда. Ҳатто, ғурурланишади ҳам. Ўзбекона ҳаё-ибо, чегарасини сақлаб қололмаган келин-куёвнинг яшил майса устида ётиб, суратга тушишлари, бир-бирининг пинжига кириб олган фотосессияларини кўрганда кимдир "бу нимаси" деб энсаси қотса, яна кимлардир "ахир бу романтика" деганча мақтаб қўяди. Хўш, ўзбек маданиятидан жаҳон халқлари андоза олаётган бир даврда миллийлигимизга путур етказаётган бу каби одатларга барҳам бериш ўрнига аксинча йилдан-йилга янгидан янги "топилмаларни" тўйларимизга татбиқ этиш анъана тусига кириб қолишига йўл қўяётганлигимиз қанчалик тўғри? Наҳотки ким кимга нима учун ҳавас қилиши кераклигини унутиб қўяётган бўлса...?

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 20/04/2018 14:41;   Просмотров: 1277
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку