Тумандаги 23 - ўрта мактабда намунали ўқувчиларнинг ота-оналарини рағбатлантириш ва мактабнинг собиқ ўқувчиси Д.Султонова билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ўқитувчилар, ота - оналар, маҳалла фаоллари ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти катта ўқитувчиси Д.Султонова иштирок этдилар.
Тадбирни мактаб директори М.Саидов очди. Учрашувдан мақсад ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмасдан, уларнинг юриш-туриши, одоб - ахлоқи ва келажаги ҳақида қайғуришлари лозимлигидадир. Бола қаерга бораяпти? Нима қилаяпти, ўртоқлари ким? каби долзарб масалалар бўйича сўз юритилди.
Намунали ўқувчиларнинг ота-оналарига маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Д.Садриддинова ва фахрий ўқитувчи М.Шариповалар мактаб маъмуриятининг ташаккурномасини топширдилар.
Ўқитувчи М.Меликова раҳбарлигида ўқувчилар "Тарбия оиладан бошланади", "Сиз қонунни биласизми?" мавзуларида саҳна кўринишлари, она, Ватан ҳақидаги шеърлар, янги йил табриги, ўқувчи Дониёр Самеев томонидан "Она" ашуласи ижро этилди.
Тадбир меҳмони шу мактабда таҳсил олган, ноёб истеъдод соҳибаси, кўплаб ижодкорларнинг асарларини инглиз тилига ўгирган моҳир таржимон Д.Султонова босиб ўтган ҳаёт йўллари, чеккан заҳматлари ва эришган ютуқлари ҳақида иштирокчиларга сўзлаб берди. - Қилган меҳнатларим эвазига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Дўстлик" ордени билан мукофотланганим менга ғурур ва шараф бағишлайди, - деди Динара опа.
Камтарин, дилбар, назокатли аёл Динара Султонованинг ҳаёт йўллари ибрат олишга арзигули. Ҳа, инсон ўз меҳнати, хулқ-атвори, чин инсонийлик фазилатлари билан обрў-эътиборга сазовор бўлади.
Ушбу тадбир барчага манзур бўлди. Айниқса, ота-оналар фарзандларининг келажаги ҳақида кўпроқ қайғуришлари кераклигини яна бир бор ҳис этдилар.
Ҳ.УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.