Ўзининг бетакрор истеъдоди, моҳир ижрочилиги, серқирра, бастакорлиги, тожик ва ўзбек халқининг маънавий ва мусиқий мероси бўлмиш Шашмақом илмининг зукко билимдони сифатида Марказий Осиёда машҳур бўлган оташнафас ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов таваллудига 165 йил тўлди.
Эски мактабда ўқиб таълим олган, Навоий, Бедил, Фузулий, Ҳилолий, Ҳофиз Шерозий, Фурқат каби буюк шоирларнинг ғазаллари билан танишиб ёд олган, уларга ўзича куй басталаб қўшиқ куйлаган ёш Абдулазиз тоғаси Қори Кароматиллодан тез орада дўмбира ва дутор чертишни ўрганиб олади. Абдулазиз бу йўлда изланишни сабот билан давом эттиради. Унинг қобилияти ва истеъдодини пайқаган ўша даврнинг Ҳожи Раҳимберди, Мирза Маҳмуди Булбул, Жўрабек Фанларий, Мирзо Шокир, Борухи Калхак сингари ҳофиз ва созандалари Абдулазизни мақомнинг сир-асрорларидан воқиф этади.
Кунларнинг бирида Самарқандга бухоролик машҳур ҳофизлар, созандалар, қизиқчи-масхарабозлар келиб Рамазон сайлида қатнашадилар. Халқ куйлари қўшиқларидан намуналар ижро этадилар. Уларнинг ижрочилик маҳорати қўшиқнинг «Зебопари» авж пардасидаги нолалар Абдулазизни ҳайратга солади. Ана шунда у ҳали мақомларнинг кўп қирралари ўзи учун тилсимлигини пайқади. У эзгу ниятлар билан 1880 йилнинг кузида Шашмақомни ўргангани Бухорога боради. Ўтган асрнинг охирида Бухоро халқ мақомининг устаси Ота Жалол Носирга шогирд тушади. Зеҳни ўткир, хотираси кучли Абдулазиз талабчан устоздан Шашмақомнинг барча сир-асрорларини ўрганиб олади. Самарқандга қайтгач, у Шашмақом қотиб қолган оҳанглар мажмуаси эмаслигини исботлаш учун кўпчиликка ёд бўлиб кетган машҳур куйларга Навоий, Ҳилолий, Жомий, Фузулий каби шоирларнинг ғазалини солиб куйлайди. «Ироқ», «Чакандози Ироқи», «Насруллойи», «Наврўзи Ажам», «Мустаҳзод» сингари қўшиқлар унинг ижросида ўзгача жозиба касб этади. 1887 йилнинг мартида А.Абдурасулов бир гуруҳ юртдошлари билан ҳаж сафарига отланади. Туркия, Африка қитъаси давлатларида бўлади. У йўлда кетаётиб толиққан пайтлари қўшиқ куйлайди. Айниқса Туркияда бўлганида кишилар гавжум жойларда дутор чертиб, мақом қўшиқларини ижро этади. Кейинчалик турк, озар куйи асосида «Қурбон ўлам» қўшиғини яратади.
1907 йили яна хорижга йўл олади. Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Арабистонда бўлди. Диний маросимларни охирига етказиб, «Ҳожи» номини олган Абдулазиз кўпгина ватандошлари илтимосига кўра бироз шу ерда қолади. У ерда «Гадойи» куйини, Миср ва Жазоирда бўлганида эса «Жазоир» ва «Мисрий» деб номланмиш куйларини яратади. 1923 йилда унинг ташаббуси билан Самарқанд педагогика билим юрти қошида миллий мусиқа бўлими очилади. Бу ерда педагогик фаолиятини бошлаган устоз ёшларга миллий мусиқадан сабоқ бера бошлади. Талабалардан ансамбль ташкил этади. Юнус Ражабий, Рисқи Ражабий, И.Икромов ва Исмат чангчи Тошкентдан Самарқанддаги мусиқа билим юртига муаллим бўлиб келишди. Улар ҳофизни уйида яшаб Шашмақомнинг назарий томонлари, дутор ва танбур чертиш сирларини пухта ўрганиб олдилар. 1928 йили Самарқанд мусиқа ва хореография институтининг ташкил этилиши катта ижодий жараёнга йўл очди. Бу ерга А.Исмоилов, Ҳ.Ибодов, М.Харратов, Ота Жалол Носиров каби таниқли мусиқашунослар тўпланадилар. Шу жумладан, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ҳам. Мусиқашунослик ва бастакорликда номлари элга танилган М.Бурҳонов, М.Левиев, М.Ашрафий, Ш.Рамазонов, Т.Содиқов, Д.Зокиров каби санъаткорлар дастлабки сабоқларини ана шу устозлардан олганлар. Ҳ.А.Абдурасулов бирор ашула ёки қўшиқ айтса, унга куй басталаса, даставвал унинг поэтик манбаига эътибор беради. Ҳофизнинг «Самарқанд ушшоғи» қўшиғи фикримиз далилидир. Маълумки, ушшоқ тожик ва ўзбек халқининг қадимдан севиб ижро этиб келинадиган қўшиғи ҳисобланади. Аммо Ҳожи бобонинг ижро услуби ва қўшиқнинг ижро жозибаси улардан фарқ қилади. Умуман Ҳожи бобонинг халқимиз санъати хазинасига сержило, бебаҳо дурдоналар қўшганлигини ифтихор билан айтиш керак. Мумтоз қўшиқлар, деб номланган «Бебокча», «Гулузорим», «Абдураҳмонбеги», «Ироқ», «Талқинчаи Наво», «Ушшоқи Самарқанд» каби ўнлаб етук асарлар у асос солган Самарқанд мақом мактабининг кўрки бўлиб қолди.
Ҳофизнинг кенжа қизлари Мўътабар Азизованинг ҳаётлигида айтиб беришича, Ҳожи Абдулазиз 300 байтдан кўпроқ форсча, ўзбекча шеърлар битган. Ҳофизнинг вафотидан сўнг, унинг иккинчи ўғли Файзулло таниқли машшоқ бўлганлиги учун Душанбе театрига ишга таклиф қилинади. Шунда у отасининг қўлёзмаларини ўзи билан бирга китоб қилиш учун олиб кетади. Бу орада иккинчи жаҳон уруши бошланиб Файзулло ҳам ватан ҳимоясига отланади. Аммо у урушдан қайтмайди, қўлёзмалар эса йўқолиб кетади.
Машҳур ҳофизнинг ўзига хос маҳоратларидан бири шуки, у санъат гулшанига катта янгилик билан кириб келди. У дутор асбобида мақом йўлларини ижро этиб, шу давргача келган анъана танбур, сеторда ижро этилиши лозим бўлган қоидани «бузди». Бу эса унинг нақадар ақлу-заковатли, теран фикрли қобилият эгаси, иқтидорли мусиқашунос эканлигидан далолат беради.
Бунга биз жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда ўтказилган «Халқаро мақом фестивали»да ҳам гувоҳ бўлдик. Мақом фестивалининг очилиш маросимида устоз Ҳ.А.Абдурасулов басталаган қўшиқлар ижро этилди.
Олимжон ҒАФУРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.