Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУЮК ЗОТГА ЭҲТИРОМ

Нақшбандия тариқатининг пешволаридан бири бўлмиш Хожа Аҳрори Валий 1404 йилнинг рамазон ойида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Боғистон қишлоғида таваллуд топиб, тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, шафқат ва мурувват соҳасида фаолият олиб борди. Ул зот фуқаро ва давлат раҳбарларининг маънавий-моддий пушти паноҳи сифатида шуҳрат қозонган. Буюк аллома Абдураҳмон Жомий, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ва бошқа сўз усталарининг пиру муриди бўлган. Айниқса, илм аҳлига рағбатли куч бўлиб, олиму уламолар билан ўтказилган анжуманларга ҳамиша файзу барокат бағишлаган.

Хожа Аҳрори Валий 1990 йилда Ургут туманидаги Камонгарон қишлоғида вафот этган ва унинг васиятига кўра, табаррук жасади Ҳазрати Хожа Кафшир маҳалласидаги қабристонга дафн этилган. Шундан сўнг бу ерда Хожа Аҳрори Валий мавзеси барпо бўлган. Бугунги кунда Хожа Аҳрори Валий қўним топган жой обод бўлиб зиёратгоҳга айланган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валий ҳаёт ва фаолияти бутун дунё олимлари томонидан пухта ўрганилмоқда. Улардан бири покистонлик профессор Ориф Навшоҳий бўлиб, ҳозиргача олти жилдлик турли хил тарихий, фалсафий асарлар ёзган.
Куни кеча Ориф Навшоҳий Самарқандга ташриф буюриб, урду тилида ёзган асарини Хожа Аҳрори Валий жомеъ масжиди имом-хатиби Ҳожи Баҳодир Шариповга ҳадя этди.
- Келгуси режаларим жуда улкан, - деди жаноб Ориф Навшоҳий, - яна Хожагон тариқатининг хожаси бўлмиш Убайдуллоҳ Хожа Аҳрори Валий тўғрисида китоб ёзиш ниятим бор. Шу мақсадда Камонгарон қишлоғига, Чоршанбе қабристонига, Хожа Абў Саиди обрез мақбараси, Азизон жомеъ масжиди ва бошқа жойларни зиёрат қилдим. Менга самарқандлик донишманд олим Аслиддин Қамарзода ва унинг жияни Назиржон йўлбошчи ва маслаҳатчи бўлишди.
- Тиниб-тинчимас, изланувчан тадқиқотчи, филология фанлари доктори Ориф Навшоҳий буюк хизматлари эвазига Самарқанднинг фахрий фуқароси бўлишга арзийдиган шахсдир. Ўйлаймизки холис таклифимиз шаҳар ҳокимига маъқул бўлади.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 26/04/2019 15:37;   Просмотров: 1014
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку