Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

200 марта ўқилган китоб

Китоб - фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас, деб ҳисоблайди. Китобни чин дилдан қадрлаган Абу Али ибн Сино оғир бетоб бўлган Бухоро ҳукмдори Нуҳ ибн Мансурни даволагач, эвазига олтину кумушлар тўла сандиқни эмас, балки сарой кутубхонасидан фойдаланиш имкониятини қўлга киритишни афзал кўрган эди. Буюк рус шоири А.С.Пушкин дуэльда яраланиб, вафот этар чоғида унга "дўстларингиз билан видолашинг", дейишади. Пушкин хонанинг бир бурчагидаги китоб жавонига термулиб, "хайр, менинг дўстларим", дея жон берган экан.

Ҳақиқатан ҳам, китоб - инсоннинг дўсти, билим манбаи, илм шамчироғи, маънавият сарчашмаси. Китобни мутолаа қилиш жараёнининг ўзидаёқ инсоннинг онги ва дунёқараши шаклланиб боради. Уни такрор ва такрор ўқиш давомида эса янгидан янги уфқлар кашф этилади, ҳар гал уни қайта мутолаа қилган инсон ундан ўзгача таассуротлар олади. Маълумотларга қараганда, Форобий Арастунинг "Жон ҳақида", деб номланган асарига ўз қўли билан "Мен бу китобни 200 марта ўқидим", деб ёзиб қўйган экан. Китоб онг ва қалб эҳтиёжини қондирувчи омил сифатида инсон руҳини тарбиялайди, шахсни шакллантиради. Китоб одамдан мутолаада нафақат кўз ва ақл, шунингдек, кўнгил ҳам бирдек иштирок этишини талаб қилади. Китоб ўқишдан мақсад ақл-тафаккур билан уни мантиқий муҳокама этишгина эмас, балки чин юракдан завқланиш, таъсирланиш, ўзликни, ҳақиқатни излаб топиш ҳамдир. Файласуф Ян Миндан дўсти сўрабди: "Китоб ўқигандан сўнг ҳеч нарса ёдда қолмаса нима қилмоқ керак?". Ян Мин шундай жавоб берибди: -Уни тушунмоқ керак, ёдлаш шарт эмас. Тушунмоқ зарурияти ҳам иккинчи даражали нарса. Энг аввало, китобнинг асосий моҳиятини англамоқ жоиз.

Маҳмуд Қошғарийнинг "Девону луғат-ит турк", Юсуф Хос Хожибнинг "Қутадғу билиг", Носириддин Рабғузийнинг "Қиссайи Рабғузий", Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қатор асарларида китобхонликка оид қимматли маълумотлар берилган. Китобхонлик адабиётшунослик ва таълим-тарбиянинг муштарак ҳамда муҳим соҳаси сифатида, шубҳасиз, чуқур изланишларни тақозо этади. Унинг ривожини адабиётнинг тараққиёти билан боғлаб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода бугунги илм-фан мисли кўрилмаган даражада ривож топган даврда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетган. Чексиз билимлар моҳияти, асрий сир-синоатлар тилсими ҳозирги даврга келиб башариятга ошкор бўлмоқда. Қадимда китобларни хаттотлар минг бир машаққат билан кўчиришган бўлса, бугунги кунда техника ютуқлари туфайли улар миллионлаб нусхаларда чиқарилиб, бутун дунё бўйлаб тарқатилмоқда. Ачинарлиси шундаки, бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Бироқ тезкор замонда ҳаёт кечираётган одамзод шунчалик шошадиган, бетоқат бўлиб қолганки, унинг бир муддат хотиржам тин олишга имконияти, энг ёмони, бунга унинг хоҳиши йўқдек кўринади. Инсоннинг онги фикрлар, маълумотларга тўла, аммо у фикрлашга лаёқатсиз бўлиб бормоқда. Унинг диққати бир жойда жам эмас, шошганидан шошадики китоблар турфа хил ва сон жиҳатдан кўп бўлгани билан уни мутолаа қилиш, теран фикрлашга фурсати йўқ. Китобнинг ўзини эмас, унинг сюжети, моҳияти тўғрисидаги қисқагина маълумотларни ўқиш, аниқроғи, кўз юритиш афзал бўлиб қолди.

Китобнинг ҳаётдаги ўрнини ахборот, турли соҳаларга оид керак ва нокерак маълумотлар эгаллаб олди, натижада инсонлар тинимсиз ахборот қабул қилишга мослашиб қолмоқда. Ахборот оқими шу қадар шиддатлики, уни қайта ишлашга, фикр юритишга деярли улгуриб бўлмайди. Бу борада маърифат фидойиларидан бирининг куюнчаклик билан айтган гапини эслайлик: "Билим деб ҳикматдан, ахборот деб маърифатдан айрилдик!"

Аслида ҳар бир ахборот манбаи, кино ёки видеофильмни оламизми, бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан: "Ўтган кунлар" романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди.

Биз руҳиятимиз, ўз оламимиз, қалбимиз билан қайта тил топишмоқчи эканмиз, китоблар мутолаасига қайтишимиз лозим. Бугунги кунда ҳам ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда китобдан-да қудратлироқ восита йўқдир. Зеро, китоб бизнинг маънавий қуёшимиз ва тафаккуримизнинг юксак хазинасидир.

Юсуф Муҳаммадиев,

вилоят болалар кутубхонаси директори


Последнее редактирование: 23/09/2020 12:36;   Просмотров: 957
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку