– Биз, кексаларнинг каттаю кичикка илинганимиз – дуо, – дейди Бобомурод ота Зиёев. – Униб-ўссин, ҳеч кимдан кам бўлмасин, ёмонлик уларга яқин йўламасин, ўтмишда биз кўрган оғир кунларни кўрмасин, деймиз-да.
Бу йил 85 баҳорни қарши олган Бобомурод ота йигитлардек бардам ва тетик. Туманда қандай тадбир уюштирилмасин, у кишини, албатта, таклиф этишади. Барчани истиқлолдан баҳра олиб яшашга, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга даъват этади.
Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган Б.Зиёев кўп йиллар Са-марқанд вилояти партия ва ижроия қўмиталарида масъул вазифаларда ишлади. Қарийб ўн йил Ургут туман партия қўмитаси котиби бўлиб, туман тараққиётига ўз ҳиссасини қўшди. Кўприклар, турли-туман маданий-маший бинолар барпо этилишига, боғлар ташкил қилинишига эришди. Шунинг учун ургутликлар отахонни ҳали-ҳануз “Райком бува” дея ардоқлашади, келиб ҳол-аҳвол сўраб туришади.
Туғилиб ўсган Самар-қанд туманига келиб олти йил туман ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, беш йил Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшма қўмитаси туман Кенгашининг раиси, 1996 йилдан 2009 йилга қадар Республика “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси лавозимида фаолият юритди. Айни пайтда эса жамоатчилик асосида шу бўлим раисининг ўринбосаридир. Отахоннинг баракали меҳнати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. Бир қанча Фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совғалардан ташқари Биринчи Президентимиз Фармонига биноан 2003 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Бобомурод ота нуронийларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни Ватанга садоқат, юксак салоҳият ва маънавиятли инсон қилиб тарбиялаш борасида ҳам самарали меҳнат қилмоқда. Бўлимнинг туманда 72 та жамоатчилик Маркази мавжуд. Улар томонидан 17929 нафардан зиёд нуронийлар, 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ижтимоий ҳимояга олинган. Кейинги уч йил давомида ҳомийлар томонидан нуронийларга 210 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. Отахоннинг бевосита ёрдами ва саъй-ҳаракати билан 820 нафардан ортиқ нуроний имтиёзли дори-дармонлар билан таъминланди. Саломатликларини мустаҳкамлаш, вақтларини мазмунли ўтказишлари учун зарур шароитлар яратиш мақсадида турли спорт мусобақалари ўтказилди. 550 нафар нуроний учун эса республикадаги бешта муқаддас қадамжоларга зиёратлар уюштирилди.
Шу кунларда ҳам отахон Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси бўйича аҳоли, хусусан ёшлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бормоқда.
Ана шу ташвиқот ишларида қатнашар экан нуронийнинг бу борадаги ўрни ва роли қандай бўлиши кераклигини ҳам исботламоқда. Туманда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлашда нималарга эътибор бериш кераклигини уқтириб, кўпчилик эътиборини қозонмоқда. Шунинг учун нуронийлар бу соҳаларга алоҳида эътибор бериш, оилалар тотувлигини таъминлашда тажрибаларига таянмоқдалар. Шунинг билан бирга айни глобаллашув жараёнида “оммавий маданият” ниқоби остида миллий қадриятларимизга зид ғайриахлоқий қарашларнинг олдини олишда ҳам ташаббускорлик кўрсатаяптилар.
Бобомурод ота бугунги ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ҳақида шундай деди:
– Ёшларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак, арзийди. Негаки, улар юксак маънавият ҳамда мустақил фикр эгаси, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган баркамол авлод вакиллари сифатида барча жабҳада ўз салоҳиятларини намоён этмоқдалар. Бу, албатта, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёшларга яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор самарасидир. Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Хусусан, молия муассасалари мазкур қарорда белгиланган вазифалар, шунингдек, ўзларининг ижтимоий-иқтисодий ваколатидан келиб чиққан ҳолда, йигит-қизларга имтиёзли ва қулай шартларда кредитлар тақдим этмоқда. Ёш тадбиркорлар ҳамда оилаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилан лойиҳаларни амалга оширишда Меҳнат ва аҳолини ижимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Ўрта-махсус касб-ҳунар таълими Маркази сингари ташкилотлар билан ҳамкорлик тобора кенгайиб, ёшлар салоҳияти намоён бўлаяпти.
Билим ва малакасини оширган ёшларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнаб, иқтисодий салоҳияти дунё миқёсида ўзгача шукуҳ билан кўзга кўринмоқда. Бир пайтлар ўзимизда етиштирилган атиргулларни хорижга сотаяпмиз, десак биров ишонмасди. Ҳа, ҳозир шундай бўлаяпти. Мамлакатимиз ўзининг мустақил тараққиёт йўлида жаҳон бозорига дадил қадамлар билан кириб борди. Бугун ер юзида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотлар кириб бормаган жой қолмади, ҳисоб. Бундай муваффақиятларни қўлга киритаётган ёшларга ҳавас билан қарайман. Қани ёш бўлсам, мен ҳам улар билан шахдам қадам ташласам, дейман. Афсус, ёшим тўғри келмайди. Шу ёшимда мамлакатимиз, туманимиздаги ёш кадрларнинг улкан ютуқларидан қувонаман, қаерга бормай шуларни тўлқинланиб ҳикоя қилиб бераман.
Биз киммиз, қандай буюк зотларнинг, қандай буюк мероснинг ворисларимиз?! Юртимиз нафақат буюк тарихга эга, шу билан бирга, алломаларга бешик бўлган табаррук маскан ҳамдир. Бироқ, мустабид тузум даврида ана шундай алломаларимизга, уларнинг меросига беписандлик ва ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинди. Бундай “ташаббус”лардан кўзда тутилган мақсад тарихимизни сохталаштириш эди. Натижада қанчадан-қанча азиз-авлиёларимиз, олиму-мутафаккирларимизнинг фаолиятини, илмий меросини ўрганишдан маҳрум бўлдик. Истиқлолга эришилгач, маънавий қадриятларимиз тикланди. Уларнинг сўнгги манзиллари зиёратгоҳларга айлантирилди. Ҳозир ёшларимиз Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Мотурудий, Маҳмуд Замахшарий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Воҳид Абдулло, Ботир Валихожаевларнинг илмий-адабий меросларини ўқиб-ўрганиб, жаҳон аҳлига буларнинг кимлигини баралла айтиб бермоқдалар.
Буларнинг боиси ўлароқ сайқал топаётган Самар-қанд шаҳримизда қатор ишлар амалга оширилди. Бинобарин, мустақиллик туфайли, ёшлар ғайрати билан буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги, Амир Темурнинг 660 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Имом ал-Бухорий меъморий ёдгорлиги қурилди. Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланди.
Нормамат ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.