Бу мавзу, бу ғояни умр бўйи куйлаган, тарғиб этган Тожикистон халқ шоири Мирзо Турсунзода таваллудининг 108 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонида ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо кириш сўзи билан очди. Мазкур қўмита раиси Р.Қурбонов икки қардош халқ ва мамлакатларнинг азалий дўстлик ришталари замонлар синовидан ўтиб, бугунги кунда ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.
Мирзо Турсунзода - Тожикистон халқ шоири (1961), Меҳнат Қаҳрамони (1967), Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (1951), Осиё ва Африка мамлакатлари бирдамлиги қўмитаси раиси, Жавоҳарлаъл Неру (1968), Рудакий (1970), Жамол Абдул Носир (1972) мукофотлари лауреати, атоқли жамоат арбобидир. Унинг 100 йиллиги халқаро миқёсда нишонланганди.
Дастлаб, эски мактабда, кейинроқ янги усулдаги мактабда таҳсил олган. Тошкентдаги тожик педагогика билим юртида ўқиган (1930). 1930 - йилларда Деҳотий билан ҳамкорликда яратилган "Хусрав ва Ширин" шеърий драмаси тожик драматургиясининг дастлабки асарларидан саналади. "Мамлакат офтоби" (1936), "Хазон ва баҳор" (1937) достонлари шоирга катта шуҳрат келтирди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги шеърларида ("Хайр, азиз онажон", "Ҳеч қачон!" ва бошқалар), "Ватан фарзанди" (1942) достонида халқлар дўстлиги, тожик халқининг уруш майдонлари ва мамлакат ичкарисидаги қаҳрамонлиги акс этган.
Шоир халқ оғзаки ижоди асосида "Тоҳир ва Зуҳра" драмасини ёзган (1943). Унинг "Ҳиндистон балладаси" (1947), "Мен озод Шаркданман" (1950) сингари шеърий туркумлари, "Ҳасан аравакаш" (1954), "Осиё овози" (1956) каби достонлари машҳур. Унинг шеърияти романтик кўтаринкилик, фавқулодда оҳангдорлиги ва афоризмларга бойлиги билан ажралиб туради.
- Мирзо Турсунзода Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Миртемир каби таниқли шоирлар билан дўстона, ижодий алоқада бўлган, - дейди Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Тожикистон халқ шоири Низом Қосим. - Кўпгина ўзбек шеърияти намуналарини тожик тилига таржима қилган.
Тадбирда Тожикистон маданият вазирлиги Ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи А.Абдужабборов, адабиётшунос олим А.Адбуманонов, академик шоир Ғафур Ғуломнинг қизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адиба Олмос Ахмедовалар ҳам Мирзо Турсунзоданинг сермазмун ва шарафли ҳаёт йўли, бой адабий мероси, ўзбекистонлик адиблар билан дўстлик алоқалари, ўзларининг ёрқин хотиралари ҳақида сўз юритдилар. Тадбирнинг мушоира қисмида республика "Овози тожик" газетасининг адабий ходими, шоир Паймон, сўз усталари Зулфия Мўминова, Жаъфар Муҳаммад, Хуршид Нуриллаев ва бошқалар шоир ижодиётидан намуналар ўқишди. Тожикистон ва Ўзбекистон адибларининг бир қанча янги китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Шу куни меҳмонлар учун катта концерт дастури намойиш этилди.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.