Мучал 12 ҳайвон номи билан аталадиган йил ҳисоби бўлиб, қадимда японлар, кореяликлар, мўғуллар, хитойликлар ва турк халқлари кўп асрлар давомида шу ҳисобга амал қилганлар.
12 мучал йили ҳақида Абу Райҳон Беруний, Улуғбек асарларида ҳам маълумотлар бор.
Мучал календари 22-мартдан бошланади. Январь, февраль ва 21-мартгача бўлган давр олдинги мучал йили ҳисобига киради.
Одам ёшини мучал йили билан ҳисоблаганда унга яна бир йил қўшилади. Одам ёши она қорнидалигидан бошлаб ҳисобланади.
Ўн икки йиллик мучал календари биринчи йил — сичқон (муш) билан бошланиб, кейинги йиллар — сигир (бақар), йўлбарс (паланг), қуён (харгуш), балиқ (наҳанг), илон (мор), от (асп), қўй (гўсфанд), маймун (ҳамдуна), товуқ (мурғ), ит (сак) ва ўн иккинчи йил — тўнғиз (хук) билан тугайди.
Мучал йил ойлари осмондаги ўн икки юлдуз туркуми — ўн икки бурж номи билан аталади. Биринчи ой — ҳамал, кейинги ойлар — савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жаддий, далв ва ўн иккинчи ой — ҳут билан якунланади.
Хитой тақвими бўйича Товуқ энг нозик дидли, сўзамол, синчков, сезгир, инжиқ, талабчан, ҳушёр, масъулиятли ҳисобланади. Унга интилувчанлик ва етакчилик хос, лекин камтарлик ва ўзига ишончсизлик каби ҳислатлар унга ёт. Шунингдек, Товуқ — ажойиб рўзғор бекаси. Агар оилада товуқ йилида туғилганлар бўлса, демак бу йил ўша оилада тўкин-сочинлик бўлади, деб ҳисобланади.
Қуйидаги жадвал асосида мучал йилининг милодий тақвим бўйича қайси йилларга тўғри келишини аниқлаш мумкин:
№ |
Мучал йили |
Мучал йилига мос келадиган милодий йиллар |
|||||||
1 |
Сичқон |
1924 |
1936 |
1948 |
1960 |
1972 |
1984 |
1996 |
2008 |
2 |
Сигир |
1925 |
1937 |
1949 |
1961 |
1973 |
1985 |
1997 |
2009 |
3 |
Йўлбарс |
1926 |
1938 |
1950 |
1962 |
1974 |
1986 |
1998 |
2010 |
4 |
Қуён |
1927 |
1939 |
1951 |
1963 |
1975 |
1987 |
1999 |
2011 |
5 |
Балиқ |
1928 |
1940 |
1952 |
1964 |
1976 |
1988 |
2000 |
2012 |
6 |
Илон |
1929 |
1941 |
1953 |
1965 |
1977 |
1989 |
2001 |
2013 |
7 |
От |
1930 |
1942 |
1954 |
1966 |
1978 |
1990 |
2002 |
2014 |
8 |
Қўй |
1931 |
1943 |
1955 |
1967 |
1979 |
1991 |
2003 |
2015 |
9 |
Маймун |
1932 |
1944 |
1956 |
1968 |
1980 |
1992 |
2004 |
2016 |
10 |
Товуқ |
1933 |
1945 |
1957 |
1969 |
1981 |
1993 |
2005 |
2017 |
11 |
Ит |
1934 |
1946 |
1958 |
1970 |
1982 |
1994 |
2006 |
2018 |
12 |
Тўнғиз |
1935 |
1947 |
1959 |
1971 |
1983 |
1995 |
2007 |
2019 |
Мучалингизни топмоқчи бўлсангиз, аввал таваллуд йилингизга 9 сонини қўшинг, сўнгра йиғиндини 12 га бўлинг. Қолдиқ сонни эса мучалингиз деб билинг. Айтайлик, 1972 йили туғилгансиз. Бу санага 9 ни қўшсак, 1981 га айланади. Уни 12 га бўлсак, 165 сони келиб чиқади ва қолдиқ сифатида 1 қолади. Жадвалда эса ушбу рақам қаршисида “Сичқон” ёзуви турибди. У сизнинг мучалингиздир. Борди-ю, амаллар натижаси “ноль”га тенг бўлса, 12-мучал йилида дунёга келган ҳисобланасиз. Мисол учун, сиз 1959 йили туғилган бўлсангиз, бу сонга 9 қўшилганда, йиғинди 1968 га тенглашади. У 12 га тақсимланса, ҳеч қандай қолдиқ чиқмайди, аниқроғи, “ноль” пайдо бўлади. 1959 рақами эса жадвалнинг ўн иккинчи қаторидан ўрин олган. Демак, мучалингиз тўнғиз эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Сиз оила аъзоларингиз ва қариндош-уруғларингиз мучалларини ҳам шу асосда бемалол аниқлашингиз мумкин.
Тайёрловчи Х. НУР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.