Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Шу ҳафта Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун навбатдаги брифингни ўтказди.

Анъанага мувофиқ, тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот берилди.

Хусусан, Президентимиз 15 август куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали сўзлашди. 16 август куни давлатимиз раҳбари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам мулоқот қилди.

Энди ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеаси, кенг жамоатчилик, халқимиз томонидан ўта кўтаринки руҳда кутиб олинган воқеа – Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистони Подшоҳлигига давлат ташрифи бўлди.

Шунингдек, ўтган ҳафта юртимиз спорти яна бир муваффақиятга эришди. Туркиянинг Кўнё шаҳрида ўтказилган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинларида миллий терма жамоамиз аъзолари 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Давлатимиз раҳбари ушбу мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларига табрик йўллади, шунингдек, улар бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди.

Шерзод Асадов бу ҳафтада кутилаётган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берар экан, бошланган ҳафтада Президент иш жадваллари жуда тиғиз эканини таъкидлади.

Бугун – 22 августда давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади. Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Конгресси аъзолари Трент Келли ва Дэрин Лахудни қабул қилиш режалаштирилган.

Ҳафта давомида ҳудудларда амалга оширилаётган қурилиш ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш мақсадида Президентимизнинг Самарқанд вилоятига бориши кутилмоқда.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ҳафта давомида мамлакатимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожига бағишланган бир қатор йиғилишларни ўтказади.

Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА


Дата добавления: 22/08/2022 11:32;   Просмотров: 7244
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку