Шарқнинг энг қадимги ёзма ёдгорликларидан бири бўлган «Авесто» эрамиздан минг йилча муқаддам Ўрта Осиё тупроғида майдонга келган. Унда асосан зардуштлик динининг таълимоти баён этилган бўлса-да, ҳозир биз яшаб турган ерларнинг қадимги аҳволидан, тарихи, хўжалиги, ижтимоий-географик шароити, қабилаларнинг муносабатлари, маданияти, оғзаки адабиёти, ижтимоий онг ва фалсафий оқимларидан дарак берувчи кўпгина маълумотлар ҳам бор.
Ўрта Осиёда яшаган энг қадимги қабилаларнинг, дастлабки давлат уюшмаларининг номлари биринчи марта «Авесто»да тилга олинади. Олимлар бу ёдгорликнинг катта қисми Сосонийлар даврида Аму ва Сир ёқаларида, баъзи қисмлари эса ҳозирги Озарбайжон ва Эрон тупроғида яратилган деб ҳисоблайдилар. Чиндан ҳам биз асарда эрамиздан бурунги Ўрта Осиё табиати манзаралари тасвирини кўп учратамиз: «Унда юксак тоғ ён бағирлари ўтлоқ ва сойларга бой, сурув-сурув подалар ўтлаб юради, теран кўллар, тошқин дарёлар кўп...» Ёдгорликнинг талай сатрлари меҳнат ва ҳунарни мадҳ этишга бағишланган, унда: «Дон эккан деҳқон адолат уруғини сочади» сингари ҳикматли фикрларни учратамиз.
«Авесто»нинг бизгача етиб келган парчаларида бой бадиий ифода воситалари - истиора, муболаға, мажоз, такрир ва хитоблар кўп қўлланган. Қофия ва мусиқийлик унсурлари ҳам бор.
Асарда воқеалар афсона тарзида ифодаланиб, зардушт динининг дуализм концепцияси яққол кўринади. Ёвузлик билан эзгулик ўртасидаги абадий кураш Аҳриман ва Ҳурмуз тимсоллари орқали берилади. Буларнинг бири ёвузлик, очлик, ҳалокат, мусибат, фалокат рамзи бўлса, иккинчиси - ёруғлик, бахт-саодат, тинчлик, фаровонлик ва адолат тимсолидир.
Ўрта Осиё ва Эрон халқларининг энг қадимий эпик ёдгорлиги «Авесто» катта тарихий-илмий аҳамиятга молик асар ҳисобланади.
Тайёрлади Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.