Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖУРНАЛИСТЛАР ТУРИЗМ ТАРҒИБОТЧИЛАРИДИР

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиз ҳамда 28-30 ноябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган Туркия Республикасининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси бош директори ўринбосари У.Ҳусанов ва бошқалар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини юксалтириш, соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Кейинги бир йил давомида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, соҳа субъектлари учун яратилган қулайлик ва имкониятлар юртимизнинг халқаро миқёсда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳаларда, жумладан, туризм йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олинди. Музокаралар якуни бўйича икки давлат раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувида мамлакатларимизнинг туристик имкониятини кенг тарғиб этиш мақсадида ўзбек ва турк журналистларининг саёҳатларини уюштириш ташаббуси билдирилди. Президентларнинг мазкур ташаббуси натижасида туркиялик бир гуруҳ журналистлар "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг яқинда йўлга қўйилган "Самарқанд - Истанбул - Самарқанд" йўналиши орқали 28 ноябрь куни юртимизга келган эди. Улар уч кун давомида Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг тарихий-маданий обидалари, муқаддас зиёратгоҳ ва бошқа сайёҳлик масканлари билан танишди.
Матбуот анжуманида меҳмонлар юртимизга саёҳати таассуротларга бой бўлганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Икки мамлакатнинг сайёҳлик борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлари жуда кўплиги ва буни тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари фаол иш олиб бориши зарурлиги қайд этилди.
- Кейинги уч кун давомида Самарқанд ва Бухородаги тарихий обидалар билан танишиб, буюк туркий алломалар номи билан боғлиқ масканларни зиёрат қилиб, туркий халқ вакили эканимдан янада ғурурландим, - дейди Туркиянинг "TRT world" телеканали мухбири Эрол Севан. - Мен ҳам шу заминга боғлиқлигимни англадим. Юртингизга келган кунимдаёқ миллий либосларингиздан харид қилиб, сафар давомида кийиб юрдим. Ҳеч ким мени бошқа миллат вакили демади, ўз қардошидек ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. ?исқа фурсатга бўлса-да, Ўзбекистонда келганимдан бахтиёрман. Саёҳатимиз ҳақида телеканалларимизда кўрсатувлар тайёрлаймиз.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Туркия фуқароларининг юртимизга келиши учун виза тартиби соддалаштирилгани ва бу борада яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги масъул ходимларининг юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, заминимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис алломалар ҳақидаги маълумотлари ҳам туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Матбуот анжумани якунида туркиялик журналистларга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев сўзга чиқди.

Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири


Дата добавления: 08/12/2017 12:32;   Просмотров: 1284
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку