Бир йил. Атиги бир йил. Тарих олдида бу бир киприк қоққандек гап. Аммо шу қисқагина фурсат ичида бизнинг юртимизда мисли кўрилмаган оламшумул ўзгариш, яъни ислоҳотларнинг кечаётгани етти ухлаб тушимизга кирмаган бўлса керак.
Республикамиз Президентининг Ўзбекистонимизнинг иқтидор ва буюклигини янада бутун дунёга кўрсатиш, ижтимоий адолатни барқарор этиш, бунёдкорлик ҳамда халқ ҳаёти фаровонлиги йўлида қилаётган тинимсиз ҳамда беқиёс саъй-ҳаракатлари ва уларнинг ижобий самаралари таҳсинга сазовордир. Бу кескин туб бурилишлар натижасида мамлакатимиз ва региондаги давлатлар билан муносабатлар бобида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Шаҳарларимиз қиёфалари ўзгариб, давлат функсиялари камайтирилмоқда, барча нарса навбати билан жой жойига қўйилиб, бутун эътибор шахс, унинг турмуш тарзи, эркинлиги, маърифатини ошишига қаратилмоқда. Жамиятимизда билим ва ақл ўз қадрини топиб, инсон эркинроқ нафас олади деган умид пайдо бўлмоқда. "Жаҳон" информатсион агентлигининг хабар беришича, Туркиянинг "Дерин экономи" иқтисодий журнали Ш.М.Мирзиёевни дунёни ўзгартираётган 10 та буюк лидер шахсиятлар қаторига киритган. Бу бизнинг раҳбаримизга берилган баланд баҳо бежиз эмас, албатта.
Булар барчага кўтаринки руҳ бағишлаб, халқнинг дилида умид учқунларининг пайдо бўлиши ҳамда унинг ризолиги ва олқишига сабаб бўлмоқда. Бунга жавобан кишининг янги куч-ғайрат билан янада жипслашиб меҳнат қилгиси, бу гўзал ва бетакрор Ватанни гуллатиб яшнатгиси келади. Юртимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ҳар бир чақириқ, қарор, фармонлари ва кузатилаётган воқеъликлар чорлов, дадиллик ундови бўлиб, барчамизни уйғонишга ундамоқда. Модомики, барча уринишлар халқ манфаати учун экан, халқнинг ўзи иштирокисиз кутилаётган натижаларга эришиш қийинлашади. Шуни тушунган ҳолда бугун ҳар бир фуқаро эгаллаб турган лавозимидан, ижтимоий мавқеидан қатъий назар майдон четида туриб ҳакам эмас, бевосита ўйинчи вазифасини бажариши керак, чунки ўйинчи ҳамиша нишонни излайди, ҳакам эса хатони. Бу борада халқ билан тарғибот ишларини тўғри ва самарали йўлларини излаш керак бўлади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳеч бир восита хоҳ у матбуот бўлсин, хоҳ радио ё телевидение жонли мулоқотни ўрнини босолмайди. Қачон юқоридан кимнингдир келиб жойларда бир неча сонли фуқаролар олдида чикиш қилишини кутиб ўтирмасдан, МФЙ қошидаги комиссиялардан, фаоллардан унумли фойдаланса бўлади. Тажрибада мавжуд бўлган политинформатсиялар, тарғиботчи, ташвиқотчилар, "Билим", "Китобсеварлар" жамиятлари ишларини жонлантириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Конфутсийнинг қарашлари бўйича ўтиш даврида зиё аҳли ботлоқлик устидаги пахол вазифасини бажариб, халқ унинг устидан ўтиб ёруғлик, эзгуликка чиқар экан. Оддий бир маорифчи сифатида шуни ўзимизга дастур қилиб амал қилишимиз зарур деб ўйлайман.
АминаШарофиддинова,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.