Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАН ВА ТАФАККУР СОҒЛОМ БЎЛСА

Бунёдкор ва бағрикенг халқимиз маданияти, маънавияти, комил турмуш тарзига мансуб миллий қадриятлардан бири бу ёшу кекса ҳар бир шахснинг тан ва тафаккур соғломлигига жиддий эътибор беришидир. Фикримизнинг исботи сифатида асрлар давомида халқимиз онгида шаклланиб келган, донишмандлик барқ уриб турган ҳикматомуз мақоллардан "Саломатлик-туман бойлик", "Соғ танда-соғлом ақл", "Сиҳат тиласанг кам  иззат тиласанг-кам де", "Табиб табиб эмас, дард чеккан табиб", "Танаси бошқа дард билмас", "Юртинг омон бўлса-рангу рўйинг сомон бўлмас" ва бошқаларни таъкидлаш ўринлидир.  Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида "Ҳар бир фуқаромиз  соғ­лиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирилган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор  ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарур.

Халқимизнинг ўзи шуни илтимос қилмоқда", деб таъкидлаганини унутганимиз йўқ. Дарҳақиқат, мамлакатда аҳоли соғлиғини сақлаш ва яхшилашни таъминлайдиган самарали соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланаётир. Юртимизда миллий тиббий таълимни модернизациялаш, мазкур соҳага халқаро таълим стандартлари ва илғор ахборот-коммуникация тахнологияларини татбиқ этиш, аҳоли соғлиғини сақлашнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий тадқиқотларни ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, одамларда бебаҳо бойлик бўлган ўз соғлиғини сақлашга тўғри ва масъулиятли муносабатда бўлиш, соғлом турмуш турзи, ўз ҳаёт фаолиятини оқилона ташкил этиш, саломатлик учун зарарли ва хатарли одатлардан воз кечиш, жисмонан ва руҳий жиҳатдан уйғун камол топишга йўналтирилган ҳаётий фалсафани  шакллантириш, аҳолининг гигиена соҳасидаги маълумоти ва маданиятини ошириш, ёш авлод онгига санитария ва шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш зарурлигини сингдириш борасида ота-она ва педагогларнинг ролини кучайтириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш мавсумий ва расмият учун эмас, балки доимий дастуриламал бўлиб қолишини бугунги ҳаённинг ўзи тақозо этмоқда. Шарқнинг буюк мутафаккирлари Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Закариё Розий, Алишер Навоий, Абдулла Авлоний, Аҳмад Дониш ва бошқаларнинг бу соҳага оид бебаҳо илмий, адабий меросидан кенг фойдаланиш айни муддаодир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг қўйидаги фикрлари диққатга сазовордир: "Ҳозиқ табиб Исои Масеҳ кабидир, ёмон табиб эса, жаллодан баттар, чунки жаллод айбингни бўйингга қўйиб, жонингни олади, ёмон табиб нотўғри даволаб жонингни олади"! Ёки Абдулла Авлонийнинг "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ" номли асарида ёш авлод тиббий маданияти ва маънавиятини юксалтиришга қаратилган педагогик қарашлар маънавий-маърифий ишларимизга қўл келади. Муҳтарам ота-оналар устоз ва мураббийларимизга таълим-тарбия жараёнида "Оз-оз ўрганиб доно бўлур", "Донишмандлар бисотидан ҳикоятлар, ўгитлар, ҳикматлар", "Абу Али Ибн Сино шеърлар ва тиббий достон" (Тузувчи А.Ирисов), "Саломатлик сандиғи" каби ажойиб қўлланмалардан фойдаланишни тавсия қиламиз. Таъкидлаш жойизки соғлиққа бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига  кўтарилган экан, биз ҳар биримиз ўз соғлиғимизга беэътибор бўлмаслигимиз лозим. Фарзандларимизни спорт билан шуғуллантириш, тўғри овқатлантириш ҳам эл-юртимиз келажаги манфаатига хизмат қилади. Ҳар бир инсонда тан ва тафакурнинг соғлом, уйғун нуқсонсиз камол топиши онгли ҳаёт қонуниятлари, миллий қадриятлар ва табиат мусаффолиги билан узвий боғлиқдир. Бешикдан қабргача, таваллуддан ўлимгача бўлган макон ва замонда ҳар бир шахс тиббиёт билан бевосита алоқада ҳаёт кечиради. "Оқ халатли" мўнису меҳрубон табобат аҳлининг ижтимоий-маърифий хизмати, масъулияти, мавқеи пандемия даврида яққол кўзга ташланамоқда. Бемор кишиларнинг умидли нигоҳлари ана шу жонкуяр инсонлар, ҳаётбахш муассасалар ҳамдард, ҳамнафас кўнгиллардан баҳра олсин, даво топсин, порсалин.

Нормурод КАРИМОВ


Дата добавления: 02/12/2020 10:46;   Просмотров: 5669
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку