Миллий тил миллатнинг энг катта бойлиги ва ифтихоридир. У миллатнинг энг эзгу фикр ва ниятларини намоён этиш воситасидир. Тил-инсон онгининг намоён бўлишидир. Миллий тил миллат онгининг, инсон дилининг ифодаси ва намоён бўлишидир. Миллат ўз тилини ўз фарзандидек, ватанидек иккиланмасдан, шубҳаланмасдан ҳимоя қилади. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг "Давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим". деган сўзларида чуқур маъно бор. Дунёга келган гўдак ҳали ўзининг ким эканлигини англамайди. У "ўзбекман" дейиши учун биринчи навбатда ўзбек тилини билиши лозим. Ўз миллий тилини билиш-ўз миллатига ҳурматнинг намойишидир.
Таълим-тарбия бериш жараёнида она тилининг урни беқиёсдир. Бу, албатта, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бир неча асрлар олдин ҳам тилларни ўрганишга қизиқиш баланд бўлган. Ўзбек қомусий олимларидан "Шарқ Арастуси" номи билан машҳур Абу Наср Форобий ўзбек, араб, форс тиллари билан бирга айрим маълумотларга кўра 70 дан ортиқ тилни билганлар. Абу Райҳон Беруний ўзбек, араб, форс, яҳудий, грек, қадимий Санскрит тилларини билган. "Сайдана" асарида доривор моддаларнинг номини 30 тилда ёзиб чиққан. Тилларни ўрганиш ҳақидаги фикрларни А.Навоий, Бобур, Фурқат, Аваз Ўтар каби шоирларимиз ижодида ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан, Аваз Ўтарнинг "Тил" шеъри қуйидаги мисралар билан бошланади.
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгани, ёшлар,
Ким илм-у ҳунарлар билонки ондин аёндур. ...
Шоир бу шеърида хорижий тилни ўрганишга даъват қилган, чунки у билан илм эгалланади. Хорижий тилни ўрганиш масаласи ҳеч ҳам эскирмайди. ХХ асрда Маҳмудхожа Беҳбудий шу масалага жиддий ёндашиш зарурлигини таъкидлади. ХХ аср охири ХХ аср бошларида Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак урин тутган сиймолардан бири - Маҳмудхужа Беҳбудий буюк миллатпарвар ва ватанпарвар сифатида узбек маърифатпарварларининг олдинги сафларида булиб, у ўз маслакдошлари сингари миллатнинг сиёсий онги ва тафаккурини ўстиришнинг асосий йўллари сифатида янги усулдаги мактаблар очиш ва бу мактаблар учун дарсликлар яратиш, матбуотни йўлга қўйиш ва шу орқали ўзбек миллий тилини шакллантириш, адабий тил меъёрларини яратишдек энг муҳим ишларга улкан ҳисса қўшди. Бу буюк миллатпарварнинг илмий соҳада қилган ишлари таҳсинга лойиқ бўлиб, уни илмий асосда тадқиқ этиш тилшунослигимиз олдида турган вазифалар сирасига киради.
Айрим дарслик ҳамда тилшуносликка доир мақолаларида кўтарилган масалалар унинг зукко тилшунос бўлганини тўла исботлайди. Маҳмудхожа Беҳбудий тилшунос сифатида "Икки эмас, тўрт тил лозим", "Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар", "Тил масаласи", "Сарт сузи мажҳулдир", "Сарт сўзи маълум бўлмади" сингари мақолалар яратди. Бу мақолларида ўз даврининг муҳим масалалари хусусида фикр юритишга ҳаракат қилди. Алломанинг "Икки эмас, тўрт тил лозим" мақоласи 1914-йилда ёзилган бўлиб, ўзи ташкил этган "Ойна" журналининг 1-сонида чоп этилган. Мақола номидан кўриниб турибдики, муаллиф кўп тилни билиш ҳар бир туркистонлик учун шартлиги ва шу орқали дунёга чиқиш мумкинлигини уқтиришга ҳаракат қилади. Беҳбудий ҳар бир миллат ўзбек тилидан ташқари, форс-тожик, араб, рус ва ҳатто Европа тилларидан бирини билиши кераклигини таъкидлайди.
Маҳмудхожа Беҳбудий айтадики, Туркистон ўлкасида жуда қадимдаёқ уч тил амал қилган. Ушбу тилларнинг бир-бирига таъсири мактаб ва мадраса асарларида ҳам кўринади. Шу боисдан, Маҳмудхожа Беҳбудий бу ҳолатга ачиниб, уни ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида ёзади.
Шу мақолада Туркистон шаҳар ва қишлоқларида яшовчи аҳолининг тили қайси тил эканлиги хусусида ҳам диққатга молик фикрлар юритилган. Олимнинг кўрсатишича, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида форсча сузлайдиган шаҳар ва қишлоқлар бор. Бухоро шаҳри аҳолисининг тили ҳам форсчадир. Маълумки, турк-форс икки тиллилиги тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Бу хусусда мақолада қуйидагича фикрлар баён этилади: "Бизга саодатдурки, туркий ва форсийни таҳсилсиз билурмиз. Ҳар туркни форсий ва ҳар форсни туркий билмоги лозимдур". Бундан ташқари, мақолада рус ва фаранг тилларини ҳам билиш кераклиги ҳақида эътиборга лойиқ фикрлар айтган. Мақолада бу хусусда қуйидагиларни ўқиймиз: "Фаранг ва рус донишмандларининг асарларидан фойдаланмоқ туркий ё русий ва фарангий билмак ила мумкин бўлур...". Хорижий тилларни билишни Маҳмудхожа Беҳбудий сиёсий масала даражасига қуяди.
Дунёда кўп тилларни ўрганганлар талайгина. Машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой 15 тилни билган, ўзининг ёзишича, "тил ўрганишни 4-5 ёшидан бошлаган". Бу қаторга қуйидагиларни ҳам киритишимиз мумкин. Италиялик кардинал Жузеппе Метсофант 37 тилни, физик олим Никола Тесла 9 тилни, немис олими, Емил Кребс 60 та тилни, 90 ёшида 17 та тилни ўрганган Като Ломб, тилшунос Дмитрий Петров 30 та тилни ўрганган.
Инсонда илм ўрганишга хоҳиш бўлса, барча чўққиларни эгаллайди. 5 тилни билган полиглот ўзбек қизи ҳақидаги хабарни ўқиб ўзим хурсанд бўлдим. Андижон вилояти Булоқбоши туманида туғилган Нозима Зокирова ўзи ҳақида шундай дейди: "Илмий тадқиқотлар ҳам шуни исботлаган - агар киши 2 тилни яхши ўрганиб олса, 3-тилни ўзлаштириш осон кечади. Менда ҳам шундай бўлди. Турк тилини ўрганишда қарийб қийинчилик сезмадим. Қолаверса, турк дўстларим кўп бўлгани сабаб борган сари бу гўзал тилга қизиқишим ортди. Мустақил равишда китоблар, шеърлар, блог-постлар ўқий бошладим. Ўқишни тугатар чоғим инглиз, япон, турк тилларини мукаммал билиш даражасига етдим. Ҳозир араб тилини ўрганмоқдаман. "Мактаб битирувчиларимиз ўзбек тилини билиши билан бирга рус, инглиз ва бошқа хорижий тилларини билиши уларни келажакда муваффақиятга эришишига ёрдам беради.
10 мингга яқин мактабларимизда минглаб рус ва инглиз тили ўқитувчилари фаолият олиб боришади, лекин жойларда улар билан суҳбатлар давомида уларнинг тилни билиш бўйича малакасини ошириш муҳимлигига кўп маротаба амин бўлганман. Суҳбатлар давомида машҳур кинофилмдаги "шестнитса деса ҳам бўлади, суббота деса ҳам бўлади" деган эпизод, афсуски, кўп маротаба эсимга тушган. Қандай қилиб ўзи чет тилини билмаган ўқитувчи ўқувчига ушбу тилни сифатли ўргатиши мумкин, энди ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактабларда рус тилини ўқитишни яхшилаш мақсадида Россия Федератциясининг Маориф вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Унга кўра Россиялик педагоглар Ўзбекистонга келиб ҳудудий малака ошириш марказларида рус тили ўқитувчиларимизнинг малака оширишларига ҳамда ўзбек тилида дарс ўтилаётган мактабларда рус тилини ўргатишни яхшилашга ёрдам берадилар. Бу эса ушбу мактаблардаги рус тили ўқитувчиларимиз учун ҳам жуда катта фойда бўлади.
Самарқанд шаҳри ва вилоят марказларида рус тилида дарс ўтиладиган мактабларга ота-оналар томонидан талаб жуда юқори. Кўпчилик ота-оналар уйда рус тилида сўзлашмасликлари сабабли болалари ўқишда қийналса ҳам рус тилидаги мактабга беришга ҳаракат қиладилар. Бунга асосий сабаблардан бири, мен билмасам ҳам болам жуда бўлмаса рус тилини ўрганиб чиқсин дейди. Аслида эса бундай ўқувчилар мактабда бошқа фанларни ўзи билмайдиган тилда ўзлаштиришга қийналадилар. Асосий мақсадимиз битирувчиларимиз дунё бозорида рақобатбардош бўлишига эришиш. Бунинг учун эса, албатта, жаҳонда кенг фойдаланиладиган, жумладан қўшни давлатлар билан муомала учун керак бўлган чет тилларини сифатли ўргатиш зарур.
Ҳар бир ўзбек тилидан ташқари, форс-тожик, араб, рус, инглиз каби тилларни ўрганиш орқали миллат, юртга фойда келтиришига ишонаман. М.Беҳбудийнинг ниятларини амалга оширадиган ўзбек ёшлари сафлари кенгайсин.
Л. ҲОЖИҚУРБОНОВА,
туман 9-умумтаълим мактаби
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.