Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГАЗЕТА – ҲАММА ДАВРНИНГ КЎЗГУСИ

Шу йил 5-6 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги "Shodlik Palase" меҳмонхонасининг анжуманлар залида Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан "Ҳуқуқий мавзуларни ёритишда журналистларнинг билим ва кўникмаларини ошириш", Нашрларнинг бугунги ҳолати: менежмент ва маркетинг йўналишларидаги муаммолар ва яхшилаш бўйича таклифлар" каби ўндан зиёд долзарб мавзулар муҳокамасига бағишланган семинар-тренинг машғулотларига қатнашиш менга ҳам насиб этди. Тадбирда мамлакатимиздаги ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Маърўзачилардан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов, "Ўзбекистон овози" газетаси бош муҳаррири Сафар Остонов, Адлия вазирлиги ходими Элдор Маҳкамов, Ўзбекистон судялар ассоциацияси вакили Шерзод Даминов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Эркин Холбўтаев, Шуҳрат Тўхтабоев ва бошқаларнинг босма нашрлар тўғрисидаги мазмунли чиқишлари катта таассурот қолдирди. Таниқли касбдошларимиз билан бўлган амалий мулоқотлар, тажриба алмашувлар фаолиятимиз ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлган машғулот узоқ йил хотирадан ўчмайди.
Икки кунлик семинар, биз газета ходимларини бугунги ислоҳотлар, инновацион ғоялар ва технологиялар муҳитига мослашиш, нашр сифати ва мундарижасини такомиллаштириш, журналист кадрлар касбий маҳоратини ошириш, газетхонлар талаб-эҳтиёжини қондириш, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган чин ва ёлғон ахборотлар билан ҳисоблашиш, муносабат билдириш, туман ҳаёти ва муаммоларини очиқ, оммабоп, тўлақонли тарзда ёритишга ундади.
Дарҳақиқат, халқаро ва миллий медиамаконда марказий ва маҳаллий босма нашрлар, яъни газета ва журналлар ўзаро ғаройиб ҳамда ҳайратомуз рақобатни бошдан кечирмоқда. Ҳар бир нашр ахборот бозори ва истеъмолчи талаб-эҳтиёжи билан ҳисоблашишга мажбур. Сифат ва мазмун, даврийлик ва тезлик, оммавийлик ва ҳаққонийлик, шаффофлик ва ҳаётийликка асосланган ахборотгина ўз муштарий ёки харидорига эга бўлади. Мазаматрасиз, таҳлил ва танқиддан йироқ ёзма ахборотга эҳтиёж йўқ. Босма нашрлар мажозий таъбир билан айтганда "ё ҳаёт ё мамот" деб курашмоқда.
Семинар хулосаларига кўра газета яшайди, яшай олади, агар давр талаби, замон нафаси, ҳаёт шиддати, глобаллашув жараёни, одамлар-истеъмолчилар, муштарийларнинг ўзгарувчан, талабчан дидига, савиясига дош берса, чидай олса. Акс ҳолда бозор иқтисодиёти шароитида касодга, инқирозга юз тутиши ажаб эмас. Бунинг учун таҳририят ва муассис, таҳририят ва муштарий ўртасидаги узвий ҳамкорлик, манфаатдорлик анъаналарини янги шакл ва мазмун билан бойитиш, халқ ичига кириб бориш, хатлар, мурожаатлар, муаллифлар билан ишлашда янги услуб ва тамойилларни жорий этиш, газетани тўртинчи ҳокимият даражасига кўтариш учун ходимларнинг бир тан - бир жон, ҳамжиҳат - ҳаммаслак бўлиб ишлашлари, ОАВ га оид амалдаги қонунчилик ҳужжатларини чуқур ўзлаштириш, журналист деган номга, касбга доғ туширмасдан, эл-юртга садоқат билан хизмат қилиш фаолиятимиз бош мезони бўлмоғи лозим. "Газета ўлади", "таҳририятлар ёпилади", "босма нашрлар таназзулга маҳкум" дея "башорат" қилувчилар, аюҳаннос солувчилар телевидение чиққач "радио тамом бўлади" деганларни эсга келтирмоқда. Босма нашрнинг ўз йўл-йўриғи, тарихий хизмати, тарбиявий аҳамияти, синалган, синовлардан ўтган бой тажрибаси бор.
Газета сонларида не-не воқеа-ҳодисалар, янгиликлар, инсонлар фаолияти, тараққиёт одимлари муҳрланиб қолган ва қолади ҳам. 2019 йил мамлакатимизда сайловлар йили ҳисобланади, вилоятимиз ва туманимизда қанча Халқаро анжуманлар, фестиваллар, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик тадбирлар ўтказилишига шубҳа йўқ. Буларни кенг оммага ёритмаслик, етказмасликка ҳаққимиз йўқ.
Таҳририятларда ишлаётганлар ҳам ўта содда, анойи, ишёқмас, замондан орқада қолган кишилар эмас. Орияти баланд, шон-шарафли, фидойи, бағрикенг, сўзи ва қалами ўткир журналистлар, ўзларини кўрсата оладиган марди майдонлар ҳисобланади. Ҳар қандай ахборот хуружидан чўчимаслик, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш замонида ҳаёт кечиряпмизми, демак сиёсий ҳушёрлик, изланиш, маънавий жасорат, тадбиркорлик, сабр-матонат, анъаналарга садоқат азму қароримиз бўлади. Қолаверса, бизни қўллаб-қувватлайдиган маърифатсевар тумандошларимиз, таянч муассисимиз бор. Газетамиз умрбоқийлиги, ёруғ истиқболи ўз қўлимизда, азизлар!
"Бизни енга олмайди ваҳима, қўрқув",
Интернетда таралган ўткинчи шов - шув.
Халқимизда бор ҳавас босма нашрга -
Гезатаю китобга, назм-насрга.

Нормурод КАРИМОВ


Дата добавления: 16/11/2018 14:09;   Просмотров: 1049
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку