Туман маркази Гулобод қўрғонида тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус-2018» кўрик - танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда 70 дан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди. Тадбирни туман ҳокими Шуҳрат Жамолов очди ва иштирокчиларга омад тилаб, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида гапирди.
- «Интилганга толе ёр» деб бежизга айтилмаган, - деди ҳоким. - Эзгу мақсадлар сари интилган, ҳаракат қилган инсон кўзлаган юксак марраларга албатта эришади. Бугунги тадбир ҳам бунинг яққол исботидир. Лекин, барча фермеру тадбиркорларимизни ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланаяпти, дея олмаймиз. Ахир, муҳтарам Юртбошимиз қачонки, тадбиркор, фермерларимиз бой бўлса, давлат ҳам шундагина бой бўлади, деб беҳуда таъкидламайдилар.
Шундан сўнг ҳакамлар ҳаъати, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари танловга қўйилган маҳсулотлар билан танишдилар.
Ҳунарманд Маъруф Тоҳиров темирчилик билан шуғулланади. У уй-рўзғор учун юздан зиёд буюмлар ишлаб чиқармоқда.
- Мен давлатдан 50 миллион сўм кредит олиб 15 кишини фойдали иш билан таъминладим, - деди Маъруф Тоҳиров, - умумий даромадимиз 300 миллион сўмдан ошди.
«Қўрғони калон» МЧЖ аъзолари мактабгача таълим ва бошланғич синф ўқувчилари учун болаларни мантиқий фикрлашга ўргатувчи турли ўйинчоқлар, ажойиб дарсликлар ҳамда кўргазмали ўқув қуроллари ишлаб чиқаришмоқда.
- Бизнинг маҳсулотга талаб жуда катта, - дейди корхона директори Маматқул Шарипов. - фақатгина шу йилнинг ўтган даври мобайнида 10 миллион сўм соф фойда олдик. Уларнинг бир қисмини кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга улашдик.
- Биз оилавий ҳунармандчилик билан машғулмиз, - деди Бобомурод Ҳайдаров, - беш авлод ворислари турли мусиқа асбобларини ясаш билан шуғулланамиз. Бизнинг асбоблар билан санъаткорларимиз бугун Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтаётган мақомчилар фестивалида қатнашмоқда.
Танлов ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, «Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори» йўналишида «Гулобод мебель» МЧЖ раҳбари Ф.Раҳматов, «Пресстиж мед сервис» МЧЖ раҳбари А.Васлиддинов «Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори», «Lift Group» МЧЖ раҳбари А.Каримов «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори», темирчи уста М.Тоҳиров «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» ва «Ғафуров -С боғлари» фермер хўжалиги раиси Ш.Ғафуров «Йилнинг энг яхши фермери» йўналишларида ғолиб деб топилди. Шунингдек, қўшимча номинацияларда ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиблар туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Энди улар октябрь ойида бўлиб ўтадиган кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этиб, туманимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Сурат муллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.