Самарқанд туманидаги масъулияти чекланган жамияти “Сам Рос Холод” Ўзбекистон - Россия қўшма корхонасида 60 нафар ишчи ва инженер-техник ходим меҳнат қилади. Уларнинг ўртача ойлик маоши 600-700 минг сўмни ташкил этади. Ишчилар учун бепул транспорт хизмати, тушлик ташкил этилган бўлиб, бўш пайтларида спорт залида чиниқишлари, мириқиб дам олишлари мумкин. Бир сўз билан айтганда, корхонада жамоанинг баракали меҳнат қилиши, маънавий ва маданий дам олиши учун ҳамма шароитлар яратилган. Бундан хурсанд бўлган ишчилар сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариб, белгиланган режаларни ошириб уддаламоқдалар.
16 йиллик иш тажрибасига эга бўлган, 2012 йилдан корхона пенопалст ва сэндвич панеллар ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Аҳтамов Суннатилло Ҳотамович номини жамоа ҳурмат билан тилга олади. Бунинг боиси шундаки, у барча билан хушмуомалада бўлиб, пенопласт ва сэндвич панелларнинг сифатли тайёрланиши учун ишчилардан қимматли маслаҳатларини аямайди. Сўнгги уч йилда унинг бевосита кўмаги билан 54500 пагонометр пенопласт ва сэндвич панеллар ишлаб чиқарилди. Корхона томонидан эса 2014 йилда 2,23 млрд. сўмлик 17500 пагонометр сэндвич панел, 2220 п.м.профнастил, 76,24 минг дона пластмасса яшиклари, 1704 метр куб пенопласт, 1980 дона цемент сэндвич панеллар, 20 минг дона шпалер маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 2016 йилда 3,7 млрд. сўмлик 18900 пагонометр сэндвич панеллар, 2730 п.м профнастил, 79,93 минг дона пластмасса яшиклари, 1780 метр пенопласт, 2450 дона цемент сэндвич панеллар, 26 минг дона шпалер маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Шу даврда 8.26 млрд. сўмлик 54500 пагонометр сэндвич панеллар, 7360 п.м. профнастил, 233.07 минг дона пластмасса яшик, 4904 метр пенопласт, 6620 дона цемент сэндвич панелл, 67 минг дона шпалер маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Навоий вилоятида ташкил қилинган эркин иқтисодий индустриал ҳудудда 3 та ва Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида 4 та завод қурилишида корхона маҳсулотларидан фойдаланилган. Суннатилло Аҳтамов бошчилигидаги цех ишчилари корхона умумий иш ҳажмининг 55 фоизини бажармоқда. Сўнгги уч йилда корхона томонидан олинган фойдадан С.Аҳтамовнинг улуши 1,715 млн. сўмни ташкил этиб, соф фойда эса 55 млн. сўмдир. Бундан ташқари, унинг модернизация қилиш, янги ускуналарда ишлашни тез ўзлаштирган ҳамда маҳаллийлаштириш дастури доирасида бажарган ишлари намунали баҳоланган.
Корхонада ўтган йиллар давомида бир қатор янги технологиялар асосида модернизация ишлари олиб борилди. Жумладан, 2011 йилда цемент сэндвич панеллар ишлаб чиқариш ускунаси ўрнатилди. Ушбу лойиҳага 140 минг АҚШ доллари сарфланди. 2014 йилда корхона ҳудудида 1,9 гектарга тенг интенсив боғ яратилди ва ушбу лойиҳага эса 78 млн. сўм сарфланди. 2014-2016 йилларда корхона томонидан 29 млн. сўмлик ҳомийлик ишлари амалга оширилди. Бу маблағ асосан вилоятда футболни ривожлантириш жамғармаси, кўзи ожизлар жамияти, саховат ва меҳрибонлик уйлари ҳамда ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам сифатида сарфланган. 2017-2018 йилларга мўлжалланган истиқболли режага 600 минг АҚШ долларлик қийматга эга меваларни қуритиш ва қадоқлаш қурилмасини ишга тушириш режалаштирилган.
Тажрибали саноат ходими Суннатилла Аҳтамов ёш мутахассисларга замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини ўзлаштиришларида яқиндан кўмаклашиб келмоқда. Ҳар йили Гулобод ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежини битираётган 15 нафар ўқувчининг ишлаб-чиқариш амалиётига раҳбарлик қилиб, уларнинг касбий кўникмаси шаклланишида яқиндан ёрдам бераётир. Корхонага сўнгги уч йилда 10 нафар коллеж битирувчиси ишга қабул қилинди.
Суннатилла Аҳтамов импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш борасидаги ислоҳотлар моҳиятини яхши тушунади. Шу боис, бу борадаги ишларга ўз ҳиссасини қўшиш учун сўнгги уч йилда ҳудуддаги мактаб ва коллежларда тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида 50 дан ортиқ учрашувлар ўтказди. Маҳалладаги йўл бўйлари, ариқлар четларига 150 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазиб, ҳудуддаги 2 км ички йўлга ҳашар йўли билан тош тўкиш ишларида фаоллик кўрсатди. Хуллас, Суннатилла эл-юрт ишига фидойилиги, зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши боис туман фаоллари ва жамоадошлари ўртасида алоҳида ҳурмат-эътибор қозониб келяпти.
Н.МУҲАММАД
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.