Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАРБИЙ ҚИСМГА ТАШРИФ

Мустақил давлатимиз Қуролли Кучларининг 27 йиллиги муносабати билан Ватанпарварлик ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли туманимиз 7252-ҳарбий қисмида "Очиқ эшиклар куни" ўтказилди. Тадбирда Самарқанд, Оқдарё, Жомбой туманлари ва шаҳримиздаги 16, 37, 38, 52, 26, 32, 59, 7, 11-умумтаълим мактаблари ўқувчилари, ҳокимлик, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, адлия, маданият бўлими, оммавий ахборот воситалари намояндалари қатнашди ва хизмат кўрсатди.

Ҳарбий қисм командири, подполковник Азиз Анваров, ҳарбий-ватанпарварлик ва ахлоқий тарбия бўйича командир ўринбосари, подполковник Жамолиддин Бобоев сўзга чиқиб, барчани Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлашди. Ватанни севиш, ардоқлаш, зарурат туғилганда ҳимоя қила олиш Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи эканлиги таъкидланиб, мазкур қисмда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар ҳаётий мисолларда кўрсатиб берилди.
Дарвоқе, ватанга муҳаббат ва садоқатни фақат тилда, шеър ва қўшиқда ифодалаш камлик қилади. Ота-она, маҳалла, виждон, орият ва номус олдида тилим узун, бошим баланд бўлсин деган ҳар бир катта-кичик ватандош ибратли турмуш тарзи, эзгу амалий саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, матонат ва жасорати билан эл-юрт манфаати, тинчлиги, фаровонлиги йўлида кўксини қалқон қилишга шай турмоғи ҳам лозим. Фермер, олим, шоир, ўқитувчи, шифокор, аскар, қурувчи, санъаткор, рассом сингари турли касб эгаларининг ватани битта экан, юртпарварликда ҳам мардлик тимсоли бўлишлари керак.
Байрамга ўзгача файз-шукуҳ бағишлаган ҳарбий машқлар, техникалар, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат, кутубхона, компьютер ва алоқа воситалари кўргазмаси, очиқ, самимий мулоқотлар, санъаткорлар чиқиши, айниқса ёшларга унутилмас таассурот қолдирди. Техника ва қурол-аслаҳа бўйича командир ўринбосари, майор Соҳибжон Раҳимовнинг иштирокчиларни қизиқтирган саволларга берган жавоблари ҳам айни муддао бўлди.
Тадбирда фаол қатнашган барча ташкилот ва муассасаларга ҳарбий қисм маъмурияти томонидан Ташаккурнома топширилди.
Шу куни 20, 26 - умумтаълим мактабларида ҳам худди шундай байрам тантаналари кенг нишонланди.

Н.МЕҲРАНГИЗ,
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Дата добавления: 18/01/2019 15:07;   Просмотров: 1062
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку