Ўзбек халқининг оташқалб шоири Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат тумани Қовунчи қишлоғида туғилган. Шоир ўз ижодий фаолиятини 1980 йилдан бошлаган. У турли нашриёт ва таҳририятларда, масъул лавозимларда фаолият юритган. 1997 йилдан умрининг сўнгги кунларига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлади.
Шоирнинг "Булбулга бир гапим бор", "Илтижо", "Эрка кийик" каби кўплаб шеърий тўпламлари нашр этилган. Унинг шеърлари равон ва соддалиги билан халқ оғзаки ижодига ҳамоҳангдир. Шоир обрў талашмас, иззатни сўроқлаб юришдан ор қиларди, яхши инсоннинг яхши ижодкор бўлиши табиий ва ҳақиқатдир. Муҳаммад Юсуф ўзига хос, такрорланмас қобилиятга эга ижодкор эди. Унинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, "Ўзбекистон халқ шоири" фахрий унвони берилган, "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.
Муҳаммад Юсуф қисқа умр кечирди, ундан чинакам, бетакрор ижодий мерос қолди. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуф ижодига ҳам мансубдир. Шоирнинг "Биздан озод Ватан қолади" шеърида шуни англаш мумкинки, бу дунё ўткинчи, фақат яхши ном ва Ватанга беминнат қилган хизмат қолади:
Ўтар неча баҳорлар гулгун,
Неча умр кузлари кечиб.
Замин узра саф тортиб бир кун,
Биз кетармиз қушлардай учиб.
Бир бебаҳо маъдан қолади,
Биздан озод Ватан қолади.
Ватанни севиш, уни ардоқлаш каби фазилатлар шоирнинг ҳар бир шеърларида ўз ифодасини топган.
Дилбар ҚОДИРОВА,
Гулобод ижтимоий -
иқтисодий коллежи ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.