Бола яхшиликча тушунмаса нима қилиш керак? Хонасини тартибга келтиришни истамаса, уй ишларига ёрдам бермаса, уйга берилган вазифани бажармаса қандай чора қўллаган маъқул? Бола ота-онаси фикрини назар-писанд қилмайдиган бўлса, дангасалик ва худбинлик қилса, аҳволни яхшилаш мумкинми?
Қуйида бола билан ўзаро келишув, ҳурмат ва муҳаббатга асосланган муносабатни ўрнатиш борасида тавсиялар берилади. Уларни қўллаб кўплаб муаммоларни бартараф этиш мумкин.
Қайси ота-она боласининг ҳурмат қилишини, севишини ва итоатли бўлишини хоҳламайди? Ўғлининг қўпол ёки қизининг бетгачопар бўлишини ҳеч ким истамайди. Доимий жанжалга кимнинг тоби бор? Демак, биз, ота-она фикрини ҳурмат қиладиган, итоатли, мақсадга интилувчан, меҳрибон бола ўстиришни истаймиз. Агар бола тўғри тарбияланса, у шундай бўлишининг эҳтимоли юқори. Лекин бола гап қайтарса, қўполлик, инжиқлик, худбинлик қилса, уйдан қочиб кетса – ёмон тарбияланганидан далолат.
Ўтсиз тутун бўлмаганидек, бола ўз-ўзидан тарбиясиз бўлиб қолмайди ва бундан уларга фойда йўқ.
Биз кўпинча тарбия усули сифатида куч ишлатишдан фойдаланамиз. Куч ишлатиш мажбурлаш усулига киради. Мажбурлаш бошқа одамнинг эркинлигини бостиришга қаратилган ҳаракатдир. Бу шахснинг хоҳиш-иродасини эътиборга олмаслик, эркин танловини инкор этиш, тақиқ, мажбур қилишдир.
Куч ишлатишга руҳий ва жисмоний куч ишлатиш ҳамда уларни қўшиб олиб бориш киради.
Руҳий куч ишлатишга сўз ёки ҳаракат билан қўрқитиш, ҳақоратлаш, бақириш, қовоқ уюш, уялтириш кирса, жимсоний куч ишлатишга шулар билан бирга қулоқни тортиш, гарданига уриш, тасма билан савалаш каби баданга азоб етказиш киради.
Бошқача айтганда, ўз истагини бажартириш учун кучли томоннинг руҳий ва жисмоний таъсир кўрсатиши куч ишлатишга киради. Умуман, қамчи воситасида болани тарбиялаш собиқ шўро давлатларида азалий удум ҳисобланиб, болада катталарга нисбатан пайдо бўлган ғазаб куч орқали бостирилган.
Боланинг фикри катталарникидан фарқ қилса, у ё эътиборга олинмайди, ёки ман этилади. Бола катталарнинг буйруғини бажармаган тақдирда ҳам унга руҳан ёки жисмонан куч ишлатилади. Нега? Яхши одам бўлиши учунми? Йўқ, бу усул яхшиликка олиб келмайди, Аксинча болани ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажарадиган, ўз фикрига эга бўлишга ҳайиқадиган одамга айлантириб қўяди. Қайси ота-она фарзандининг шундай одам бўлишини истайди? Қамчи усули шундай одамни етиштириб чиқарадиган бўлса, нима қилиш керак? Аввало қамчи усули бола руҳиятига қанчалик таъсир этишини аниқлаб олайлик.
Бола тилга кира бошлаганда, у тушунмаса-да, ота-онаси айтган сўзни қайтаради. Кейин катталарга ўхшаб, сўзларни қўшиб, гап тузишга ўтади. Лекин сўз билан бирга атрофдагиларнинг юз ва қўл ҳаракати, кўз қарашидаги ўзгариш ҳам маълум маънога эга ва улар ҳам ўзаро муносабатнинг бир кўриниши эканини англаб етади. Бу ишни қандай бажарса бўлади? Унга номаълум-ку? Бола буни кўпинча ёнида бўлган ота-онасидан ўрганади. Худди сўзларни ўргангани каби, сўзлаш услубини, ишоралар орқали мулоқотни ота-онасидан ўзига сингдиради. Ёш бола ота-онаси айтган гапнинг 72 фоизини эшитган замон унутади, лекин уларнинг ўзларини тутишини, қандай гапиришини, овозининг ўзига хос сифатларини, ишора ва ҳаракатларини яхши ўзлаштиради ва эслаб қолиб, уларни қайтаради. Чунки бола ота-онаси нима қилса, ўшани мен ҳам қилишим керак, деб ўйлайди.
Бола бошқалар билан қандай гапириш кераклигини ота-онасидан ўрганади. Ота ва онаси бир-бирига қандай мурожаат қиляпти, уйни қандай йиғиштиряпти, бир-бирига миннатдорчилик билдиряптими, ҳурмат қиляптими?
Боланинг уринмаган ақли ота-онасининг юриш-туришини сувшимгич қоғоздек ўзига юқтириб олади.
Энди болани қамчи билан тарбиялаш усулини кўриб чиқамиз.
Агар бола ота-онага қулоқ солмаса ёки истагига қарши чиқса, жазоланади. Нега?
Ахир истак ёки айтгани бажарилмаса ўзига нисбатан қандай чора кўрилишини бола кўряпти. Ота-онаси ғазабланяпти, сўкяпти. Боланинг истаги бажарилмаса, у ҳам шуни қайтаради - ғазабланади, қич-қиради, депсинади, яъни шундай қилиш керак деб ўйлайди.
Буни кўрган ота-она янада ғазаб отига минади ва яна болани қийнашни давом этади. Шунда истакни бажартириш учун одамларни эзиш керак экан, деган фикрга боради бола. Улар кучли бўлгани учун истакларини бажартиришди. Бу адолатдан эмас. Мен ҳам катта бўлсам зўр бўламан, деган хулосага келади у. Демак боланинг истаги ота-онага ёқмаса, уни куч билан бостириш керак. Шу тўғри тарбиями? Йўқ! Ривожланган давлатларда бу усул болани руҳан жароҳатлайди, деб бундай қилинмайди. Биз эса варварлар усулини қўллашдан ҳамон қутилмаяпмиз.
Кузатишлардан маълумки, боланинг ота-онасига ўхшашга интилиши қуйидаги қоидаларни келтириб чиқаради:
Ҳурмат қилмасликнинг жавоби – ҳурмат қилмаслик. Худбинлик худбинликни келтириб чиқаради. Эътиборли бўлса, эътибор топади. Боланинг фикри билан қизиқилмаса, у ҳам катталарнинг фикрига қизиқмайдиган бўлади. Мажбурлаш эркинликни чеклайди.
Бола ҳис-туйғуни онгли равишда танламайди, балки у орқали воқеа-ҳодисага таъсир кўрсатади. Масалан, ота-онанинг ноҳақлиги болани ранжитади ва ўзига нисбатан ачиниш туйиб, у кўз ёш тўкади ва қаттиқ йиғлайди. Бола катталардан фарқли ўлароқ ҳиссиётини эркин ифода этади ва унга қарши боролмайди. Унинг ҳиссиёти туғдирган салбий ҳаракати ота-она томонидан жазоланса, боланинг хафалиги янада ортади ва катталарнинг куч ишлатганига қарши пайдо бўлган салбий ҳиссиёт ғазабини келтиради, ўзини кераксиздек сезиб, ноҳақликни туяди. Бирор ёмон ишни такрорламаслик сўралганда бола рози бўлиб, лекин ҳеч қанча вақт ўтмай бу ишни яна қайтариши унинг атайлаб қилишидан эмас, ҳиссиётини бошқара олмагани натижасида содир бўлади. Яна қайтарамиз, бола онгли равишда ҳиссиётини бошқара олмайди.
Бола гуноҳ қилса ота-онасини бурчакка тик қўйиш керак, деган янги нақл бор.
Ота-оналар болани жазолаганда, бу унга сабоқ бўлади, қилган хатосини қайтарса яна жазоланишини ўйлаб, тортган азоби ёдига тушади ва ўзини яхши тутади деб ўйлашади.
Ҳақиқатда эса, бу жазо болани бўйсўнадиган эмас, ўзига ишонмайдиган қилиб қўяди. Агар жазодан бола яхши бўлиб қолганда эди, бу чора дарров ижобий натижасини берган бўларди. Афсуски бундай эмас.
Бола воқеа-ҳодисага нисбатан ўз салбий ҳиссиётини намоён этса, жазоламаслик керак. Чунки жазолашнинг ўзи ҳам салбий ҳис-туйғу натижаси ҳисобланади. Демак, бу учун ота-онанинг ўзи ҳам жазога лойиқ. Уларга бу ҳолатлари учун вақтида чора кўрилган. Энди буни улар фарзандларига қайтаришяпти. Бу яна қанча давом этиши мумкин? Агар бу усул тарбияга ярамаган бўлса, тўхтатиш керак. Ким тўхтатади? Биз эмасми?
Х.НУР тайёрлади
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.