Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАДРИЯТЛАР ЭЪЗОЗЛАНГАН МАСКАН

Мавлон Хайриев 1960 йилнинг 31 августида Чоршанба маҳалласида туғилган. У кўп йиллар собиқ “Ўзсельхозтехника” туман бошқармсида дастлаб пайвандловчи, кейин эса ҳайдовчи бўлиб ишлади. Сўнгра тадбиркорлик билан шуғулланиб, фуқаролар узоғини яқин, оғирини эса енгил қилиб юрди. Ишдан ажралмаган ҳолда маҳалласи тадбирларида фаол қатнашди, 2009 йилда маҳалла посбони вазифасига тайинланди. Айни пайтда эса у маҳалла фуқаролар йиғини раисидир. Оилали, уч нафар фарзанди ва 7 нафар набираси бор.

- Маҳаллани аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш тизимидаги масъулиятини ошириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланди. “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” деган тамойилни ҳаётимизга янада кенгроқ жорий этишни англатади.
Маҳалламиз миллий анъаналар, урф-одат, маросимларни яратувчи ва сақлаб қолувчи, асраб-авайлаб, келажакка элтувчи оилалардан ташкил топган. Ҳар бир оила аъзоси ўз қадриятини, урф-одатларини эъзозлайди, уларни бус-бутун сақлаб қолишга интилади, ўз маҳалласининг янада обод бўлиши учун бор маҳоратларини ишга солади. Ҳозир ҳаётимизнинг қайси соҳасини олманг уларда миллийлик уфуриб туради. Миллий меъморчилик, миллий адабиёт, миллий турмуш тарзи, миллий мусиқа ва ҳ.к. Буларни санаб тугатиш қийин. Ана шу миллийликнинг барчаси бизнинг маҳаллада мужассам. Маросимларимизнинг ислом дини билан боғлиқ анъаналари ўз самарасини бераётгани сир эмас. Дунёдаги барча мусулмонлар каби маҳалламиз фуқаролари ҳам “Никоҳ”, “Хатна”, “Таъзия”, “Ақиқа” маросимларини муқаддас билиб, уларни дабдабаларсиз, ихчам, тартибли ўтиши учун тажрибаларини ишга солмоқдалар. “Никоҳ” тўйи - келин куёвнинг ёшини аниқлаш, тўй куни 18-19 ёшдан кам бўлмаслигини эътиборга олиш, ҳар иккала ёш ҳам тиббий кўрикдан ўтган бўлиши, қонуний никоҳдан ўтишини уюштириш тўй комиссияси аъзоларининг диққат марказидадир. Ошхўракон қилинмайди, куёв томонга совғалар юборилмайди. Никоҳ тўйида мошиналар карвонига йўл қўйилмайди. Бир кунлик тўй исрофгарчиликсиз ўтказиляпти. Раҳмат Бозоров, Вафоқул Эшонқулов, Даврон Тошпўлатов, Хосият Ҳақмуродова, Тамара Эргашева, Хосият Қўчқорова каби фаолларимиз ана шу ишларда бош-қош бўлмоқдалар.
Профилактика инспекторлари Жасур Илёсов, Ғайрат Норов, маҳалла посбони Парда Шароповлар пайшанба профилактика куни аҳоли ўртасида ҳуқуқий-тартибот бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Буларнинг натижасида маҳалламизда ҳеч қандай жиноятчилик содир этилмаяпти. Ёшларни турли тадбирларга жалб этиш, уларнинг бекор юришларига йўл қўймаслик учун маҳаллада турли спорт мусобақалари, адабий-бадиий кечалар уюштирилмоқда. Уларда фаол қатнашаётган ёшлар маҳалла ва туман ИИБ, Ёшлар иттифоқи томонидан рағбатлантирилмоқда. Қизлар ўртасида эса “Ким чевар”, “Ёш пазандалар”, “Ёш бекалар” курик-танловлари уюштирилиб борилмоқдаки, булар ўз самарасини бермоқда.
Бундан ташқари ўтганлар руҳини шод этиш, қабрларини озода сақлаб, зиёрат қилиб туриш, марҳумлар ҳақида ёмон сўзлар айтмаслик ўзбекчиликнинг одатий анъаналаридандир. Маҳалла қабристони ободонлаштирилган бўлиб, унда марҳумлар ҳақига тиловат қилиш, уларни хотирлаш учун шароит яратилган, йўлаклар барпо этилган. Кўплаб манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши билан маҳалламиз фаоллари кўмагида аҳоли хонадонларида бўлиб уларнинг яшаш тарзлари билан танишдик, турли-туман мулоқотлар ўтказдик. Якка - ёлғиз, бева-бечоралар, нуронийлар ҳолидан хабар олаётганимиз учун фуқароларимиз тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқдалар. Инсон манфаатларини таъминлашда мулоқотнинг ўрни беқиёс эканлигини англаган фаолларимиз ҳаётий муаммоларни бартараф этиб, аҳолининг янада осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаяптилар. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига биноан кенг тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бу борада Тожи Қориев, Хосият Ҳақмуродова, Раҳмат Бозоров, Эркин Ҳамдамов каби кенгашимиз аъзолари ташаббускорлик кўрсатмоқдалар. Шунингдек, Раббим Аҳадов, Хушвақт Мўминов, Шукур Турдиев каби кўча бошилар, Маҳбуба Эшонқулова, Муҳиддин Вохидов, Маматқул Раббимқулов сингари тинчлик ва фаровонликни яхши йўлга қўйган оилалар бошлиқлари ҳам барча тадбирларда фаоллик кўрсатмоқдаларки, уларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Хуллас, беқиёс маънавий бойлик ҳисобланган миллий анъаналар, қадриятларга қатъий риоя қилаётган маҳалламиз аҳли ўз қишлоқларини гулбоғга айлантириш, гўзал маскан барпо этишга ўз ҳиссаларини қўшаяптилар.

Мавлон ХАЙРИЕВ,
Чоршанба маҳалласи фуқаролар йиғини раиси.


Дата добавления: 27/10/2017 15:18;   Просмотров: 1324
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку