Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЁЛ - НОМИНГ АЗИЗ, САДОҚАТИНГ УНДАН - ДА УЛУҒ

Бугун туманимиз аёллари ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй бермоқда? Уларнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолиятининг самарали ташкил этилиши бўйича нима ишлар қилинмоқда? 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Рофиевага шу ва бошқа саволлар билан юзландик.

- Зулфия Тўхтамишевна, аввало, Сизни ва сиз орқали туманимиз хотин-қизларини баҳорнинг илк байрами - Халқаро хотин-қизлар куни билан таҳририятимиз жамоаси номидан муборакбод этамиз. Март ойининг биринчи куни халқимиз эъзозлаган шоира Зулфияхонимнинг туғилган куни нишонланади. Шу муносабат билан ҳар йили иқтидорли қизлар ўртасида "Зулфияхоним издошлари" кўрик-танлови бўлиб ўтади. Ғолиблар Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланадилар. Хўш, ушбу танловга муносиб қизларимизни саралаб олиш қандай кечди?
- Аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда кўз ўнгимизда, аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади. Инсон зоти борки оламдаги барча яхшилик ва эзгуликни, ҳаёт сиру асрорлари ва сабоқларини онанинг меҳру саховати туфайли ўрганади. Улар оилани ҳам, жамиятни ҳам бирлаштириб, унга файзу барокот киритадилар. Туманимизда 249863 нафар аҳолининг 129151 нафари хотин-қизлардир. Бу йил кўрик-танловда 77 нафар қизлар иштирок этиб, 7 нафари вилоят босқичига йўлланма олди. Уч йўналишда қизларимиз Республика босқичига қатнашиш имконини қўлга киритди. Ғолиб байрам арафасида эълон қилинади.
- Бу йилги байрам ўзгача бўлди. Чунки нафақат Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори эътироф этилди, балки "Мўътабар аёл" кўкрак нишони ҳам фаол хотин-қизларга топширилди. Ушбу фаоллар сафида бизнинг тумандошимиз жой олганлиги қувонарли ҳолдир, нима дедингиз?!
- Албатта. Дарҳақиқат, танловнинг вилоят босқичида туманимиздан 5 нафар хотин-қизлар иштирок этиб, 3 нафари республика босқичига йўлланма олишди. Тумандаги 22-сон умумтаълим мактабининг ўзбек тили фани ўқитувчиси Азиза Зокирова ушбу юксак мукофот - "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотни вилоят ҳокими тантанали равишда топширди. Туманимиздан эътироф этилган санамлар туман ҳокимлиги томонидан ҳам ўзгача шукуҳ билан тақдирландилар.
- Зулфия Тўхтамишевна, туманимизда турли соҳалардаги, хусусан, тадбиркорлик йўналишида фаолият юритаётган аёлларимиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Тўғри эътироф этдингиз. Бугунги кунда аёлларимз барча соҳада фаъолият олиб бормоқдалар. Аёл иқтисодчи, тадбиркор, ўқитувчи ва шифокор ҳамдир. Мамлакатимиз ҳукумати томонидан берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиб хулоса чиқариб, оқилона иш юритаётган аёлларимиз улкан бунёдкорлик жараёнига ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Масалан, жорий йил январь-февраль ойи мобайнида 19 та оилавий боғчалар ва 2 та Мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлаб, 78 нафар хотин-қизларимиз учун иш ўринлари яратилди. Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси қошида хотин-қизлар ва оила қуллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишида, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашишларига кўмаклашиш жамоат фондининг асосий вазифаларидандир. Шу мақсадда январь-февраль ойларида 18 нафар хотин-қизларга жамоат фонди томонидан 250 000 000 (икки юз эллик миллион) сўм пул кредит ажратиб берилди. Улар ўз билим ва ҳунарлари билан оила ва жамият иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
- Уй-жойга эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Аёл маънавияти, саранжом - саришталиги оилада тутган ўрни беқиёс. Қайси вазифада ишлашидан қатъи назар у ўзига хос латофати, садоқати билан ажралиб туради. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2018 йилда 14 нафар уй-жойга эҳтиёжманд бўлган, имконияти чекланган хотин-қизларга имтиёзли кредит асосида уй-жойлар берилди. Энг муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз давом этмоқда. Асосий мақсадимиз хотин-қизларимизнинг жамият фарвонлигида тутган ўрнини янада ошириш, улар билан яқиндан мулоқот қилиб, муаммоларини ўрганиб ижобий ҳал этишдир.
Илоҳим, оилаларимизнинг гулу райҳонлари, фарзандлар бахту қувончи, эркакларимизнинг энг яқин ҳамқадам, ҳаммаслаги бўлган оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳамиша соғ-саломат бўлишсин! Барчангизга байрам муборак бўлсин, азиз аёллар!
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Дилрабо НАСИМОВА суҳбатлашди.
Сурат муаллифи Алишер ИСРОИЛОВ


Последнее редактирование: 15/03/2019 11:29;   Просмотров: 1119
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку