Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАМОЛ БЎЛМАСА, ДАРАХТНИНГ УЧИ ҚИМИРЛАМАЙДИ ёхуд Қуён билан Тулкининг суҳбати

Туманимизнинг эски маркази кўҳна даҳа, бу ерда ўнлаб обод маҳаллалар, қўп қаватли уйлар, кўплаб маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қатори ўнтадан ошиқ боғча ҳам бор. Янги замоннинг одамлари боламни боғчага берайин, тили бурро, билимли ва мустақил бўлади, дейишади. Тўғри ўйлашади улар. Аммо, боғчаларнинг ҳаммаси ҳам рисоладагидек фаолият юритаяпти, деб бўлмайди. Мудирлар орасида тулкилари, қуёнлари ҳам бор-да...

Туманимизнинг эски маркази кўҳна даҳа, бу ерда ўнлаб обод маҳаллалар, қўп қаватли уйлар, кўплаб маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қатори ўнтадан ошиқ боғча ҳам бор. Янги замоннинг одамлари боламни боғчага берайин, тили бурро, билимли ва мустақил бўлади, дейишади. Тўғри ўйлашади улар. Аммо, боғчаларнинг ҳаммаси ҳам рисоладагидек фаолият юритаяпти, деб бўлмайди. Мудирлар орасида тулкилари, қуёнлари ҳам бор-да...

Қуён: - Бугун негадир безовтасиз опа, бошингизни боғлаб олибсиз...

Тулки: - Кўзим учиб кипригим пирпираса ҳам сезасан-а, қуёнвой, бекорга сени ўн беш йилдан бери ўзимга боғбон-қоровул қилиб олиб юрмаганман-да, дардимни сенга айтмасам кимга айтаман.

Қуён: - Опа, аччиқ чой обкелдим. Сутли кофе ҳам келтираман. Ичиб олинг, бошингиз оғриғи камаяди.

Тулки: - Ўтир, гапимни қулоғингга қуйиб ол. Боғчанинг дарвозаси олдига қанақа машина келди, комиссиями бошқами қўз-қулоқ бўлгин. Онг...да қолмайлик. Кечаги ҳафтада келган комиссия текширув мониторингини эълон қилди - кўпнинг олдида, туманимизда катта-кичик боғчалар олтмиштадан кўп, шунча мудирни олдида мени турғазиб роса изза қилди."Кўп йиллик тажриба, маҳоратингиз бор опа, сизнинг боғчангиз  болалар билими -рейтинги бўйича ҳам, тарбиячилар билим даражаси бўйича ҳам энг паст кўрсаткич олган. Янгича ишлаш, янгича фикрлаш, иш услуби эскилиги...яна нима балолар деб роса гапирди комиссия аъзоси йиғилишда. Шунга пича бошим оғриб турибди, давление кўтарилганми...

Қуён: - Яхши иш бўмабди-да, опа. Анаву поччамни, кичкина куёвингизни айтмадингизми? Амалдор, амали катта-ку!

Тулки: - ее, у замонлар ўтиб бўлди! Менга ўхшаган эри ички ишларда, органда, налогда ишлайдиган нечта боғча мудири бор туманда. Ёки сен айтгандек ўғли "катта идора"да,  эрчаси "облташкилотда", яна битталари налогнинг зами... деган гаплар энди йўқ. Илгари эди, муштдек аёлча 25 ёшда боғча мудири бўлиб, "ёғли иш"га "ўтириб" оларди. "Спарк" ҳайдаб боғчадан - гўдаклар ризқини уйига таширди. Завхоз, катта ошпаз, медсестра уччови  куни бўйи байрам, болалар ризқидан қийиб алоҳида таом тайёрлаб "ўтириш" қиларди. Ҳозир қайда дейсан? Миянг бўлсин, билиминг бўлсин, икки-учта тилни, экономикани бил, ўн саккиз соат ишла, кейин раҳбар бўл! Иннанкейин,  ҳа, ўнтача шогирдим - боғча мудирлари олдида ер ёрилмадию ерга кириб кетмадим. Катта гуруҳ болаларини мактабга тайёрлов даражаси паст, тарбиячининг билим даражаси бугунги кун талабига жавоб бермайди,  деди. Жуда кўп тарбиячиларнинг дунёқараши ҳам ҳаминқадар. Ўзингизни миянгизни алмаштириш керак, дейишди. - Янгича фикрлай олмайсиз, рус тилида яхши гапиролмайсиз, давлатимиз талаб қилаётган мактабгача таълим тизими лойиҳа ва дастурлари,  режаларини билмайсиз. Бу кўрсаткичлар боғча биноси ичида ёритилган бўлиши керак. Ўзингиз нормадан ортиқ семизсиз, тарбиячилар орасида ҳам семизлари кўп. Спорт ва гимнастика машғулотларини ўзингиздан бошлаш керак дейишди. Тестдан ўтган ёш кадрларни боғчангиз(?)га  юборамиз...дейишди.

Қуён: - Опа, манаву...ҳовли, боғ, гулу гулзор ободлик, ҳақида гапирмадими? Йўлакларга сув сепилган, атиргуллар очилиб турибди, райҳон бўйи анқияпти, зўр демадими, а?

Тулки: - Ҳе, мен не дейману қўбизим не дейди? Ўзингди ишинг беш, бунга гап йўқ!  Раҳмат! Бошим оғриганининг яна бир сабаби,  вилоят ташкилотимизга янги раҳбар келибди. Бюджет маблағлари сарфини текшираяпти. Боғчамиз давлат боғчаси, аммо давлат томонидан берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари қаторига ўзимизнинг шартномамиз асосида  фермерлар келтираётган сут ва сутли маҳсулотлар, картошка, карам, пиёз...бариси кирим қилинмаган-да.

Қуён: - Қизингизнинг фотиҳа тўйи учун ишлатилган бир қоп картошка, бир қоп пиёз ва 25 кг гуруч,  яна бошқа майда-чуйдаларни завхоз иккимиз тўғрилаб, ҳужжат қилиб қўйибмиз.Тарбиячилардан йиғиб олинган (тўёнага деб) пулни ҳам сабаби ёзилган.14 кунлик санаторийга бориб келганингизни касал бўлган, деб ҳужжатлаштирилган.

Тулки: - Ишқилиб, чуви чиқмасинда. Йигирма олти йиллик обрўйим нима бўлади, қуёнвой. Ҳа анаву тўртта онадан "Болангизни биринчи числодан боғчага оламан" деб ваъда берганим, бозоркўмнинг қизини ишга оламан деб "олиб чўнтакка солганларим" нима бўлади?

Қуён: - Кошелогингиздагидан "подарка", деб  озгина узатмадингизми? Ахир "еган оғиз уялар".

Тулки: - Бе, ҳозирги комиссия деганингни оғзидан коррупция деган сўз тушмайди. "Узатиб"  бўлармиди? Иннанкейин, манаву Зағизғон бор-у, ўрта гуруҳ тарбиячиси, инглиз, рус тилларини жуда яхши билади, билими зўр, ўша Зағизғон билан гаплашибди, уни ишини роса мақтади. Қизилиштон эса унданам зўр экан, уни спортчи, гимнастикачи, мусобақалар ғолиби деди.Зуҳрани эса, кичик гуруҳлар тарбиячилари орасида туманимизда биринчиси, энг намуналиси, деб ибрат қилди. Мени изза қилгани бир бўлдию, учта тарбиячимни мақтагани бир  бўлди.

Қуён: - Анаву, Патилахон мудир-чи, у нима бўлди. Шундоқ биздан уч юз метрдаги боғча мудири, бир-бирингизни кўришга кўзингиз, отишга...

Тулки: - Уми, таннозхон, гўзал ва кўркам. Нози карашмаси бор-да, ёш. Ўзию кўзию юришлари  кимга ёқмайди,  дейсан? Унинг боғчаси зўр, бир гап демади. Йигирма етти ёшли боғча мудири деб, яхши томонларини гапирди.

Қуён: - Бениҳоятда гўзал ва ораста аёл, 27 ёшда. Эри эса терговчи. Ҳа, суюнчиғи-да,  тер-гов-чи-чи!

Тулки: - Энди...умидимни узганим йўғ-у  Дарғом ариқ бўйида қураётган хусусий боғчамизга бор ҳаракатни бошлашим керак. Маҳалла-кўй, одамлар мени фалончи мудир, деб ҳурматлашади. Обрўйимни йўқотиб қўйишдан қўрқаман, қуёнвой!

Шу пайт мудир хонасининг эшиги очилиб иккита тарбиячи қиз кириб келди.

Зағизғон: - Ҳамма гапларингизни эшитдим, опа. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Энди эскича ишлаб бўлмайди. Янги Ўзбекистон одамлари, ёшлари янгича фикр, янгича шаш завқи билан бандлар. Ёшингиз элликдан ошди, ўрнингизни ёшларга беринг, 120 нафар боланинг келажаги учун ишлайлик. Менинг янги ғояларим, лойиҳаларимни менсимадингиз. Менинг гуруҳим ва тарбиячилик фаолиятим юқори баҳоланди, вилоят боғчалар бошқармасига методист бўлиб ишга ўтаяпман, яна битта давлат хусусий шекриклигидаги боғчага мудир қилиб тайинлашди.

Тулки: - Ўрнимни сенга бермоқни режа қилиб турувдик.

Қуён: - Қизилиштон, ҳей узр, спортчи Маҳлиёхон, сизни ҳам табриклайман.Туманимиздаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ўринбосари бўлиб ишга ўтибсиз.Бизга эса ўн нафар янги, ёш кадр келаяпти экан. Биз ҳам миямизни янгилаймиз.

Қизилиштон:- Қизилиштон денг-а, спортсмен денг-а, хуфёна ишларингиз, хуфёна суҳбат оқибати... Бутун боғча аҳли, ҳатто болалар ҳам сизларни Қуён билан Тулки эканликларингизни жуда яхши билишарди...

Суҳбатни Зағизғон ҚУШ САЙРОҚИЙ оққа кўчирди.

Таҳририятдан: Азиз муштарийлар, юртимизда очиқлик принципи кенг кўламда давом этаяпти. Ҳаётимиздаги бор нарсалар очиқчасига гапирилаяпти. Тўғрилик, ҳалоллик деб яшаяпмиз, меҳнат қилаяпмиз. Маҳалла-кўйда, атрофингизда коррупцион ҳолатлар рўй бераётганини сезсангиз, газетамизга ёзиб юборинг, қўнғироқ қилинг. Ҳали бери негатив ҳолатлар йўқолмайди, у ерда бу ерда бўй кўрсатиб тураверади. Ўтган йил туманимиздаги боғчалардан бирида мудир билан бухгалтернинг бюджет маблағларини талон-торож қилгани, яқингинада бир фермернинг ер сотиб, коррупцион ҳолатга йўл қўйгани ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак.


Последнее редактирование: 05/08/2021 15:16;   Просмотров: 884
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку