Гулобод тонги
Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz
Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари тасвирини рухсатсиз тарқатганлик учун БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш таклифи рад этилди.
30 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган фракция йиғилишида шунга оид Қонун лойиҳаси олиб ташланган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бунга сабаб бўлган омилларни келтириб ўтди.
"Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси, Жиноят-просессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда фракция мажлисида кўриб чиқилиши керак эди. Қонун лойиҳасида охирги вақтларда кенг жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган йўл ҳаракати ходимларини видео ва фототасвирга олиб тарқатиш масаласида ҳам катта миқдорда жарима белгиланиши кўзда тутилган. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида интернет ахборот тармоғида жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорда жарима ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Мамлакатимиздаги катта ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фаолияти фото ва видео тасвирларга олиниши чекланиши нотўғри ёндашув экани айтилди. Юқоридаги омилларга асосан қонун лойиҳасини фракция мажлисида кўриб чиқиш рад этилди" — дейилади ХДП хабарида.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.