"Самарқанд китоб олами" маънавий-маърифий мажмуаси ходимлари фақат китоб савдоси билан эмас, жойларда китобхонликни ривожлантириш борасида ўтказиладиган тадбирларда ҳам иштирок этишади. Жумладан мажмуа бу борада Самарқанд туманида жойлашган таълим муассасалари билан ҳам яқин алоқа ўрнатган. Масалан, ўтган ўқув йилида туманнинг 30дан ортиқ мактабида китоб ярмаркалари ташкил этилди, китоб тарғиботи бўйича семинар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Талибарзуи поён маҳалласида истиқомат қилувчи Шароф ота Муҳаммадиевнинг ўз уйида очган кутубхонаси ҳам янги китоблар билан таъминлаб борилмоқда.
Мактабларда кутубхоналар ташкил этиш борасидаги туман ҳокимлиги ташаббуси ҳам таҳсинга сазовор. Жорий йилнинг 15 май куни ҳудудларда фаолият олиб бораётган 4 та сектор раҳбарлари, туман ҳокими раҳбарлигидаги гуруҳ ташаббуси билан 52-умумтаълим мактабида ва туман прокурори бошчилигидаги гуруҳ ёрдамида 44-умумтаълим мактабида кутубхона ташкил этилиши, бунинг учун кенг ва шинам хона танланиб, ўқувчиларнинг китоб мутолааси билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратилгани, яъни замонавий китоб жавонлари, махсус стол ва ўриндиқлар, компьютер жамламаси ва телевизор билан жиҳозлангани, наинки мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари, кутубхоналар очилиши маросимида иштирок этган ота-оналарга ҳам чексиз қувонч бағш этди.
Кутубхоналарни китоб билан таъминлашда иштирок этганимиз учун туман ҳокими Шуҳрат Жамолов туман марказида мажмуамиз филиалини очиш таклифини берди.
Мен бу таклифдан хурсанд бўлганимни маълум қилиб, Президентимизнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари туфайли аҳоли ўртасида китобга бўлган қизиқиш анча ортгани, лекин одамга энг фойдали бўлган китоб биз истаган эҳтиёж даражасига ҳали кўтарилмагани, аксарият одам китоб олиш учун атай китоб дўконига бормаслигини тушунтирдим.
- Филиални қайда очамиз? - деди шунда туман ҳокими.
- Китоб савдосини одамлар гавжум жойда ташкил этсак, яхши бўлади. Бундай жой туманда Хўжа Аҳрори Вали маҳалла ҳудудидаги жоме масжид атрофи ва туман поликлиникаси жойлашган ҳудуд ҳозирча.
- Бўпти, ўша ердан жой танлаймиз.
Бундай масала ўзаро гап билан ҳал бўлмаслиги, уни расмий тарзда ҳал этиш лозимлигини эътиборга олиб, 21 майда 44-сонли хат билан туман ҳокимига мурожаат қилдик ва савдо шаҳобчамиз енгил ойнаванд конструкциядан иборат бўлишини лойиҳа ташкилоти тайёрлаган чизмада кўрсатдик.
Ушбу шаҳобчанинг қулайлиги шунда эдики, уни хоҳлаган вақтда бир жойдан иккинчи жойга кўчириш мумкин ва бу ишга саноқли дақиқалар етарли бўлади.
Мазкур лойиҳани туман архитекторига ҳам тақдим этиб, ушбу шаҳобча илгари бозорча бўлган жойда қурилган бекат ёнида ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўлишини маълум қилдик.
Туман архитекторидан олинган (7 июндаги 565 сонли) жавоб хатида туман марказигача бўлган йўлнинг икки томони келгусида кенгайтирилиши муносабати билан китоб дўкони қуриш ҳақидаги таклифимиз ижобий ҳал этилмаслиги маълум қилинганди.
Туман ҳокимига ёзилган хатда дўкон қуриш эмас, енгил конструкцияли ойнаванд шаҳобча ўрнатиш масаласи қўйилганди ва у бекат ёнида ўрнатилиши кўрсатилганди. Айни вақтда эса биз шаҳобча ўрнатишни режалаштирган жойда бир мошин тарвуз туширилиб савдо қилинаётганининг гувоҳи бўлдик.
Наҳотки китоб савдосидан тарвуз савдоси долзарброқ бўлса? Мажбур бўлиб эмас, тўғриси бироз хафа бўлиб яна туман ҳокимлигига (12 июндаги 48-сонли) хат тақдим этдик.
Бундан ташқари туман архитекторига шахсан учраб, хатимизда масала бошқача қўйилгани, жавоб эса хатга мос келмаганини тушунтирдик. Ахир йўл кенгайтирилгунча одамлар китоб ўқимай туришлари керак деб кўрсатма берилмаган-ку.
Бир ой ўтиб, 10-июлда туман бош архитектори Ф.Қаршиевдан қуйидаги хатни олдик:
"Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатувчи «SAMARQAND KITOB OLAMI» маънавий-маърифий мажмуаси директори Самарқанд туман ҳокимлигига хат билан мурожаат қилиб "Хўжа Ахрори Вали" маҳалласида жойлашган мавжуд автобекат ёнида кўчма китоб савдосига рухсат берилишини сўраган.
Ушбу масала бўйича кўчма китоб савдосига рухсат бериш ва фаолиятини олиб бориш учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2002(?) йил 26 ноябрдаги 407-қ сонли қарорига асосан тумандаги "Давлат хизматлари" маркази томонидан рухсат берилишини маълум қиламиз."
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сонли қарорида жойларда китоб сотишга ихтисослашган ва кўчма дўконлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига намунали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда жамиятда китобнинг ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш вазифаси қўйилган.
Китобхонлик масаласи энг долзарб масала экани эътиборга олиниб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосан "Самарқанд китоб олами" савдо мажмуаси 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилган.
"Самарқанд китоб олами" савдо мажмуи муассиси "Келажак пресс" МЧЖ бўлгани учун гоҳида иш билан туман марказига бориб тураман ва туман поликлиникаси қаршисидаги бекат ёнида китоб ўрнида тарвуз сотилаётгани эътиборимни тортади. Балки ҳамма гап солиқ тўламаслигимиздадир.
Хуршид Нуруллаев
"Самарқанд китоб олами" савдо мажмуи директори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.