Бу йилги баҳорнинг серёғин келиши кутилаётган бир пайтда бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил олиш учун агротехник тадбирлар ўтказиш билан бир қаторда, унинг касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши самарали кураш тадбирларини ўтказиш муҳимдир.
Ғалла ҳосилига қоракуя касалликлари, фузариоз, септариоз,уншудринг айниқса, сариқ ва қўнғир занг касалликлари жиддий зарар етказади.
Ушбу касалликлар ичида сариқ занг касаллиги ўта хавфли бўлиб, бу касаллик дон тўлиш фазасида учраганда 5-10 фоиздан 30-35 фоизгача ҳосилни нобуд қилади. Касаллик ғаллани байроқ барг чиқариш фазасида (бошоқ чиқариш арафаси) сариқ занг ривожланиш даражаси ўртача 50-60 % га етса, дон хосилининг 45-50 % йўқотиш мумкин. Унинг кенг тарқалиши ва ривожланишига серёмғир ва очиқ ҳавонинг суринкали алмашиб туриши қулай шароит туғдиради, юқори намгарчиликда унинг споралари ўса бошлайди, 2 градус ҳароратда эса ўсимлик тўқимасига киради.
Касалликнинг тез тарқалиши ва ривожланиши учун ўртача ҳарорат 8-15 градус бўлганда оммавий кўпайиб, ғалла майдонларига тарқалиб кетади. Қўнғир занг касаллиги бироз юқорироқ ҳароратда яъни 16-22 градусда яхши ривожланади. Сўнгги йилларда касалликнинг бундан ҳам юқорироқ ҳароратларда ривожланишига мослашган экотиплари пайдо бўлди. Ҳатто минтақаларда касаллик ўта кучайиб, эпифитотия шаклида тарқалмоқда. Кузги буғдой занг билан зарарланган кузги буғдой ўсимликлари ривожланиши жумладан, яшил тусини сақлаган барг юзаси камаяди, илдизлари заифлашади, озуқа моддалар ва сувни ўзлаштирилиши сусаяди, бўйи паст пояси нозик бўлиб, ётиб қолишга мойиллиги ортади, гуллар бошоқчалар сони камаяди, дон пуч бўлиб қолади ва ялпи ҳосил камаяди. Республикамизнинг ғалла майдонларида учрайдиган замбуруғли касалликларга қарши самарали усулларни қўллаш мақсадга мувофиқдир. Энг яшхи чоралардан бири аввало касалликка чидамли навларни экиш ҳамда касалликнинг тарқалишини олдини олиш ҳисобланади. Бошоқли дон экинларининг касалликларига қарши кимёвий кураш чоралари ўсимликнинг касалланиш даражаси 5-20 %гача зарарланганда бошланади. Занг касалликлари билан касалланишга мойил бўлган майдонларда профилатик кимёмвий кураш ўтказиш зарур.
Касалликларга қарши вақтида самарали кураш тадбирлари ўтказилмаса, ғалла ҳосилини 50-60 фоизгачаси нобуд бўлиши мумкин. Занг касалликларига қарши курашишда бир қатор фунгицидлар синовлардан ўтказилиб, шулардан юқори самара берадиганлари; Рейкон 28% сус.к.0,5 л/га, Сплеш 30% эм.к. 0,2-0,3 л/га, Топ-Кроп 40% к.э. 0,25-0,3 л/га, Супер Коназол 33% эм.к. 0,3-0,35л/га, Ципко-Супер 33% эм.к.0,3 л/га, Тилтазол 500 к.э.к. 0,170л/га, НовИкс 25% эм.к. 0,25-0,5 л/га, Азилон 32% к.э. 1,0 л/га, Хебен Дуо к.э. 40% 0,2-0.3л/га, Р-Ултра супер 33% к.э. 0,3 л/га, каби фунгицидларни меъёрларда қўллаш касалликларни кенг тарқалишига барҳам беради ва йўқотилиши мумкин бўлган ҳосил сақлаб қолинади.
У.ЖАББАРОВ, Д.ЁҚУБОВ,
туман Ўсимликлар карантини
ва ҳимояси инспекторлари.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.