Қишлоқ хўжалигида ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, соҳада рентабелли йўналишларни ривожлантириш бугунги кун давр талаби десак муболаға бўлмайди.
Бу борада юртимизда ҳам барча имконият ва имтиёзлар яратилган бўлиб, хусусан, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан худди шундай йўналишлардан узумчилик соҳасини ривожлантириш масалаларига қаратилган йиғилишда қатор топшириқлар берилди. Топшириқ ижроси бўйича энди токлар симбағиз (шпалер) эмас, водийча ишком (войиш) усулида парваришланиб, ҳосил етиштирилади, - дейди туман деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси З.Олимов. - Бу усулда ҳосилдорлик миқдори анча кўтарилиб маҳсулот сифати ҳам яхши бўлади. Муҳими, ишком токларга ишлов беришда, турли касалликлардан асрашда ҳам жуда қулай афзалликларга эга.
Дарҳақиқат, токларни войишга кўтариш, айниқса, хонадонларда экилган токларда юқори самара бермоқда. Узумчилик сердаромад соҳа, шунинг учун аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида 2021 йил кузида ва 2022 йил баҳор ойларида тумандаги 10 та маҳаллалардан 4 509 та хонадонларга 90 173 туп ток кўчатлари айнан шу усулда экилиши режалаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, бугун туманимиздаги узумчилик билан шуғулланаётган аксарият фермер хўжаликларида аллақачон водийча усул жорий этилган. Биз "Бобур агро инновация" фермер хўжалигида бўлганимизда бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. - Боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчилик йўналишидаги фермер хўжалигимизда жами 11,1 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 4,5 гекторига ишкомли токзорлар барпо этганмиз, - дейди фермер хўжалиги раиси, ёш тажрибали деҳқон Бобуржон Ҳайдаров. - Ушбу усулда экилган токзорларда узум навларига қараб ҳосилдорлик жуда юқори бўлади. Масалан, кишмишбоб (оқ кишмиш, қора кишмиш, суғдиёна) навларидан то 300 центнергача, хўроки (Ҳусайни, Ризомат, Тойфи) ва саноатбоб навларидан эса то 600 центнергача ҳосил етиштириш мумкин. Энг мақбул қулайликлари эса бунда кам харажат, кам меҳнат сарфлаб, кўп даромад қилишликдир.
Тошпўлод ЮСУПОВ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА.
Б.ҚОДИРОВ, сурат муаллифи.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.