Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КИТОБХОН РАҲБАРНИНГ МАЪНАВИЙ ҚИЁФАСИ

"Қачонки ташқимизда шариат, ичимизда маърифат зоҳир бўлгандагина ишимизда ҳақиқат бўлади", деган ибратли сўзлар ҳар доим шууримда сақланади. Ҳақиқатан ҳам инсоннинг шариатсиз, маърифатсиз маънавияти анча қашшоқлашиб қолади, уларсиз яшай олмайди. Унда бу хислатлар, албатта, китобга бўлган меҳр, доимий мутолаа орқали пайдо бўлади. Китоб орқали киши маърифатли бўлади, ҳалолликка интилади, адолатли иш юритади. Ҳалол инсон бировнинг ҳақини ўзлаштиришдан ўзини тияди, юртига, ҳамкасбига ва дўстига хиёнат қилмайди. Вақтини, пулини беҳуда нарсаларга сарфлашдан тийилади. Энг муҳими, ҳар бир луқмасини ҳалоллаб топади. Кўряпсизми, бу мўъжаз ҳақиқатнинг барчаси китоб орқали. Пайғамбарларга ҳам бежиз КИТОБ нозил бўлмаган"...

Бу Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг вилоят бош бошқармаси бошлиғи Қаюм Собировнинг фикрлари. Очиғи, Қ. Собиров раҳбарлигида амалга оширилаётган хайрли ишлар, айниқса, унинг ўзи ўқиган Ургут туманидаги 41-умумтаълим мактабига банк ходимлари, самарқандлик олимлар билан биргаликда тез-тез бориб туриши эътиборимни тортиб, шу инсон билан, албатта, самимий суҳбатлашиш истаги пайдо бўлганди.
- Қаюм Ҳамроевич, суҳбатимизни бошқарма ташаббуси билан амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар, хусусан, Сизнинг мактабларга ташрифларингиздан бошласак, нима дейсиз?
- Мактаб мен учун ҳаётимдаги чароғон даврларни бошлаб берган, қалбимга эзгу орзу-мақсадларни тугиб, ишонч билан ҳаракат қилишга ундаган энг қадрли маскандир. Менга таълим-тарбия берган устозларимни доим ёдга оламан, чексиз қадрлайман. Шу билан бирга, қишлоқдошларим, уларнинг фарзандлари доим мен учун қадрли. Уларнинг маърифатли бўлиши учун озгина бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшишга интиламан. Шу боис ўзим таълим-тарбия олган 41-умумтаълим мактабига, қолаверса, унга яқин 108-умумтаълим мактабига ҳам ходимларимиз билан биргаликда совғалар - китоблар олиб, тез-тез, асосан, муҳим саналар, шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоат арбобларининг таваллуд топган кунларида бориб турамиз. Бунда фақат ўзимиз эмас, албатта, турли соҳаларнинг етук мутахассислари, тарихчи, адабиётшунос ва тилшунос олимлар билан биргаликда ташриф буюрамиз. Ўқитувчилар куни, Конституция, Халқаро она тили кунлари, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимизнинг таваллуд топган кунлари муносабати билан ташкил этилган тадбирларда бизга ҳамроҳ бўлиб борган устозлар ўқувчиларга адабиётларда бўлмаган, ҳали ҳеч қаерда айтилмаган янги маълумотлар беришади. Болалар олимлар билан ҳамсуҳбат бўлганидан кўнгли ғурурга тўлади, чуқур билимга эга бўлишади. Энг муҳими, уларда илм олишга иштиёқ, интилиш пайдо бўлади. Ушбу тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчиларга танлов асосида, албатта, китоб совға қиламиз. Ҳар сафар ана шундай тадбирларга элликтача китоб олиб борамиз ва ўн-ўн бештаси ўқувчиларга, қолгани мактаб кутубхонасига совға қилинади. Эътибор беринг, биз нега ўқувчиларга доим китоб совға қиламиз? Чунки у китоб ҳеч қачон ўқилмасдан бир жойда қолиб кетмайди. Бола китобни уйига олиб боради. Уни агар ўзи ўқимаса акаси ё опаси, бўлмаса синглиси ўқийди. Ҳеч бўлмаса, ота-онаси биз совға қилган китобни бир варақлайди-ку. Шу орқали бир оилага китоб орқали маънавият, маърифат кириб боряпти. Мактабга ташрифларимиз ана шундай омиллар билан боғлиқ.
- Қабулхонага кираверишда чап тарафдаги хона пештоқидаги "Кутубхона" ёзувига кўзим тушди...
- Ҳа, бошқармамизнинг мўъжаз кутубхонасини ташкил қилганимизга анча бўлди. У ерда уч мингга яқин соҳамизга оид, шунингдек, бадиий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар, жаҳон ва ўзбек адабиёти намояндаларининг асарлари жамланган. Ходимларимиз ўртасида китобхонлик маданияти шаклланган. Китоб инсон қалбини маънавиятга, маърифатга тўлдиради. Маърифатли инсон ҳалол яшашга, адолат нуқтаи назаридан иш юритишга одатланади. Бизнинг соҳамизда, айниқса, бу жуда муҳим. Ходимларимиз ўртасида мутолаа қилган китоблари бўйича баҳс-мунозаралар бўлиб туради. Энг яхши китобхон ходимлар рағбатлантирилади. Кутубхона эшиги ҳар доим очиқ. Истаган пайтимиз кириб, зарур адабиётни олиб фойдаланамиз, китобларни олиб ўқиймиз. Яқинда кутубхонага масъул ходимамиз баъзи китоблар йўқолаётганини айтиб қолди. Хурсанд бўлдим, китоб йўқолибдими, кимдир қизиқиб уни олиб ўқияпти-да. Пул йўқолмаяпти-ку (кулади)...
Йигирмадан ортиқ маънавий-маърифий, ижтимоий ва сиёсий ҳамда соҳамизга доир газета, журналларга обуна бўлганмиз. Жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, соҳага оид янгиликлар, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёни билан боғлиқ таҳлилий, танқидий мақолалар билан танишиб борамиз. Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов келиб, столим устидаги "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасини кўриб хурсанд бўлиб кетди. "Очиғини айтсам, бу газетага атиги уч-тўрт киши обуна бўлибди", деди ҳазил аралаш. Бу гапда аччиқ ҳақиқат ҳам бор. Деярли кўпчилигимиз, ҳатто раҳбарлар ҳам газета мутолаасидан, бу дегани маънавиятдан йироқлашиб кетяпмиз.
- Китобхонлик, газетхонлик юксак маънавиятга эришишда муҳим аҳамият касб этади, шундай эмасми?!
- Албатта, китоб кишининг ички оламини гўзаллаштиради, дедик. Маърифатли, маънавиятли одам қонунни ҳурмат қилади. Ишда ўзибўларчиликка йўл қўймайди. Халқ билан мулоқотда самимий бўлади, виждонан иш кўради. Китобхон инсоннинг дунёқараши кенг, фикри теран бўлади. Айнан китобхонлик сабаб ходимларимиз нафақат банк ишини аъло даражада бажармоқда, балки маънавий-маърифий тадбирларда ўз иқтидорларини ҳам намоён этишмоқда. "Энг иқтидорли ёш банк ходими" кўрик-танлови ўтказилиб келинаётганидан хабарингиз бор. Унда ёш ходимлар нафақат соҳага оид билимларини синовдан ўтказишади. Шу билан бирга, қанчалик кўп китоб ўқигани, юртимиз тарихи, аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақидаги билимларини, ҳатто актёрлик қобилиятларини ҳам синовдан ўтказишади. Шогирдларимиз бу борада ҳам муваффақиятларга эришаётгани бизни қувонтиради. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича ўтказилаётган "Тараққиёт" республика танловида ходимимиз Шерзод Сувонқуловнинг муваффақиятли иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олишида ҳам унинг нафақат банк соҳасига оид чуқур билими, балки теран фикрлаши, китобга меҳр қўйгани асқатди.
- Ходимларингиз билан суҳбатлашганимда ҳар кунги иш Ўзбекистон Республикасининг Мадҳияси билан бошланишини айтиб қолишди. Бу фахрланса арзигулик, қолаверса, ноодатий ҳолат экан, назаримда.
- Ҳа, Мадҳиямизни қайсидир расмий тадбирда, спорт мусобақаларида ёки таълим муассасаларида, тунда ёки тонгда радио ва телевидениеда эшитишга одатланиб қолганмиз. Бошқармада бундай "одат" озгина бошқачароқ. Айни пайтда ходимлар ишлаётган ҳар бир хонага радио алоқа воситалари ўрнатилган. Ҳар куни эрталаб иш бошлашдан аввал соат 9:00 да Ўзбекистон Республикасининг давлат Мадҳияси янграйди. Барчамиз ўрнимиздан туриб, қўлимизни кўксимизга қўйганча унга жўр бўламиз. Мадҳия шу Ватаннинг тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун дахлдор эканлигимизни англатиб, шижоатимизни оширади, куч-ғайрат бағишлайди, фидойилик, юртга садоқат билан меҳнат қилишга ундайди.
Шу ўринда бир эътирозли фикрим бор. Ўзбекистон Республикасининг Мадҳияси ҳар тонг ва тунда телевидение ва радио орқали янграйди. Уни кимдир тинглар, аммо ҳамма ҳам эмас. Биз баркамол авлодни вояга етказаётган таълим муассасаларида ҳафтада бир ёки икки марта янграйди, холос. Бундан ташқари, мусобақалар ёки айрим тадбирларда жаранглайди. Менимча, бу жуда кам. Ахир, фарзандларимизнинг қалбига ватанпарварликни чуқур сингдирадиган, шу азиз тупроқнинг бир бўлаги эканлигимизни сизу бизга эслатиб қўядиган, вужудимизни уйғотиб, куч-ғайрат бағишлайдиган шу Мадҳия эмасми?! Нима учун уни ҳафтада ёки бирор расмий даврадагина тинглашимиз керак?
- Бошқармада ходимларнинг спорт билан шуғулланиши учун алоҳида шароит яратилган экан. Шунингдек, турли спорт мусобақалари ҳам ўтказилиб турилишидан хабаримиз бор...
- Тўғри, спорт доимий ҳамроҳимиз. Ходимларимиз билан биргаликда, баъзан жамоаларга бўлинган ҳолда мини футбол, баскетбол ва волейбол бўйича беллашиб турамиз. Бу саъй-ҳаракатларимиз нафақат саломатлигимиз учун муҳим, қолаверса, жамоа ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, самимийликни мустаҳкамлайди. Шу боис вилоятдаги барча тижорат банклари ходимлари ўртасида ҳам ушбу спорт турлари бўйича тез-тез мусобақалар ўтказилиб турилади. Уларда 500 нафардан ортиқ ходимлар иштирок этади. Мусобақада кимнингдир ғолиб бўлиши биз учун муҳим эмас, муҳими уларнинг бир-бирини яқиндан таниши, ҳамкасблар ўртасида аҳилликнинг юзага келиши, бир жамоа бўлиб, бир-бирига кўмаклашишидир.

Абдуҳошим ЗИЯТОВ
суҳбатлашди.


Последнее редактирование: 26/04/2019 15:33;   Просмотров: 1038
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку