ёхуд "Фарғона-Тошкент" мақом йўллари хусусида
Мақом санъатининг тарихи жуда узоқ асрларга бориб тақалади. Баҳри уммондек тубсиз мумтоз мусиқамиз айни даврда кўпроқ "мақом" номи билан машҳурдир. Бироқ мусиқий тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, мумтоз мақом тушунчасидан анча олдин юзага келган воқелик, деб эътироф этилади.
Энг қадимги аждодларимиз ҳали мақом тушунчаси шаклланмаган даврда турли мавзуларда қўшиқлар куйлашган. Вақт ўтиб иқтидорли ҳофизу созандалар, бастакору санъаткорлар бу жанрга янгиликлар киритиб, ҳар томонлама бойитиб, мусиқий нола ва сайқаллар бериб янада мукаммал намуналарини яратишига муваффақ бўлишган. Шу тариқа қўшиқчилик санъати узоқ асрлар давомида ривожланди ва мақом даражасига кўтарилди.
Ҳозирги пайтда мақомнинг уч тури мавжуд. Булар "Бухоро-Самарқанд", "Фарғона-Тошкент" ҳамда "Хоразм" мақоми йўллари, деб аталади. Шу ўринда "Фарғона-Тошкент" мақом йўллари ҳақида маълумот бериб ўтсак.
Бу мақом йўллари мақомат санъати оламида ўз ўрни ва жозибасига эгадир. Ушбу мақомлар "Бухоро" ва "Хоразм" мақомларидан фарқли равишда яхлит бир туркумни ташкил этмай, балки алоҳида-алоҳида бўлган чолғу, куй ва ашулалардан иборатдир. "Фарғона-Тошкент" мақом йўлларини ўтган асрнинг 1920 йилидан то 1990 йилгача "Чормақом" деб аташган. Лекин кейинги йилларда мусиқашунослар ва тадқиқотчилар бешинчи ва олтинчи мақомларнинг ҳам мавжудлигини исботладилар. Нега ўша даврларда бешинчи ва олтинчи мақомлар йўқолиб кетган ёки ижро этилмай келинган, деган савол туғилади. Ўзбекистон халқ ҳофизи, устоз санъаткор Орифхон Хотамов ҳаёт бўлган пайтларида телевидение орқали берган маълумотларига кўра, "Фарғона-Тошкент" мақомлари жуда тарқоқ ҳолда бўлган. Унинг тарқоқланишига сабаб Қўқон хонлигидан созандаларни ва созни тушунмайдиган хонлар даврида мақомларни эшитиш анъанаси издан чиқиб кетган. Бу жараён жуда кўп вақт мобайнида бўлганлиги сабабли мақомлар нафақат саройда, балки халқ орасида ҳам эшитишга эҳтиёж бўлмаган. Шу сабабли профессионал мақомдан устозларнинг барчалари тарқалиб тирикчилик важида бошқа касблар билан шуғулланиб кетишган. "Фарғона-Тошкент" мақомларининг тарқалишига яна бир сабаб собиқ шўролар даврида уларни Бухоро шашмақомидан келиб чиққан, деб кўрсатишга мажбур бўлишган. Шу тариқа "Фарғона-Тошкент" мақом йўллари гўзал асарларининг кўп қисмлари изсиз йўқолиб кетган. Уларни фақатгина номларинигина қадимий мусиқий рисолаларидан топишимиз мумкин. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган ва амалда ишлатилаётганларининг рўйхатини келтирамиз.
Баёт-I, Баёт-II, Баёт-III, Баёт-IV, Баёт-V, Қашқарчаи Баёт, Ўйин Баёти, Уфори Баёт, Дутор Баёти, Ноғора Баёти, Дугоҳи Ҳусайни-I - Дугоҳи Ҳусайни-VII, Мушкилоти Дугоҳ, Талқинчаи Мушкилоти Дугоҳ, Уфари Мушкилоти Дугоҳ, Ўйин Дугоҳи, Чоргоҳ-I - Чоргоҳ-V, Ёввойи Чоргоҳ, Гулёр Шахноз, Чапандози Гулёр, Фарғонача Шахноз, Даромади Ушоқ, Қашқарчаи Ушшоқ, Тошкент Ушшоқ, Уфори Содирхон Ушшоқ, Қадим Ушшоқ, Зикри Ушшоқ, Умирзоқ Полвон Ушшоқ, Ёввойи Ушшоқ, Қўқон Ушшоқ, Қашқарчаи Қўқон Ушшоқ, Сегоҳ, Уфори Сегоҳ, Насри Сегоҳ, Уфори Насри Сегоҳ, Мушкилоти Сегоҳ, Наврўзи Ажам тароналари-I,II,III,IV, Каримқулибеги (сарпарда куй), Гиря-I, Гиря-II.
Бу мақом цикллари, асосан, ашула йўлларидан иборат бўлиб, уларда шашмақомдаги каби чолғу йўллари учрамайди. Эслатиб ўтмоқчимиз, шашмақомда мушкилот ва наср шўъбаси мавжуд. Мушкилот-куйлардан шўъба наср-ашулалардан иборат шўъба ҳисобланиб, шашмақомни ижро этишда, энг аввало, мушкилот, яъни куйлар, сўнгра ашула қисми ижро этилади. "Фарғона-Тошкент" мақом йўллари халқ маънавий ҳаёти билан боғлиқ бўлган турли шароит ва вазият (тўй базмлари, халқ тамошолари ва сайллари, дорбозлар ўйини ва ҳоказо)ларда кенг садоланади. Бу ҳолат уларнинг халқ орасида машҳур бўлиши сабабларидан биридир. Инчунин, мазкур дастурда тавсия этилган мақом намуналарининг салмоғини ҳам айнан "Фарғона-Тошкент" мақом йўллари "ишғол" этади. Зеро, бу услуб мақомларнинг халқчиллиги ҳамда оилавий маросим ва радио ҳамда телевидение орқали оммалашган оҳанг-усуллари уларни шинавандалар томонидан ўзлаштиришида маълум қулайлик яратади.
Олимжон ҒАФУРОВ,
мусиқашунос
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.