Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ

Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Айниқса, сўнгги 5 йилда ўқитувчининг шарафли ва масъулиятли касбини эъзозлаш, улар меҳнатини қадрлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Келинг, даставвал устоз сўзининг маъносини англаб олсак. "Устоз" - форсча сўз бўлиб, муаллим, ўргатувчи, уста маъноларини англатади. Устоз бу: 1. Касб, ҳунар, илм ўргатувчи, ўқитувчи; 2. Йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи мураббий, раҳнамо. Устозлик мақоми - ўз касб-ҳунари бобида кўп йўлни босиб ўтган, кўп китобни ўқиб ўрганган, кўп комил ва фозил инсонларни кўрган, одамийлик одобини эгаллаган кишига нисбатан айтилади. Зар қадрига заргар етади, деган нақл бор. Албатта устозни қадрлаш бахти илм-фан ва касбга қобилияти бор иқтидорли ёш шогирд ва ўқувчига хосдир. Кундалик турмушимизда бу ҳолатга кўп гувоҳ бўламиз. Яхши бир даврада, кўча-кўйда ёки тўй-хашамда кимдир "Устоз, ассалому алайкум!" деб бирор кишига мулозамат қилса ёки телефонда мулоқотда бўлса, албатта юзингизга қувонч югуради. У кишиларга нисбатан ҳурматингиз ошади. Чунки улардан бири - шогирд, инсон қадри, касб ва билим қийматини биладиган экан дейсиз, иккинчиси - устоз, мулозаматга лойиқ киши, албатта юзидан нур ёғилаётган камтар инсонни кўрасиз... Ҳаётимиз ойнаси ёки умр дафтарига назар солсак, устозлик даражаси ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди, бу дегани бир давр яшаб ёки ишлаб ўтган одам ўз ўзидан устоз бўлиб қолмайди. Ҳунар ёки билим бериш билан бирга ўргатувчи-устоз ёки мураббий ҳаётий тажрибага эга, ривояту ҳикоятлардан бохабар, шогирдига ҳунар тешасини ушлатиб, унинг қалбига ҳалол меҳнат оловида илиқлик бера оладиган киши бўлмоғи лозим. Шогирд ҳам кўзи билан кўриб, ҳам қулоғи билан эшитиб, устоздан сабоқ олиши шарт. Фикримизни мустаҳкамлаш мақсадида, қуйида устозлар ҳақидаги ибратли ривоятлардан ҳавола қилмоқчимиз. Биринчи ривоят. Қадим замонда бир сангтарош уста шогирдининг кафтига ноёб тош бўлагини солиб қўйибди ва: "...бу тошни кафтингда сақла, туширма, йўқотиб қўйма, бир йил сақлайсан..."; - деб тайинлабди. Шогирд кафтини очмай юрибди, ишни бир қўли билан қилибди. Тош тушиб кетмаслиги учун кечаларни яримуйқу, ярим бедор ўтказибди... Ва ниҳоят бир йил ўтибди. Шогирд устани олдига келиб, тошни кафтидан туширмай юрганини айтиб кафтини очибди. Тош шогирднинг кафтига кандай қўйилган бўлса, шундай ҳолатда сақланган эди. Уста мийиғида кулиб, унинг иродаси ва чидамига лойиқ тарзда "Балли, барака топ!", - деб мақтабди. Шогирд эса устозининг синовидан ўтиб, ишончини қозонганидан шодланибди. Бирдан устоз шогирдига яна бир тошни ҳовучида сақлашни буюрибди. Бунда шогирднинг азойи бадани қизибди, юзлари қизарибди. Лекин устозининг хоҳишига қарши боролмабди. Бу сафар уста каттароқ бир тошни унинг кафтига солибди. Гуёки бу тош қимматбаҳо эканлигини айтиб, уни ҳам йўқотмасдан бир йил сақлашни тайинлабди. Шогирд устозга қуллуқ қилибди. Кета туриб шогирд кафтидаги тошни маҳкам қисибди, бунда у билибдики, бу сафар устоз берган тош оддий тош бўлаги экан. Шунда шогирд: "Устоз, бу тош оддий, қимматбаҳо эмас", - дебди. Бундан устоз билибдики, шогирди тошларни қўлига олгандаёқ, тури ва қийматини ажратиш илмини олган эди. Бундан қувонган устоз шогирдига Аллоҳдан касб-корига барака сўраб, дуо қилибди. Иккинчи ривоят. Устоз синамоқ учун шогирд йигитга оғзи берк идиш берибдида, бировнинг омонати деб, қўшни юртда яшайдиган бир кишига бериб келишни тайинлаб карвонга қўшиб жўнатибди. Бола карвон билан узоқ юрибди. Манзил яқинида карвондан тушиб қолибди. Йигит дашту биёбонда бир ўзи борарди. Бирдан унинг нафси тўзиб, идишни очиб омонат деб берилган нарсани кўргиси келибди. Устозининг "бировнинг омонатига хиёнат қилманглар", - деган ўгити қулоғида бўлса ҳам, нафси устунлик қилибди. Кимсасиз жойда тўхтабди ва идишни очибди. Идишда қимматбаҳо нарса ёки бирор егуликни тополмабди. Бундан ҳайрон бўлиб турганда, идишдан бир сичқон чиқиб кетибди. Шогирд қанча қувламасин, сичқонни тута олмабди. Бу не кўргулик бўлди, деб афсусланибди. Бу воқеадан хабар топган устоз, нобоп шогирдга дашном берибди ва шогирдлар орасидан четлатибди. Қиссадан ҳисса шуки, бу ерда бирор изоҳга ўрин йўқ. Хулоса ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Устоз деганда, кўнглимиздан юксак ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ инсон тушунилади. Чунки, биз ўқитувчи қўлида савод чиқарганмиз, мураббийдан касб ўрганганмиз, устоздан таълим олганмиз. Бугун ўзимиз ҳам шу йўлда фаолият юритияпмиз, касбимиз билан Ватан ва эл-юрт корига ярайдиган ёшларни тарбиялаш ишига хисса қўшаяпмиз. Шогирдларнинг бахт-саодати ва эл-юрт олдидаги обрўсини кўриш устозларнинг ҳам улуғ қувончидир. Тўхтамурод АБДУРАШИДОВ, 36-умумий ўрта таълим мактаби директори. Ирода ОРИФЖОНОВА, мактабнинг ижодий-маданий ишлар тарғиботчиси.

Дата добавления: 29/09/2021 12:16;   Просмотров: 1117
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку