боланинг эркин ақлий ривожланишига мададкор
Кейинги йилларда юртимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра туманда янги боғчалар қурилиб ишга туширилмоқда. Энг муҳими, бу масканларда таълим-тарбия ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан энг илғор усул ва воситалар ёрдамида олиб борилмоқда.
Ўтган пайшанба куни туманда оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда туман ҳокимлиги, мазкур тизим масъуллари, ота-оналар ва матбуот ходимлари иштирок этдилар.
Ангаралмос маҳалласида яшовчи Ширин Сатторова Самарқанд тиббиёт институтини битириб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди ва "Болажон" оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасани очди. Чунки у ёшлигидан меҳрибон онаси Дилафрўз Қобилова сингари тарбиячи бўлишни кўнглида тугиб қўйган эди. Ниҳоят орзуси ушалди. Боғчанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Шуҳрат Жамолов шундай деди:
- Ўтган йили мамлакатимизда мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Шунинг учун ҳам туман мактабгача таълим бўлими иш бошлаганига ҳам бир йил тўлди. Туманда 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 19 минг 220 нафарни ташкил этиб, уларнинг 27 фоизи боғчага қамраб олинган.
"Мактабгача таълим соҳасида давлат - хусусий шерикчиик тўғрисида"ги низомда боғчаларнинг бир нечта тармоқларини ташкил этиш тадбиркорларга қулайликлар яратди. Бугунги кунда 15-та нодавлат МТМ муассасалари фаолият юритмоқда. " "Обод қишлоқ" дастури асосида 2 та МТМ очилди. Илғор хорижий давлатлар ва айниқса, Корея Республикаси тажрибасидан келиб чиқиб, туманимиздаги барча боғчаларда "илк қадам" давлат ўқув дастури йўлга қўйилди. Унинг асосий мақсади - фарзандларимизни ўқитиш эмас, балки уларнинг ўқишга интилишларини ривожлантиришдан иборат бўлиб, беш тамойилни ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, италиялик педагог Мария Монтессори услуби бўйича ҳам машғулотлар олиб борилади.
Шундан сўнг, туман ҳокими Ширин Сатторовага сертификат ва қимматбаҳо совға топширди.
Оқмасчид қишлоғидаги "Фарзона" оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам 20 нафар кичкинтойларга "илк қадам" дастури асосида таълим-тарбия беради. Боғча мудираси Назира Нажмиддинова ҳам сертификат олиб, қишлоқ фарзандларини замонага хос ва мос тарбиялашга ваъда берди.
- Мактабгача таълим соҳасида Италия, Россия, Жанубий Корея давлатлари тажрибаси билан танишдим, - дейди Назира Нажмиддинова, - у ердаги оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўрганиб, энг яхши жиҳатларини ўзимизда қўллашни мақсад қилдим.. "Илк қадам" дастури асосида болажонларга таълим-тарбия берамиз.
Шунингдек, туман ҳудудидаги Равонак, Чунгул, Навобод, Конигил ва бошқа маҳаллаларда ҳам янги оилавий нодавлат МТМлар ўз бағриларига ширин-шакар кичкинтойларни олди.
- Хабарингиз бор, амалдаги тартибларга кўра, оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фақат давлат - хусусий шерикчилик асосида қишлоқ жойларда ташкил этилади, - дейди туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Дилфуза Азизова, - ҳозирга қадар 50 нафар тадбиркор оилавий нодавлат МТМ очиш тўғрисида ариза беришган. Уларнинг иш шароитлари атрофлича ўрганилиб, деярли ҳаммаларига ҳокимият розилик берди. Чунки 2021 йилга бориб, тумандаги 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг барчасини боғчага қамраб олиш режалаштирилган.
Собир БУРҲОН,
вилоят телерадио
компанияси муҳаррири
Зоҳир ҲАСАНЗОДА, "Овози тожик" газетаси мухбири, махсус
"Гулобод тонги" учун
Беҳзод ҚОДИРОВ олган сурат.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.