Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилганликнинг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди.
Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдиради. Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари «илоҳиётда аввал ихлос кейин илм туради», - дейдилар. Аллоҳ таоло айтади: «… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган(барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11- оят).
Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб этилиб, илм эгалари мадҳ қилинган. Жумладан, бир ҳадисларида: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар»- деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти). Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча китобларини олиб ўқир эканлар.
Ал-Ҳасан ибн Саҳл айтдилар: «Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб васият қилар эди: «Ёлғизлик ваҳшатини китобларни ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир.»». Бобомиз Амир Темур айтадилар: «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир». Хўжа Аҳрори Валий жомеъ масжидида катта замонавий кутубхона очилди. Фарзандларимизга моддий жиҳатдан эмас, балки, уларга айниқса, туғилган кунларида китоб совға қилсак мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳозирги фаровон, тинч-омон ва тўкин-сочин ҳаётимиз қадрига етмаган айрим ёшлар таълим олиш, ўқиб-ўрганиш, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш, касб-ҳунар сирларини ўрганиш ўрнига фурсатни ғанимат билмай, бепарволик қилмоқдалар. Улар олтиндан қиммат вақтларини кўча-кўйларда бемақсад юришлар билан бой беришяпти, кунларини мазмунсиз ўтказиб, бегона ёт ғоялар ортидан эргашиб, ёш умрларини хазон этмоқдалар. Ҳасанул Басрийдан ривоят қилинади. У зот «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир»- деганлар. Шу ўринда муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси ва таълимига жиддий аҳамият бериши, мактабга борганда мактаб формасида кийинишига эътибор қаратиши, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг албатта, бирон бир фойдали машғулот билан шуғулланиши, масалан, спорт, уй юмушлари, томорқа ва чорва ҳайвонлари парвариши каби жисмоний ишларга жалб қилишлари зарур эканлигини таъкидлаймиз.
Б.ШАРИПОВ, туман бош имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.