«Ўртача ўқитувчи ҳикоя қилади. Яхши ўқитувчи тушунтиради. Аъло даражадаги ўқитувчи илҳом беради».
Уильям Артур УОРД
Бугунги суҳбатимиз тумандаги 23-ўрта мактаб директори Ҳамид Саидов билан таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида бўлди.
- Аввало ўқитувчи масъулиятни чуқур англаши лозим. янгиликлардан хабардор бўлиши, теран фикрлайдиган, зукко ҳозиржавоб, ўз устида тинимсиз ишлайдиган, фидойи ватанпарвар бўлиши шарт, - деди Ҳамид Жамолович. - Ўқитувчиларнинг ҳаётдаги мавқеи тайёрлаган шогирдларининг келажакда ўз ўринларини топиши, эришган ютуқлари билан юксак баҳоланади.
45 дақиқа давомида ҳар бир дарсни мазмунли ўтказиб, ўкувчиларни онгли равишда ўз фикрларини эркин ифодалай олишлари учун имконият яратиб бериш ўқитувчи маҳоратига боғлиқ.
Дарслардан ташқари қўшимча материалларни излаш, уларни таҳлил қилишни ўргатиш, ўқувчилар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун шароитлар яратиши лозим.
Таълим тизимида анчагина янгиликлар жорий қилинди. Президентимиз Ш.Мирзиёев: «Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқнинг мустаҳкам ривожланишига раҳна солаётган турли таҳдид ва янги хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга ахлоқий тарбия ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир» - дея таъкидлагани бежиз эмас, албатта. Янги технология воситаларидан тўғри фойдаланишни ўргатиш, интернет тармоғидан керакли бўлган маълумотларни олиш, диний экстремизм, террорчилик балоси ёшларимиз онгини, дунёқарашини заҳарлантиришидан эҳтиёт бўлишимиз зарур.
Фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг онгига Мустақиллигимиз шукронаси, Ватан муқаддаслигини, аждодларимизнинг бизга қолдириб кетган маънавий бойликларини эъзозлаб, асраб-авайлаш каби чин инсоний фазилатларни сингдириш, нафақат аждодларимиз билан ғурурланиб юриш, балки ҳозирги кунда ибратли инсонлар сафини тўлдиришга ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида дарс жараёнларида айтиб келинмоқда.
Мактабимиз тарих, география, рус тили фанларидан туманда таянч мактаб ҳисобланади.
Дарс самарадорлигини ошириб, ўқувчиларга пухта билим беришда мактабимизнинг маънавий ва маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Ш.Очилова, ўқув ишлари бўйича илмий бўлим мудири С.Раҳматов, ўқитувчилардан М.Эшова математика, Д.Ғуломова инглиз тили, М. Меликова «Миллий истиқлол ғояси», М.Ўрунова биология, Д.Шодиева информатика асослари фанларидан, Д.Аҳророва, Ш.Абдураҳимоваларнинг бошланғич синфларга таълим-тарбиядаги ҳиссалари катта. Айниқса кутубхоначи Х.Абророванинг хизматларини айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Кўрик-танловларда ҳамиша I-ўринни эгаллаб мактабимиз нуфузини кўтаришда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Юқори синф ўқувчилари билан турли фанлар бўйича қизиқарли тест саволлари, заковат ўйинлари, билимдон ўқувчи мавзуларида баҳс-мунозиралар ўтказиб туриш, уларни спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида турли мусобақалар ташкил этиш, «Китоб - маънавият қалъаси», «Мутолаа – маданият белгиси», «Тилга эътибор - элга эътибор» каби мавзуларда йил давомида тадбирлар ўтказишни режалаширганмиз.
Ўзбекистоннинг Хитойдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Саидов мактабимизда таълим олган. Яқин орада у киши билан боғланиб Уйғур - Синьцян автоном округи ўқувчилари билан ўзаро фикр алмашишни йўлга қўйиш иложи бўлса мактабимиздаги илғор ўқувчиларни уларнинг мамлакатига юбориб бу ҳаракатимиз билан ўзаро ҳамжиҳатликни таъминламоқчимиз.
Барча тумандаги мактабларга хат юбориб улар билан ҳам таълим тизимида олиб борилаётган ишлар кўлами, дарс ўтиш услублари билан яқиндан танишиш ниятимиз ҳам бор.
Ота-оналарга мурожаатимиз, кўпроқ фарзандлари учун вақт ажратсинлар. Тарбия оилада шаклланади. Фақат мажлис ва тадбирларда иштирок этиш билан чегараланиб қолмасдан азиз фарзандларини келажагини ўйлаб иш тутсинлар.
Ҳа, одил сўзли, ростгўй ватанпарвар раҳбаргина ўзи бошқараётган даргоҳда бор билим ва маҳоратини, тажрибасини ишга солади.
Ҳамид Жамолович ўқитувчилик оғир ва машаққатли касб эканлигини яна бир бор таъкидлар экан, ҳамкасбларига мустаҳкам ирода, куч-қувват, оилаларига тинчлик-тотувлик тилаб ўз сўзини шоирнинг қуйидаги мисралари билан якунлади.
Қаҳрамон, соҳиб ҳунарлар мажлисоро дур бугун,
Кўнглимни юз, ойнаси равшан, мусаффо дур бугун.
Чеҳралар гулгун очилган, кўкда раъно дур бугун,
Чунки, эл озод, янги дунё- дур бугун.
Бўлса халқимда на истаклар муҳайё дур бугун.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.