Самарқанд юридик коллежида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ана шундай номланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоят, туман ва шаҳар ҳамда тармоқ газеталарининг ижодий ходимлари, блоггерлар, давлат идоралари, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизмати ходимлари, ҳуқуқшунослар иштирок этди.
Ўқув-семинарда Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлари доктори Бобоқул Тошев ОАВнинг ҳуқуқий кафолатлари, журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ахборот тарқатишда инсон шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва жавобгарлик тўғрисида маълумот берди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида тўхталиб, бунда журналист масъулияти, фикрини баён этиши ва саъй-ҳаракатлари хусусида тавсияларини берди.
- Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, уларни халқнинг шуурига сингдириш, эскича қараш ва ёндашувларни омма онгидан "юлиб" олиб ташлаб, боқимандалик, коррупция ва бошқа кўплаб иллатларга қарши жамоатчилик фикрини шакллантиришда, жамиятдаги ўзибўларчилик кайфиятини йўқотишда ОАВ қудратли қурол ҳисобланади, - деди Бобоқул Тошев. - Журналист ёзган танқид, журналистик суриштирувлар барчага ҳам ёқавермаслиги аниқ. Унга нисбатан тазйиқлар, зуғумлар бўлиши мумкин. Айни пайтда журналист ўз ҳақ-ҳуқуқларини пухта билиши, юқори тажрибага эга бўлиши шарт. Тан олиш керакки, айрим ҳолларда юртимизда кўплаб ўзгаришлар бўлаётгани, бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани, етти қаватли чиройли иморатлар қурилаётгани ҳақида кўп ёзамиз. Аммо унинг ичида ўтирган ёки маълум бир шикоят билан идорама-идора юрган одамнинг дарду-ташвиши эътиборимиздан четда қолиб кетади. Журналист ҳамма нарса айтилиб бўлингандан кейин ҳаракатга тушиши эмас, олдинда юриши керак. Таклиф ва ташаббусларни кўтариб чиқиши, жамиятдаги "хасталикни" тузатишга ҳаракат қилиши лозим.
Ўқув-семинар давомида коррупцияга қарши курашишга оид сўровнома ўтказилди. Журналистларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди. ОАВ ходимлари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Якунида ўқув- семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди.
А.ЗИЯТОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.