Тур, эй отажоним, бошим ҳирожи,
Мен сенга гавҳару, сен менинг тожим.
Хусрав ДЕҲЛАВИЙ
Раҳим ака Тўрақулов кўп йиллар туман санитария-эпидемиология марказида йўриқчи, бўлим мудири, хўжалик ҳисобидаги дезинфекция станциясининг бош врачи лавозимида фаолият кўрсатган. Шундан кейин уч йил давомида «Оҳалик» қишлоқ фуқаролар йиғинини, 1996 йилдан 1998 йилгача «Меҳробод» ижара хўжалигини бошқарди. Хуллас, қаерда, қайси лавозимда ишламасин доимо элим-юртим деб яшади. Аҳоли фаровонлигини оширишни, уларнинг ҳеч нарсага зориқмасдан ҳаёт кечиришларини ўйлади.
Айни пайтда эса Қумзор МФЙ «Нуроний» жамоатчилик Кенгашининг раиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. 73 ёшдан ошган Раҳим Тўрақуловнинг айтишича, маҳалладаги ҳунарманду деҳқонлар, боғбону соҳибкорлар бошқалардан фарқ қилади. Негаки, уларнинг ота-боболари шу ҳунарни эъзозлаб ўтишган. Ўз ҳунарлари туфайли бойиб, элга ош беришган, ўғил уйлантириб, қиз чиқаришган. Тўй-маъракаларини ҳам катта-катта кошоналарда эмас, ўз ҳовлиларида ўтказишади.
- Миллатимиз улуғлиги боқий анъаналар, қадриятлар билан ўлчанади, - дейди маҳалла нуронийлар етакчиси Р.Тўрақулов. - Шунинг учун фаолларимиз ҳар бир ишни бамаслаҳат, анъаналарга содиқ ҳолда амалга оширадилар. Нуронийларимиз ҳам қараб турганлари йўқ. Уларнинг сайъ-ҳаракатлари билан нуронийлар маскани, маҳалла маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳар бир хона дид билан жиҳозланган бўлиб, бундай қулайликлардан ҳамма хурсанд. Ҳар байрамда бу ерда турли-туман тадбирлар ўтказилади, фахрийлар, ногиронлар ва кўмакка муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинади.
Дарҳақиқат маҳалла нуронийлари ўз етакчилари бошчилигида кўп ишларни амалга ошираётирлар. Кўпчилик эъзозида бўлган Р.Тўрақулов насиҳатлари, беғараз кўмаклари билан маҳалла янада обод бўлиб бормоқда.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.