Оила-муқаддас кўрғон. Уни ҳар томонлама асраш, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ҳаётий зарурат бўлиб, мамлакатимизда бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Президентимиз жорий йил 11 октябрда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Саммитидаги чиқишида бугунги глобаллашув жараёни шароитида долзарб масалалар қаторида оилаларни мустаҳкамлаш, бунда айниқса, ўсиб келаётган авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида тўхталди. Бунга қатъий амал қилаётган маҳалламиз фаоллари оилалар фаровонлигини ошириш, тотувликни қарор топиши учун бор маҳоратларини ишга солмоқдалар.
Гапнинг тўғрисини айтганда, миллий қадриятлар, анъаналар ва ҳар бир халқнинг ўзига хос бўлган удумларини авлоддан-авлодга етиб келишига, уларнинг қадр топишига жонбозлик қилувчи инсонлар-қайноналардир. Оиланинг саранжом-саришталиги, фарзандлар тарбияси, борингки, оила муҳитини ўз меъёрида сақловчи ҳам қайноналардир. Шунинг учун уларнинг ҳурматини жойига қўйиш келинлар-куёвлар зиммасидаги бурчдир.
Халқимиз “Қариси бор уйнинг париси бор” дейди. Дарҳақиқат, қариси бор уйда ўзгача файз, шукуҳ, кўнгил ғуборини ёзадиган, юрагингда ғашлик пайдо бўлган пайтда уни меҳри билан ювадиган мўъжиза бўлади. Зеро, қариялар меҳр-мурувват тимсолидир.Маҳалламизда “Қайноналар” Кенгаши ташкил этилган бўлиб, унга кўпни кўрган, фарзандларини эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаган онахонлар жалб этилган. Улар орасида анча йиллар тиббиёт, халқ таълими, мактабгача тарбия соҳаларида ишлаб, эл-юрт ҳурматини қозонганлар бор. Кенгаш аъзолари нотинч оилаларда бўлиб тарғибот ишларини ташкил этишади. Оила аъзоларини яраштириб, аҳиллик, иноқлик билан иш тутишга чақиришади. Буларнинг натижасида нотинч оилалар камайди, ҳамма бир ота-она фарзандларидек ҳаёт кечираяпти.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, Кенгаш аъзолари “Яраштириш”, “Ота-оналар университети” доимий комиссиялар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, доимо муваффақиятлар соҳиби бўлмоқдалар. Хуллас, Кенгашнинг Зулфия Ахтамова, Жамила Намозова, Зулфия Обидова, Қумри Орипова, Собира Насриддинова, Шарофат Ғаниева, Муҳиба Бозорова, Меҳри Эргашева, Дилором Ғайбуллоева, Мушарраф Мухаммадиева ва бошқа фидойи онахонлари ўзларининг беминнат хизматлари, панд-насиҳатлари билан оилалар фаровонлигига эришмоқдалар. Юзидан нур, қалбидан шуур, нигоҳидан зиё, кўзларидан меҳр таралиб турган бу онахонлардан ҳамма хурсанд.
Каромат РАХИМОВА,
Конигил маҳалласининг диний маърифат ва маънавий - ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.