Ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзига риоя қиладиган, дастлабки ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга ватанпарвар, масъулиятли, қийин ва экстримал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлодни тарбиялаш муҳим вазифа.
Яқинда айни шу мақсадда 10-умумтаълим мактабида туман Мудофаа ишлари бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Самарқанд Халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальони ҳамкорлигида "Темурбеклар" ҳарбий спорт мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг мактаб ва ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 6 та жамоа қатнашди. Жумладан, 21-умумтаълим мактабининг "Алпомиш", 10-умумтаълим мактабининг "Ёш Гвардия", 37-умумтаълим мактабининг "Ворисони Темур", 11-умумтаълим мактабининг "Темурбеклар авлоди", 26-умумтаълим мактабининг "Қалқонлар" ҳамда 33-умумтаълим мактабининг "Темурий" жамоалари ўз маҳоратларини намоён этишди.
Жамоалар мусобақа Низомига асосан 9 та шарт бўйича, яъни "Моҳир мерган", "Тўсиқлардан ошиб югуриш", "Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш", "Миналаштирилган ҳудудда ҳаракатланиш", "Сафда қўшиқ айтиш", "Махфий пароллар билан ишлаш", "Ҳарбий унвонлар тури ва ҳарбий лавозимлар", "Ўзбекистон рамзлари", "Рақиб жамоа байроғини эгаллаш" шартлари асосида беллашдилар. Якунда ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, 33-умумтаълим мактабининг "Темурий" жамоаси 1-ўринни, 10-умумтаълим мактабининг "Ёш Гвардия" жамоаси 2-ўринни ҳамда 21-умумтаълим мактабининг "Алпомиш" жамоаси 3-ўринни эгалладилар.
Б.ШАРИПОВ,
Ўзбекистон ЁИ туман кенгаши бош мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.