Бу воқеа 1976 йилнинг апрель ойида юз берган эди. Ўша йили мен Ургут туманининг Равот-Хўжа қўрғонидаги мактабда директор эдим. 10 кун олдин хушхабар тарқалди. Равот-Хўжага ўртоқ Шароф Рашидов келар эмиш.
Бир ҳафта давомида мактаб ўқувчилари билан ҳамма жойларни тозалаб, дарахтларни оқлаб чиқдик. Зарафшон дарёсининг устида 1923-1930 йиллар давомида халқ ҳашари билан қурилган 230 метрлик сув тўғони дарё сувини уч бўлакка бўлади; ўнг томони Жиззахгача, чап томони Дарғом канали ва ўрта асосий қисми Самарқанддан Оқдарё ва Қорадарёларга бўлинади. Ўша оғир йилларда қурилган бу катта иншоот халқ хўжалиги ва унинг ривожланиши учун ниҳоятда зарур эди.
Янги Дарғом канали Зарафшон дарёсидан 7 та дарвоза орқали сув олиб ер ости тунелга киради ва 800 метрдан кейин ер устига чиқади. Ана шу 800 метр тунелни одамлар етти йил давомида бел ва курак ёрдамида қазиганлар. Бу шижоат ва матонатни, халқимизнинг ўша оғир ва қимматчилик йилларидаги қаҳрамонлигини қанча мақтасак арзийди...
Ва ниҳоят, телефон орқали хабар келди, эртага Шароф Рашидов келар экан, деб.
Ўша куни Самарқанддан, Ургутдан ҳамма раҳбарлар келишди, кечгача Самарқанд вилоят партия комитетининг биринчи секретари Бектош Раҳимов, вилоят ижроия комитетининг раиси Синдор Ҳамроқулов, Самарқанд вилоят сув хўжалигининг ҳамма раҳбарлари, Ургутдан Б.Зиёев бошлиқ барча раҳбарлар. Ҳамма навбати билан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.
Бектош Раҳимов гапириб, Ш.Рашидов келишидан мақсад: 1) Тўғон ишлари билан танишиш. 2) Музей (1 этаж) ва меҳмонхона - (2 этаж). 3) Самарқанд-Панжакент катта йўлининг Равот-Хўжадан чиқиш жойида СССР нинг 15 та республикаси байроқлари ўрнатилган деворни (стелла) кўриш ва кейин Ургут шаҳрига бориб, вилоят раҳбарлари билан семинар ўтказиш эканини баён этди.
Иккинчи масала: қаерда кутиб олиш! Айрим раҳбарларнинг катта кўприкдан ўтиб кутиб олишни айтишди. Ш.Рашидов пиёда юришни яхши кўрар экан, шунинг учун ҳамма маслаҳатлашиб, музей олдида кутиб оладиган бўлишди. Биринчи қават музей, иккинчи қават меҳмонхона ва безатилган стол...
Эрталаб соат 10, ҳаяжонли дамлар, ҳамма ерда катта мошинлар сув сепиб юрибди. Булунғур томонидан 5 та оқ волга кўприкнинг ўнг томонига келиб тўхтади. Шароф Рашидов мошиндан тушиб катта кўприк орқали пиёда келиб, олдин Дарғом ёқасидаги ёзувларни синчковлик билан ўқиб, шахдам қадам ташлаб, биз томонга келди. Унинг ҳамроҳи баланд бўйли ҳарбий кийинган бир генерал эди. Уларга пешвоз Бектош Раҳимов ва Синдор Ҳамроқуловлар чиқишди. Буларнинг бўйи уларникидан анча паст. Шундай қилиб 4 киши музей эшигига яқинлашди. Ш.Рашидов савол берди. “Бектош Раҳимов, бу қурилишлар ўша маслаҳат биланми”, деганда Бектош Раҳимов “Ҳа, ўртоқ Рашидов, ўша берган маслаҳатларингиз билан” деди. Ш.Рашидовнинг овози ниҳоят паст ва ёқимли эди. Пионерлардан гулни олиб, уларнинг пешонасидан ўпиб, мен билан салом-алик қилди ва кимлигимни сўради. Директор эканлигимни эшитиб, «раҳмат» деди. Ниҳоятда оддий ва камтарин инсон эканлигини ҳаммага айтиб, доим ўша ҳаяжонли дамларни эслаб юраман.
Шундай ажойиб, камтарин ва маданиятли инсонни халқимиз доимо эслайди. Шароф Рашидов иккинчи қаватга чиқди, бошқалар унга эргашди. Мен эса болалар билан мактабга қайтдим. Ана шундай, ҳаётимда ажойиб инсон, ўша маданиятли ва зукко ёзувчи Ш.Рашидов билан учрашганимни ҳар доим эслайман ва минг афсуски, у кишининг ўлимидан сўнг ўрнига келган раҳбарлар (уларни мен нонкўр вандаллар дейман) шундай ажойиб инсоннинг номини булғаб, китобларини йўқ килишга уринишди. Бу тарихчилар тили билан айтганда “вандализм”. Худди шунга ўхшаш ҳаракатларни Германияда 1933 йилдан бошлаб Гитлер бошчилигида фашистлар қилган эди.
50-чи йилларда биз ҳали ёш эдик. 9-10 синф комсомоллари директорнинг буйруғи билан ота-оналарининг уйларидан араб алифбосида ёзилган юзлаб китобларни яширинча мактабга келтириб ёқиб юборганларини ўз кўзларим билан кўрганман. Ўша кўрсавод коммунистлар у китоблар аждодларимиздан қолган бой маданиятимизнинг асл дурдонаси эканлигини билмасмидилар.
60-чи йиллар улуғ ҳинд халқининг раҳбари Лаъл Баҳодур Шастри ва Покистон Президенти Муҳаммад Айюбхон бошчилигидаги икки буюк давлат ўртасидаги келишмовчиликларни бости-бости қилиш учун Тошкентдаги учрашувда Шароф Рашидовнинг қилган одилона ҳаракатлари, 1966 йили Тошкентдаги кучли зилзила натижасида бир неча йиллар кечаю кундуз дам олмаганлари, ўша суронли ва ваҳимали йилларда, Хрушев ва Брежневлар салтанатлари даврида Ўзбекистон зиммасига 6 миллион тонна пахта юклаш, ҳар бир раҳбарнинг бошига ўша оғир мусибатлар тушганлиги ҳаммага маълум эди.
Съезднинг катта минбаридан туриб Брежнев “Шарофака обещает, в этом году он сдаёт государстве 6 миллионов тонн хлопка...” дегани кўпчилик катта ёшдагиларнинг ёдида.
Айтишга осон, бу кўмир эмас, картошка эмас, бу пахта толаси!
Ана, энди Шароф Рашидовдан Москва кўп нарсани кутади, у эса жонини жабборга бериб кечаю кундуз Ўзбекистон бўйлаб кезади, ваъдага вафо қилиш керак, кузда яна каттакон билан юзма-юз бўлиш керак. Ана шундай ўй-хаёллар билан раҳматли Шароф Рашидов вилоятма-вилоят юриб 62 ёшида бандаликни бажо келтирди. Минг афсуски, Ўзбекистон халқи ўзининг асл ва камтарин фарзандидан бевақт жудо бўлди.
Ана шундай ажойиб инсон билан ишлаган айрим раҳбарлар лавозимга миниб, тирноқ остидан кир излаб, марҳумнинг номига, оиласига, шаънига иснод келтирдилар. Барибир, ҳақиқат қарор топди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш ва унинг хотирасини абадийлаштириш борасида ажойиб фармон эълон қилинди. Эзгулик ва адолат тантана қилди.
Карим бобо ЎРУНОВ,
80 ёшли олий тоифали ўқитувчи, меҳнат фахрийси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.