Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚЧИЛ СИЁСАТНИНГ НАТИЖАСИ БЎЛАДИ Ёхуд янгича фикрлаш, янгича яшашга нима етсин

Носиржон  МАВЛОНОВ,

Самарқанд тумани ҳокими:

Шукуҳли кунлар арафасида турибмиз - яна бир неча кундан кейин Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига пешвоз чиқамиз. Бу кун тарихда миллатимиз озодликка эришган кун сифатида муҳрланган. Ўзбекистоннинг янги тарихида 1991 йилнинг алоҳида ўрни бор. Мустақилликка эришиши баробарида шу йили Ўзбекистоннинг давлат рамзлари - давлатимизнинг байроғи, давлат мадҳияси ҳам қабул қилинган.

Бу кун халқимиз ота-боболаримизнинг асрий орзу умидлари, армонлари ушалган байрам - улуғ истиқлолнинг 30 йиллигини нишонлайди, одамлар ана шу шукуҳ  ва эртанги кунга умид билан меҳнат қилишаяпти, ризқини яратаяпти, фарзандлари  келажаги учун пойдевор қуяяпти. Мустақиллик оддий сўз, оддий калима, оддий байрам эмас, у миллатимизнинг улуғ байрами, миллатимиз ёруғликка чиққан кун. Таъкидлаганимдек, ота-боболаримиз, момоларимиз бу кунларни орзу қилиб эришолмаган, бу йўлда қанча машаққат чекиб ҳатто қон тўккан, жонларини берган кишилар бўлганлар. Минг бор шукрки, улар кўролмаган кунларни бизлар, фарзанду набираларимиз кўраяпмиз. Улуғ миллат, улуғ халқмиз, номлари жаҳонга машҳур  аллома боболаримиз билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.

Мустақиллик  тенгсиз олий неъмат, ўтиз йилдирки халқимиз тинч, фаровон ҳаёт кечираяпти, осмонимиз узра тинчлик байроғи ҳилпираб турибди. Эрк, ҳуқуқ ва тенглик деган халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилмоқда, одамлар эркин ва фаровон турмуш кечирмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган оқилона сиёсат, ўз вақтида қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳамда бу борада белгиланган чора-тадбирлар натижасида барча соҳаларда юксак ютуқларга эришилмоқда. Фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мен бир нарсани юракдан фахр этаман, юракдан ҳис этаман. Бу менинг кўнглимга таскин беради, дилимни юмшатади, меҳр аталмиш болаликдан бағримизга сингдирилган туйғуни кўргандек бўламан. Одамзот бу туйғусиз, бу ҳиссиз яшай олмайди!

Бу  менинг раҳбар, шу юртнинг фарзанди сифатида ваколатимга юклатилган масъулиятни нечоғли бажараётганим, бажара олаяпманми йўқми дея ўзимга ҳисоб бераётганимда. Баъзан маҳаллаларда, қишлоқларда бўлиб, уйма-уй юриб одамлар билан юзма-юз учрашганимда уларнинг тили учидаги гапларни тинглаганимда кўраман бу туйғуни. Улар менинг онам тенги, отам тенги инсонлар, ака-укам, опа-синглим қатори кўзлари меҳрдан порлаб тургувчи азиз кишилар. Аммо, жуда кўпчилиги ишсиз, бошпанасиз, кўпчилиги эса касалманд, моддий ёрдамга муҳтож кишилар. Рости, икки йиллик раҳбарлик фаолиятимда Самарқанд туманининг ўзига хос ва мос жиҳатларини, одамлари феъли атвори, дунёқарашини кашф этдим, десам тўғрироқ бўлади. Улар самимий, дилкаш, борини очиқчасига гапирадиган меҳнаткаш одамлар.Қучоқ очиб кутиб олишади, тортинмай гаплашади. Дардини айтадилар.Бу шундай халқ, ҳеч нарсани яширмайди, очиқчасига айтадиган мард ва танти одамлар. Уларнинг сўзи, фикри билан эртанги иш кунимиз режаларини тузамиз, дастур-лойиҳаларимизга қўшимчалар киритамиз. Шу халқ яхши яшасин, норизо бўлмасин деймиз. Уйма-уй юриш, "темир дафтар"дагилар билан учрашиш туфайли қанча кўнгиллар шод, аёллар, ёшлар ишли бўлди, кексалар дуо қилишди. 

Муҳтарам Президентимиз "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"ни бекорга қилмади. У киши туман ҳокими, вилоят ҳокими вазифаларида ишлаб халқнинг кўнглини ўрганди, одамлар нимага муҳтожлигини кўрди, ҳақ билан ноҳақликни оддий одамлар нигоҳида кўрди,  оддий одамлар билан суҳбат асносида раҳбарнинг биринчи вазифаси нималар эканлигини кўрди. Бош вазир сифатида меҳнат қилиб элнинг ичига янада яқинроқ кириб борди, одамлар ҳаёти, турмуши ва орзу-умидлари у кишининг дил-дилига сингиб кетган. Шавкат Мирзиёевнинг давлатимиз раҳбари сифатида биринчи бошлаган ишлари ҳам адолатли жамият қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фарзандларимизни илмли, онгли ва соғлом бўлиши учун қайғуриши бўлди Буни мен ва туман ҳокимлиги раҳбар ва мутахассислари, Халқ қабулхонаси вакиллари билан тоғли ҳудудлардаги маҳалла ва қишлоқларда бўлганимизда янада чуқур тушундик.

 Шу йили баҳор ойларида Оҳалик қишлоғидаги юздан зиёд хонадонларда бўлиб, отахон ва онахонлар билан суҳбатлашганимизда бир хонадонда ёлғиз аёл яшаётгани ичимни эзиб юборди.  У чорасиз, уйи таъмирталаб, иситилмаган. Ўзи касалманд. Мутасаддилар билан эрталабгача аёлга барча шароит яратиб беришга эришдик. Бошқа бир хонадонда эса аёл икки боласи билан яшайди, боқувчиси йўқ. Унга иш топиб бериб, маош олиши йўлга қўйилди, болалари узоқроқ бўлсада боғчага жойлаштирилди. Бу каби оила, инсонлар мингаб топилади. Қишлоқ йўлларига тош ётқизилди, зарур жойлари асфальтлаштирилди. Йўл бўйларига янги симёғочлар ўрнатилди. Халқнинг дуоси, халқнинг розилиги бу.

Бугун раҳбар ана шу каби ишларни бажара олсагина раҳбар бўлиши қуйи бўғин кадрларигача тушунтирилаяпти. Одамларни рози қилишдек халқчил сиёсат натижаси самара бераяпти. Бундай ишлар тизимли йўлга қўйилди ва назорати қатъийдир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаётганидек, уйма-уй юриб халқнинг аҳволидан хабардор бўлиш раҳбарнинг биринчи вазифаси. Раҳбарнинг обрўси ошади, одамлар таний бошлайди. Янада яқинроқ бўлади.Бу билан одамларни ўз турмушидаги ўзгаришлар моҳиятини англашга, ўз тақдири учун қайғуришга ўргатаяпмиз, шунга кўниктираяпмиз.Юрт истиқлолининг 30 йиллиги байрами шукуҳи  "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" ғояси асосида олиб борилаётгани маъно моҳияти ҳам шунда. Амалга оширилаётган мафкуравий ишларимиз негизида ана шу ғоя мужассам.

Мустақиллик энг аввало эркин яшаш, меҳнат қилишда, ризқи баракада. Самарқанд тумани вилоят туманлари орасида нисбатан катта ва иқтисодиёти ўсиб бораётган ҳудудлар сирасига киради. Йил бошида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари прогнози бўйича республика туманлари орасида ҳам ўрнимиз борлиги кўнгилга хушкайфият бағишлайди. Аммо бунга осонликча эришилмаяпти. Бунинг замирида машаққатли меҳнат ётибди. Чет эл инвесторлари, маҳалий тадбиркорлар ва ишбилармонлар меҳнати эвазига туман маҳаллий бюджети юксалаётгани азму шижоатли меҳнат туфайлидир. Қанча қўшма корхона ва инвесторлар жалб этилган корхоналарда сифатли, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти, хорижга экспорт қилинаяпти, бу кишиларимиздан миннатдор бўладиган ишлар. Мен ва ўринбосарларим доимо халқнинг фидойи ва фаол кишилари билан маслаҳатлашиб иш юритамиз. Катта корхона директорлар кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси  Шавкат Жалолов, вилоят Кенгаши депутатлари, туман кенгаши депутатлари билан доимий мулоқот ва алоқадамиз. Улар бизнинг таянчимиз, улар  Самарқанд тумани иқтисодиёти қон томирларини белгиловчи асосий омиллар саналади. Агар мен ва ҳокимлик мутасаддилари бир кунгина улар билан боғланмай қолсак, ишимизда кемтиклик пайдо бўлгандек бўлаверади. Шу боис улар фикри бизга доимо асқотади.

Самарқанд тумани атрофи боғ-роғлар, сув ва ариқлар, равон йўллар билан ўралган. Агар биз туманнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланиши, обод қишлоқлар, йўллар қурилишига, ободлик манзилларига назар ташлайдиган бўлсак, мустақиллик йиллари бошида туманга қарийб ўн  беш йил раҳбарлик қилиб мислсиз бунёдкорлик ишларини амалга оширган Раҳима Ҳакимова номини тилга оламиз. Опа туманга раҳбарлик қилиши баробарида халкнинг муносиб вакили - Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати ҳам бўлганлар. Вилоятнинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Пўлат Мажидович Абдураҳмонов билан биргаликда туманимизда Амир Темур боғларини яратишдек эзгу ишларга бош бўлганлар. Туман марказида аҳоли учун қулай дам олиш ва овқатланиш масканлари, иншоотлар қуриш ишлари олиб борилган. У кишидан кейин Баҳодир Саъдуллаев ҳам ўн йилдан ошиқроқ раҳбарлиги даврида атрофдаги боғлар тобора кенгайди, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилди ва бошқа ўнлаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бугун эса халқ севган ва ҳурмат қилган фидойи раҳбарлар ишини фидойи кишилар давом эттирмоқда.

Мустақиллик -тинчлик, барқарорлик дегани. Ривожланиш, юксалиш дегани.Бу олий неъмт болаларимиз иқболи, илм олиб учинчи Ренессанс пойдеворини яратиши, дегани. Юрт тинч ва осойишта бўлмаса инсонга ҳеч нарса татимайди.Ён қўшни давлатлар билан тинчлик тўғрисидаги муҳим қадамларимиз туфайли борди-келдимиз ҳавас қиларли даражада .Бу ришталарни маҳкам боғлаш борасида катта ишлар бажарилаяпти. Муҳтарам Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида олий минбардан туриб ўз тилимизда сўзлаган нутқини дунё аҳли тинглади. Миллатимиз тилида Ўзбекистонни дунё эътироф этди. Куни кеча эса 15-16 июль кунлари Тошкентда "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик.Таҳдидлар ва имкониятлар" мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.Йирик давлатлар раҳбарлари иштирок этди.Бу тинчлик, дўстлик дегани. Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни сақлашдаги роли кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро конференцияда Президентимиз тинчлик, барқарорлик, хавфсизликни таъминлаш, савдо-сотиқ ва бошқа минтақавий масалалар бўйича ўнлаб таклифларни илгари сурди.

Имкониятдан фойдаланиб, шуни таъкидлаш лозимки Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 24 окт­ябрь санасини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилади. Сайлов компанияси 23 июлдан бошланиши эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, туманимизда мазкур сайловга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, туманимиздаги 65 та сайлов участкалари учун барча қулай шароит ва жиҳозларга эга бинолар ажратилди. 162 мингдан зиёд сайловчилар рўйхати шакллантирилди. Шундан  3397-нафари илк маротаба сайловда қатнашади. Барча сайлов участкалари комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиблари бўлажак сайлов моҳияти, тартиб-қоидалари юзасидан ўқитилди. Ўйлайманки, олиб бораётган кенг қамровли амалий-ташкилий, тушунтириш-тарғибот ишларимиз  халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Халқимиз саодатли айём арафасида турибди. Мустақилликнинг 30 йиллиги байрами кунлари туманимиз маҳаллаларида, олис қишлоқларда янгидан қурилган мактаб, боғча, маданий-маиший объектлар, янги йўллар фойдаланишга топширилади. Одамларга қулай меҳнат ва яшаш шароитини яратиш борасидаги ишлар, таъкидлаганимдек, уларни рози қилиш, янгича яшаш ва меҳнат қилишга даъват этишдан иборат.Агар қалбан айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистонда яшаяпмиз, Янги Ўзбекистонни бунёд этаяпмиз."Миллий тикланишдан -миллий юксалиш сари" ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" ғоясини ўзида мужассам этган маънавий-маърифий ва тар­ғибот-ташвиқот тадбирлари дастури доирасида ишлар авжига чиқаётир.


Последнее редактирование: 05/08/2021 16:52;   Просмотров: 817
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку