Бутун инсониятнинг қонунчиликдаги энг катта ютуғи бу Конституцияни яратилишидир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси - 1992 йилнинг 8 декабрида 12 - чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилиниб, 6 бўлим, 26 боб,128 моддадан иборат бўлган Асосий қонунимиз ҳисобланади. Бош Қомусимиз умуминсоний демократик принципларни ўзида мужассам этувчи, инсоннинг, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб эътироф этувчи давлат ҳамда жамият тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи расмий юридик ҳужжатдир. Қонституциямиз том маънода миллий тараққиётимиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик, фаровон ва осуда ҳаётимиз иқтисодий-ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий - маърифий йўналишларда эришаётган ютуқ ва натижаларимизнинг бош омили, халқимизнинг ёруғ ва порлоқ келажагига замин яратаётган, демократик суверен давлатимизнинг эрк тимсоли, ғурур ва ифтихоридир.
Унинг энг муҳим хусусияти инсон улуғланганлиги ва эркин камол топиши учун ҳуқуқий шароитлар яратилганлигидадир.
Истиқлолга эришганимиздан сўнг ўтган вақт мобайнида кўп миллатли Ўзбекистон халқи асл мазмун-моҳияти инсонни улуғлашга қаратилган Бош Қомусимиз ҳимоясида эмин-эркин яшаб келаяпти. Бир сўз билан айтганда, Асосий қонунимиз бугун мамлакатимизда турли соҳаларда рўй бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар, амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси ва ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу кунларда Конституциямиз қабул қилинганлигининг шонли 26 йиллиги байрами бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. 12-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби концерт залида ўтказилган тантанали йиғилишда тумандаги барча соҳа вакиллари иштирок этишди. Давлатимиз мадҳияси янграгандан сўнг, туман ҳокими Ш.Жамолов сўзга чиқиб, туманимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг жорий йилдаги маваффақиятлари ҳамда амалга ошириш лозим бўлган долзарб вазифалар ҳақида тўхталди ва барчани байрам билан қутлади. Туман прокурори Х.Мардиев Бош Қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти, унинг оламшумул обрў-эътибори тўғрисида маъруза қилди.
– - Айни пайтда Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасидаги ишлар жадал суръатларда давом эттирилмоқда, жумладан муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди, мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг "йўл харитаси"га айланди - деди нотиқ.
Шундан сўнг, бир гуруҳ ишлаб-чиқариш илғорлари ва фаолларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Тадбирда эл суйган санъаткорлар ва ёш истеъдодли хонандалар томонидан катта концерт дастури намойиш этилди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.