Болалик пайтимда бир воқеанинг гувоҳи бўлганман. Ҳали-ҳануз ўша воқеа кўз ўнгимдан кетмайди.
Ўтган асрнинг 50-йиллар охири, 60-йиллар боши эди. Ёз пайти. Кўчанинг икки тарафидаги манзарали ва мевали дарахтлар яшнаб турибди. Шаҳар томондан келсангиз ўнг тарафдаги базмгоҳ кўзга ташланади. Унинг ёнида дорихона ва ҳашаматли клуб жойлашган (клубни 1930 йили Алихон бобо бошчилигида маҳалла фаоллари ҳашар йўли билан қуришган). Чап тарафда эса каттагина “Универмаг”. Унинг ёнида автобус бекати бор. Автобус шаҳардан келардида клуб қаршисидан қайрилиб бекатда тўхтагач, йўловчилар тушишарди.
Бошига оқ дуррачасини ташлаб олган кекса ёшдаги онахон қўлидаги ҳассасига суяниб бекатда ўтирибди. У автобусдан тушаётган йўловчиларни синчковлик билан кузатади. Ҳар куни шу ҳолат. Ўғли Умрбекни кутарди. Шу ердан “Автобусда қайтаман, онажон!” – деганди у. Шундан буён бечора она Умрбекини интизорлик билан кутади. Ҳар гал автобус келиб тўхтаб йўловчилар тушса, қарайди, ўғли кўринмагач, ҳассасини тўққилатганча автобусга яқинлашиб, шофёрдан боласини сўрайди... “Кўрмадим хола, кўринмади!” – ҳайдовчининг жавобидан кейин яна келиб бекатга ўтирар экан: “Кейингисида келса керак!” дея ўзини юпатарди.
– Холажон кеч бўлди,-дерди қуёш уфққа бош қўйгач йўловчилардан бири. – Бошқа автобус келмайди, уйингизга боринг.
– Хай, майли. Ўғлим Умрбек бугун келолмади. Худо хоҳласа, эртага келади, – дея онахон ҳассасини тўқ-тўқ қилганча уйи томон йўл олади.
Йўл-йўлакай мудҳиш босмачилик даври, колхозлар ташкил топаётган пайтларни, турмуш ўртоғининг ўлганини ва ўғлини фронтга кузатган дамларни эслайди.
Ўғли Умрбекни еру-кўкка ишонмасди. Ўғли ҳам мактабни битиргунга қадар онажонига кўмаклашиб, отасининг йўқлигини билдирмай юрди. Тинчгина яшаб юришарди. Лекин, бу тинчлик узоққа бормади. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолди. 17 ёшли Умрбек ўз хоҳиши билан Ватан ҳимоясига отланди. Она ҳар гал ўғлидан мактуб келса, ўзида йўқ қувонар, уни қайта-қайта ўқиб тўймасди.
– Ҳа, янгажон, қаердан келаяпсиз,-колхозчи аёллар саволидан хаёл қушлари учиб кетди.
– Автобус бекатидан, – ҳассасига таянганча жавоб қайтарди она. -Умрбек ўғлим бугун келаолмади. Худо хоҳласа эртага келади.
– Худо хоҳласа!.. – дейишди аёллар ҳам ва бир-бирларига қараб бош чайқашди. Лекин, ҳеч ким онанинг ўғли жангда мардларча вафот этганлигини айтишга ўзларига куч топиша олишмасди.
– Ўғлим келса уйлантираман, албатта тўйида хизмат қиласизлар, – гап бошлади она. – Ҳа, қандайдир бир мато чиқибди, номи ҳам алламбало, ёдимда йўқ...
– Парча!..
– Э, ҳа парча-ми? – қувониб кетди она. – Ўшани қидириб юрувдим. Ўшандан олсам сандиғим тўларди. Битта наввос ва қўй ҳам олганман. Ўғлим келиши билан тўйни бошлайман-да.
– Холажон, бизни ҳам тўйга айтасизми? – ҳазиллашди қизлар.
– Албатта айтаман. Сизлар келин-куёв олдида ўйнайсизлар. Мен ўйнай олмайман-ку!
Она щундай дея уйи томон бурилди. Кекса колхозчи аёллар эса унинг ортидан қараб, кўзларига ёш олишди. Шу пайт звено бошлиғининг овози эшитилди.
– Қани қизлар, ғайрат қилинглар, кун ҳам кеч бўлди. Шу помидор жўясини чопиб чиқинглар энди.
... Онанинг кўзи олдида келин-куёвнинг олов атрофидан айланаётгани-ю, халқнинг ёр-ёр айтаётгани намоён бўлади. Шу ширин хаёллар билан ҳовлиси дарвозасига яқинлашди. Эшик очилиб ичкаридан жиян келини ва жиян набиралари чиқишди.
– Аммажон, кечки овқат тайёр бўлган, отаси ҳозиргина ишдан келдилар, – деди жиян келини. – Ҳаммамиз сизни кутаяпмиз.
Бу жиян келин қайнисининг ўғли Ҳайитқулнинг турмуш ўртоғи эди. Она ўғли урушга кетиб якка ўзи қолгани учун уни бу ерга олиб келди. Ўзи бош бўлиб уйлантирди. Ҳозир болалари билан шу ерда яшарди.
– Э, келинмулло, Умрбек бугун келмади.
– Аммажон, ташвишланманг, бугун келмаган бўлсалар эртага келадилар. Бирор ишлари чиққан бўлса керак.
Она ичкари кириб, тўйга атаб олиб қўйган новвосчаси-ю, қўйига қараркан, тўй яқинлигини дилдан ҳис қилди. Аммо ўғлидан дарак йўқ эди. Умрининг охиригача онаизор фарзандини кутди.
Дармонсизликдан ётиб қолди ва бекатга боришга ҳоли қолмади. Ҳадемай ўғлим кириб келади, дея дарвозага термулиб ётди. Эшик очилса, ўғли келгандек юраги ҳапқириб кетар, бошини кўтаришга эса куч топа олмасди. Эҳ, бечора она, дарвозага термула-термула жон таслим қилди. Май ойининг бошида юраги уришдан тўхтади. Жаноза куни ҳаво жуда яхши бўлди. Баҳор эпкинлари эсар, бироқ барчанинг дили хун, боши хам эди. Шу куни кўп одам йиғилди, онахон ҳовлисидан эса йиғи тинмасди. Жанозага бутун Равонак қишлоғи аҳли, ҳатто узоқ-яқиндан эл йиғилди. Эшитган югурганча келди.
– Жаноза салоти... Ҳамма жаноза салотига!..
Ҳамма онахоннинг жанозасини ўқишга тизилди. Шунчалик кўп одам йиғилгандики, қишлоқнинг катта кўчасига сиғмай кетди. Қаторда Равонак қишлоғилик уруш ва уруш орти қатнашчилари – Мўсо амаки-ю Облоқул бобо, Гадойқул Тўраеву Раҳматзода, Абдурашид, Аслам, Хуррам, Норқул, Баҳрон усталар, Қаҳҳор бобо, Мелиқул ака ва бошқалар туришарди. Бу ерга йиғилганлар онахоннинг кўп йиллардан буён ўғлини интиқлик билан кутгани-ю, оғриб ётган жойида “Болам... болам!..” дея ҳаётдан кўз юмганини билишарди. Ҳа, йиғламай бўладими. Оҳ, она-я, армон билан жон таслим қилган муштипар.
Жаноза ўқилиб ҳамма тобутга ёпишди. Барча бир дамгина бўлса-да, майит солинган тобутга елка қўйишни истарди. Йўл-йўлакай ҳайдовчилар ҳам машиналарини қолдириб тобутни кўтаришга ошиқишди. Майит қабристонга келиб, у ерга қўйилгунча автоуловларнинг сигнали тинмади. Хуллас, барча бекатдаги армонни эслаб, онаизор билан хайрлашди. Юзига фотиҳа тортар экан, онани “Аллоҳдан ўз раҳматига олиши”ни сўради.
Тожик тилидан
Нормамат ОЛИМОВ таржимаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.