Тарвуз — инсон организми учун энг фойдали маҳсулотлардан бири. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида тамадди учун ушбу резавордан бошқа фойдали ва енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотни топиш мушкул.
Бироқ тарвуз етарли даражада пишмаган ёки уни етиштиришда кимёвий ўғитлардан кўп фойдаланилган бўлса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши турган гап.
Хўш, дориланган тарвуз нимаси билан хавфли? Ундан заҳарланмаслик учун нималарга эътибор қаратиш лозим?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг шу каби саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати санитария-гигиена бошқармаси бошлиғи А.Шукуровга мурожаат қилди.
— Жазирама ёз фаслини тарвузсиз тасаввур этиб бўлмайди, — дейди мутахассис. — Таркиби 92 фоиз сувдан иборат ушбу маҳсулот калий ва магнийга бой. Шу сабабли у асаб тизими ва мия фаолиятига ижобий таъсир этади.
Тарвузнинг антиоксидантлик хусусияти юқори бўлиб, таркибидаги А, В дармондорилари ва картоноид яллиғланиш ва эрта қаришга тўсқинлик қилади.
Айниқса, тарвуз онкологик ва юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олиш, ҳазм фаолиятини яхшилаш ва моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатиши билан янада фойдали.
Бироқ бу жараёнда эҳтиёткорликни унутмаслик, айниқса, тарвуз сотиб олаётган пайт унинг бус-бутунлигига, чиримаганига ва кимёвий ўғитлар билан меъёрдан ортиқ тўйинтирилмаганига эътибор қаратиш керак.
Сабаби бугунги кунда аксарият деҳқонлар ушбу маҳсулотни тезроқ етиштириш мақсадида азотдан кўп фойдаланмоқда. Бу эса тарвуздан заҳарланишга сабаб бўляпти.
Шу боис мазкур нохуш ҳолатдан ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилиш учун айрим жиҳатларга эътибор қаратиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Хусусан, тарвуз харид қилаётганда, энг аввало, сотувчидан маҳсулот манбаи, унинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи тегишли рухсатномани талаб қилиши лозим. Шу билан бирга, маҳсулотнинг бузилмаганига ишонч ҳосил қилиш зарур.
Негаки, ушбу резаворнинг қизил мағзида микроблар жуда тез тарқалади. Табиий пишган тарвуз чертиб кўрилганда жарангдор овоз чиқиб, унинг пўстини осонгина тирнаш мумкин. Агар маҳсулотнинг банди қуриган бўлса, бу унинг яхши пишганидан далолат.
Тарвуз ҳолатининг яна бир муҳим кўрсаткичи қизил қисмидаги томирлар рангидир. Агар улар сариқ ёки бинафша тусда бўлса, бундай маҳсулотдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки у тўлиқ пишмаган ёки нитратнинг таъсири бўлиши мумкин.
Қолаверса, тарвуз устидаги чизиқлар аниқ ва бир-бири билан аралашиб кетмаган бўлиши керак. Хиралашган чизиқлар унинг нитрат билан тўйинганидан далолат.
Шунингдек, табиий пишган тарвуз сувга солинганда унинг устига қалқиб чиқади. Азотли ўғит билан тўйингани эса аксинча сув остига чўкади. Агар бўлакланганда қийшиқ эмас, тўғри кесилса, бу ҳолат ҳам унинг кимёвий моддаларга тўйинганлигининг белгисидир.
Таркибида нитрат моддаси меъёрдан ортиқ бўлган тарвуз истеъмол қилинганда, унинг нохуш белгилари 4-6 соатдан кейин пайдо бўлади.
Хусусан, кўнгил айниши, қусиш, диарея, қорин ва бош оғриғи, 38-39 даражагача иситма кўтарилиши, юрак уришининг секинлашиши ҳамда қўл-оёқларнинг совуқ қотиши каби аломатлар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Чунки бу — тарвуздан заҳарланиш белгилари бўлиши мумкин.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.