«Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси жамоаси туманда истиқомат қилаётган фахрийларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенгроқ жалб этиш мақсадида қатор ибратли ишларни амалга оширмоқдалар. Нотинч оилалар, вояга етмаганларга бириктирилган нуронийлар ҳар бир оила фаровонлиги, ёшларнинг таълим-тарбия олишдаги фаоллигини кучайтиришда бир-бирларига ўрнак бўлмоқдалар. Яқинда ўтказилган ўқув амалий семинарда шулар хусусида сўз юритилди. Анжуманда «Нуроний жамғармаси, «маҳалла» хайрия жамоат фонди, маҳаллалардаги «Нуроний» жамоатчилик маркази раҳбарлари, фаол фахрийлар иштирок этди.
- Нуронийларимизнинг бахтли ҳаёт кечиришлари, тўй-ҳашамлар, таъзия маросимларининг ихчам, тартибли ўтказилишидаги фаолликлари, жиноятчиликка мойил ёшларни яхши йўлга бошқараётганлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ бўлмоқда, - деди тадбирда сўз олган «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси О.Алиев. - Бу ишларнинг ҳаммаси Юртбошимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш асосида бўлмоқда.
Амалий семинарда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раисининг ўринбосари Н.Солеев, «Гулобод тонги» газетаси муҳаррири Н.Каримовлар ҳам сўзга чиқиб, Республикамизда рўй бераётган ислоҳотларнинг жуда катта йўналиши давлат бошқарувини ислоҳ қилишга қаратилганлигини таъкидлаб, ана шу ислоҳотлар олиб борилиши, тараққиётнинг янада ёрқин акс этишида нуронийларимиз фаоллик кўрсатишлари шарт. Нега деганда бу ишларга қодир, ҳар қандай муаммоларни еча оладиган отахону онахонлар кўпчиликни ташкил этади. Кексалар доимо ардоғимизда экан, улар туманимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаверадилар.
Бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари А.Ражабов қатнашди ва нуронийлар олдида турган муҳим вазифалар хусусида гапирди.
Амалий семинар жўшқин савол-жавоблар, баҳс-мунозара, таклиф-мулоҳазалар билан якунланди.
Н.МУХАММАД
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.