Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖОҲИЛЛИК ЗАВОЛГА ЕТАКЛАЙДИ

Қуръони каримда таъкидлашича шайтоннинг асосий кирадиган жойи жоҳиллик ва илмсизликдир. У инсон жоҳиллигига суяниб қувват олади.

Негаки, шайтони лайин энг арзимас ҳийлаи найранг ила бундай кишиларни осонлик билан енгади. Жоҳил ва билимсиз инсон яхши билан ёмонни, суннат билан бидъатни ажрата олмайди. Шайтон нодонга шаҳватни юзма-юз  қилади, унинг асирига айлантиради. Абулҳасан Мовардий деди: "Ўз вақтида илм ўрганмаган киши жоҳил бўлиб, у яхшиликни билмайди. Илм ўрганмоқ ҳар бир киши учун фарз ҳисоблангандек илмсиз қариядан кўра, илм ўрганувчи қария яхшироқдир" ҳа, жаҳолатга рози бўлиб яшагандан кўра, толиби илм бўлиб ўтган яхшидир. Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ўз вақтида шундай деган: "Олим бўл ёки таълим олувчи бўл, ёки эшитувчи ва ёки яхши кўрувчи бўл. Лекин, бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан". Жоҳил инсонда илм олишга қизиқиш пайдо бўлса, шайтон дейди: "Агар илм олиб амал қилмасанг, у сенинг зарарингга ҳужжат бўлади. Энг яхшиси илм олмаслик. Чунки жавобгарлигинг кам бўлиб, узринг катта бўлади". Ҳайл Ибн Аҳмад инсонларни илмга дахлдорлиги жиҳатидан тўртга ажратади: "Киши билади, билишини ҳам билади у-олимдир. Бас, ундан сўранглар. Киши билади, билишини билмайди, у - эсдан чиқарувчи, унутганини эслатинглар. Киши билмайди, билмаслигини билади. У - тўғри йўл изловчи, унга таълим беринглар. Киши билмайди, билмаслигини билмайди ва билишни истамайди. У - жоҳилдир, уни қайтаринглар".

Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ тайёрлади.


Последнее редактирование: 16/09/2020 09:56;   Просмотров: 789
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку