Дилсора Бақоева 1970 йили Пастдарғом туманида туғилган. Ўрта маълумотни олгандан кейин Самарқанд Давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирди. Ўқиш-изланиш ниҳоясига етгач, Нуробод туманидаги 17-мактабда ўқувчиларга дарс берди, 2001 йили Самарқанд туманидаги 53-мактабга ишга келди ва таълим-тарбия ишларини давом эттирди. 2008 йилдан буён маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосаридир. Муаллима кўп йил халқ таълими соҳасида ишлаб, ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётгани, таълим самарадорлигини оширишдаги хизматлари инобатга олиниб туман ҳокимлиги, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.
Яқинда биз устоз-мураббий билан халқ таълими соҳасини янада юқори поғоналарга кўтаришда қишлоқ ўқитувчисининг роли хусусида суҳбатлашдик. Қуйида ана шу суҳбат матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.
МУХБИР: Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўзларининг бир чиқишларида шундай дедилар: “Эзгу ниятларимиз марказида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом вояга етказиш, уларнинг бахту-саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси туради...” Хўш, бу борада сиз фаолият кўрсатаётган билим масканида қандай ишлар амалга оширилаяпти?
БАҚОЕВА: - Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури”ни ўзларининг дастуриламаллари қилиб олган мактабимиз ўқитувчилар жамоаси ёшларимизга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатиш, уларни мунтазам иш билан таъминлаш, маънавиятини юксалтиришда бор маҳоратларини ишга солаяптилар. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган ишлар ўз ижобий натижаларини бермоқда.
Билим масканида сабоқ олаётган 540 нафар ўғил-қизга 39 нафар иқтидорли ўқитувчилар дарс беришади. Бу ерда фан асосларини мукаммал ўргатишдан ташқари, чет тилини ўргатиш тизими ҳам яхши йўлга қўйилган. Болажонларимиз 100 фоиз дарсликлар билан таъминланган, фан кабинетлари эса чиройли қилиб жиҳозланган. Бу йил мактабга илк ташриф буюрган 61 нафар ўғил-қиз Президент совғалари билан таъминланди.
МУХБИР: Бугун янгича фикрлайдиган, ўз келажагини мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ ҳолда кўрадиган янги авлод вакиллари дадил кириб келмоқда...
БАҚОЕВА: Ҳақ гап. Шу ўринда бу йил 1-синфга қабул қилинган болажонларни олайлик. Улар аллақачон Мамлакат Мадҳиясини яхши ўрганган, баъзилари ҳатто ажойиб суратлар чизишни билади, ҳарфларни танийди. Ахир, шулар эмасми, келажаги порлоқ болалар. Улардан ажойиб инсонлар етишиб чиқишига ишончим комил. Шунинг учун 8 та бошланғич таълимдаги ўғил-қизлар тарбиясига, билимига диққатни қаратганмиз.
Бизда ўз касбига ихлос қўйган ўқитувчилар кўп. Бошланғич таълим ўқитувчиси Мадина Ҳақбердиева, математика, рус тили, тарих фанлари ўқитувчилари Маъсуда Юсупова, Татьяна Схавребова, Шароф Абдумўминовлар шулар жумласидан бўлиб, айни пайтда улар келажагимиз ворисларига пухта билиб бермоқдалар.
МУХБИР: - Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш ҳамда ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
БАҚОЕВА: Тўғри айтдингиз. Болаларни комил инсон қилиб вояга етказишда уларнинг ҳуқуқий билимини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун ишлаб чиқилган дастурлар, Ҳаракатлар стратегияси ва Юртбошимиз асарларидан кенг фойдаланилмоқда. Буюк келажак сари астойдил интилаётган халқимиз истеъдодли фарзандлари билан фахрланади. Мактабимиз жамоаси ҳам 100 нафардан зиёд иқтидорли ва ўзини кўрсата оладиган ўғил-қизлари билан фахрланади.
Суҳбатдош Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.