Халқимизда кексаларин эзозлаган эл - қадр топади ёки кексаларин ардоқлаган юрт - равнақ топади деган ибратомуз сўзлар бор. Албатта, ушбу сўзлар замирида жуда катта ҳикмат ётади. Дарҳақиқат, бугун жаннатмакон диёримизда кекса авлод вакилларига қаратилаётган юксак эътибор, кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликларни жаҳоннинг бирон бир давлатида учратиш мушкул.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрда қабул қилган «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони жамиятда нуронийларнинг мавқеини, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида дастуриламал ҳужжат бўлди. Бош Қомусимизнинг 25 йиллиги тантаналари арафасида туман ҳокимлиги биносининг шундоқгина рўпарасидаги марказий хиёбон ичида қад ростлаган «Нуронийлар маскани»ни фойдаланишга топширилиши сўзимизга исботдир. Мазкур мажмуада нуроний фахрийларимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кутубхона, тиббиёт хонаси ва тренажёрлар, кичик ошхона, зал, шахмат- шашка клуби улар ихтиёрида. Масканни очиш маросимида фаол нуронийлар, мўътабар отахону онахонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда туман ҳокими Ш.Жамолов сўз олиб, жумладан шундай деди: - Қисқа фурсатли фаолиятим давомида, сиз азиз нуронийларимизга хизмат кўрсатадиган ушбу бино барпо этилганидан ва фойдаланишга топшираётганимиздан ниҳоятда бахтиёрман. Келгусида ҳам сизларнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаларингиз, панду насиҳатларингизга таянган ҳолда, ишлаб дуоларингизни олишни бурчим деб ҳисоблайман. Шунингдек, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ. Нормуродов, туман бўлинмаси раиси О.Алиев сўзга чиқиб бундай эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.